Томорқачиликни ривожлантириш миллий маркази ташкил этилди

Томорқачилик ва деҳқончилик соҳасини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш борасида қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Бу борадаги ишларга Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Жумладан, Янгийўл туманида Томорқачиликни ривожлантириш миллий маркази ишга тушди. Бу ерда биринчи марта Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларидан малака ошириш учун келган 60 нафардан зиёд томорқачи, деҳқон ва фермерларга маҳорат дарси ўтилди.

Унда, энг аввало, Ўзбекистон Республикасининг “Томорқа хўжалиги тўғрисида”ги ва “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонунларнинг мазмун-моҳияти хусусида сўз юритилди.

– Авваллари бизда экспорт қилиш ҳуқуқи йўқ эди, – дейди намунали томорқачи, наманганлик Марғуба Ёқубова. – Энди эса етиштирилган ва қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини эркин реализация қилиш, нарх белгилаш имкони пайдо бўлди. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бозорлар, савдо шохобчаларида мустақил равишда ёки ўз вакилларимиз орқали эркин реализация қила оламиз.

Маҳорат дарсида шунингдек, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан 2018-2021 йилларда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига ажратилган 75,7 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар ҳақида маълумот берилди. Қайд этилишича, 1 минг 792 та хонадонга берилган ушбу маблағ эвазига 30,6 гектар майдонда иссиқхона ташкил этилди. 96 та хонадонда 54 мингдан ортиқ зотдор парранда, 59 та хонадонда 1,3 мингдан ортиқ асалари қутилари, 12 та хонадонда 316 дан ортиқ наслли қўй, 424 та хонадоннинг 746 гектар майдонига уруғ ва кўчатлар етказиб берилди. 379 гектарда барпо этилган боғ ва токзорлар эвазига 3 минг 562 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

– Имтиёзли кредит, субсидия ва бошқа преференциялардан фойдаланиш имконияти ҳам кенгайди, – дейди андижонлик намунали томорқачи кўкрак нишони соҳиби Шавкатжон Тошмирзаев. –Шунингдек, иссиқхоналар ташкил этиш, уруғлик, кўчатлар, чорва моллари, парранда, қишлоқ хўжалиги ашё-анжомлари ва ускуналари, суғориш қурилмалари (насослар, артезиан қудуқлар ва бошқаларни) сотиб олишда ҳам имтиёзлар берилди. Биз ҳам баҳорда жамғармадан кредит олган эдик. Ҳовлимизнинг бир четида иссиқхона ташкил этиб, лимон етиштиришни йўлга қўйдик.

Семинарда вилоятлардан келган деҳқон ва фермерлар турли масалаларда ўзаро тажриба алмашди, ўрганилган масалалар бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

https://www.uza.uz/uz/posts/tomorqachilikni-rivozhlantirish-milliy-markazi-tashkil-etildi_267414

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram