Избосканнинг ғайратли фермери

Ёш ва ғайратли қишлоқ хўжалиги жонкуярларидан бири бўлган Шерзод Аҳмедов етакчилик қилаётган “Хонобод заминдори” фермер хўжалиги айни кунда Избоскан туманида энг илғорлардан ҳисобланади.

2007 йилда чорвачилик йўналишида ташкил этилган хўжалик йиллар ўтиб, кўп тармоқлига айланди.

Бу йил хўжаликда 35 гектар пахта, 23 гектар майдонда ғалла етиштирилди.

Чорвачилик учун яна 23 гектар майдонда озуқа экинлари парваришланмоқда. Фермерчиликнинг энг муҳим шартларидан бири –меҳнатсеварликдир.

Ёш фермер Шерзод Аҳмедовда ана шундай зарур хислат мавжуд.

Айни пайтда хўжаликнинг чорвачилик фермасида хориждан келтирилган юздан ортиқ зотдор ва наслли қорамол парваришланмоқда.

Соғиб олинган сифатли сут маҳсулоти хўжалик қошида ташкил этилган сутни қайта ишлаш цехида қайта ишланиб, 8 хил маҳсулот тайёрланмоқда. Сут маҳсулотлари тумандаги мактабгача таълим муассасаларига ҳамда аҳолига етказиб берилмоқда.

Мазкур цехда 20 ортиқ иш ўрни яратилган.

Жорий йилдаги деҳқончилик ҳам баракали бўлди, десак муболаға бўлмайди. Буғдойнинг ҳар гектаридан 78 центнердан сара ғалла олиниб, 180 тоннадан ортиқ буғдой шартнома асосида топширилди.

Пахтанинг ривожи ҳам ёмон эмас. Айни кунларда жорий йилдаги пахта йиғим-теримига ҳозирлик авжида. Бу йил 200 тоннадан ортиқ оқ олтин топшириш – асосий мақсад этиб белгиланган.

Ёшлигидан меҳнат қилиб, деҳқончиликда суяги қотган ва фермерликни ихтиёр этган Шерзод Аҳмедовни режалари бисёр. Хўжаликни янада ривожлантириб, қўшимча тармоқ ва йўналишларни йўлга қўйиш учун саъй-ҳаракат олиб бораётир.

Шу кунларда Австриядан 132 та зотдор ва наслли қорамол олиб келиш учун туман Халқ банки вакиллари билан ҳамкорликда саъй –ҳаракатларни бошлаб юборди.

Бугунги кунда хўжаликда бирор қарич бўш жой йўқ, десак муболаға бўлмайди. Ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экинлар – мош, ловия, соя, картошка, сабзи, пиёз каби аҳоли эҳтиёжи учун энг зарур маҳсулотларни экиб парваришланмоқда.

Бутун дунёда, жумладан, юртимизда ҳам барчамизга етарлича ташвиш туғдирган коронавирус пандемияси шароитида аҳолининг ижтимоий ҳимоясига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фермер хўжалигида ҳам пандемия келтириб чиқарган қийинчиликларни бартараф этиш учун талай эътиборга сазовор ишлар амалга оширилди. Жумладан, маҳалладаги кам таъминланган оилаларга энг зарур озиқ-овқат маҳсулотлари – ун, ёғ, гуруч, гўшт маҳсулотлари ва эчки бепул тарқатилди.

Хўжаликда меҳнат қилаётган ишловчиларга ҳам кўмак кўрсатилди. Шуни айтиш ўринлики, ҳомийлик ва хайрия ишларини амалга ошириш –хўжаликнинг кўп йиллардан бери иш фаолиятининг асоси ҳисобланади.

Тумандаги 22-мактабни таъмирлаш ишларига доимий равишда ҳомийлик қилиб турилади. Аҳамиятли жиҳати шундаки, ўтган йили 1км. масофадаги маҳалланинг ичидаги йўл хўжалик томонидан асфальтлаштирилди, яна шунча жойга шағал ётқизилди.

Хўжаликнинг келгуси йилдаги режалари ҳам бисёр.

Вафо ЛАТИПОВ, 

Ўзбекистон фермер деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакили

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram