Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига МУРОЖААТИ
Азиз миришкор деҳқонлар ва томорқа ер эгалари!
Айни пайтда бутун жаҳонни коронавирус пандемияси қаттиқ хавотир ва ташвишга солиб турибди. Кейинги йилларда дунё ҳамжамияти билан чуқур интергацияга киришиб, жадал суръатларда ривожланиб бораётган Ўзбекистонимизни ҳам бу офат четлаб ўтмади.
Барчамизга маълумки, муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда коронавирус пандемеяси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш, бутун дунё халқлари қаторида юртимиз аҳолисини ҳам ташвишга солаётган бу офатдан ўзимизни, оиламиз ва маҳалламизни сақлаш учун қатъий чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Ушбу масала юзасидан Давлатимиз Раҳбарининг кейинги йигирма кун мобайнида халқимизга уч марта мурожаат билан чиққанлари ҳам шундан далолат беради.
Коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича шу йил 3 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида муҳтарам Президентимиз халқимизга яна бир марта мурожаат этиб, юракдан изҳор этилган ушбу самимий ва таъсирчан мурожаат барча халқимиз қатори фермер, деҳқон ва томорқа ер эгаларига ҳам, жуда катта руҳий далда бўлди.
Муҳтарам Президентимиз ҳаммамиз янада жипслашиб, сабр-матонатли бўлиш билан бирга, юксак тафаккур, қатъий интизом ва улкан масъулият кўрсатишимиз лозимлигини таъкидладилар.
Видеоселектор йиғилишида деҳқончилик юмушлари қизғин паллага кирган шу ғанимат кунларда фермер ва томорқа ер эгаларига тетик ва бардам бўлиб, тушкунликка тушмасдан, айниқса, керакли тиббий қоидаларга қатъий амал қилган ҳолда қишлоқ хўжалиги ишларини изчил давом эттириш бўйича зарур маслаҳат ва йўл-йўриқлар берилди.
Халқимизнинг бирламчи турмуш эҳтиёжларини таъминлаш, озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришда аграр соҳанинг ғоят мухимлиги кундек равшан. Юзага келган инқироз чуқурлашиб кетмаслиги учун бободеҳқонларимиз айни кунларда ҳар бир лаҳзани ғанимат билишлари жоиз.
Сиз азиз деҳқонлар етиштирадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини халқимиз дастурхонига етказиб, бозорларимизда нарх-навонинг ўринсиз ошиб кетишини олдини олишни таъминлаш энг асосий вазифамиз эканини унутмаслигингиз зарур. Бу борада миришкор деҳқонларимиз томонидан бугунга қадар бажарилган ишлар таҳсинга сазовордир.
Мавжуд ноқулайликларга қарамасдан Сиз етиштирган маҳсулотларни халқимизга етказиб бериш учун аҳоли яшаш пунктларида кўчма савдо дўконлари, кичик савдо ярмаркалари ташкил қилинмоқда.
Азиз юртдошлар, мамлакатимизга кириб келган коронавирус пандемияси мисли кўрилмаган ташвишларни келтирган бир пайтда, томорқаларимизда етиштирилаётган мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари билан халқимиз фаровонлигини, дастурхони тўкинлигини, бозорларимизда арзончиликни таъминлаш ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимиздир. Барчани бу муқаддас бурчини виждонан адо этишга чақирамиз!
Томорқа ҳар бир оиланинг бамисоли хазина манбаи. Юртимизнинг барча ҳудудида меҳнатидан барака топаётган тажрибали деҳқонлар кўп. Айни вақтда мамлакатимизда сиз – 4,5 миллиондан ортиқ деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгаси 435 минг гектар унумдор экин майдонида меҳнат қилмоқдасиз.
Серҳосил еримиз, даромад олишга томорқамиз бор экан, доимо ундан унумли фойдаланиб, хонадонларимизни обод, яшаш шароитимизни муносиб ҳолатга келтириш учун ҳаракат қилайлик. Бундай амалий ибрат асосида улғайган фарзандларимиз ҳам яхши яшашга интилиб, ўз келажаги учун астойдил меҳнат қилади.
Маълумки, деҳқончиликда баҳорнинг бир куни йилга татийди. Кўпни кўрган, омилкор деҳқонларимиз мана шундай ҳал қилувчи паллада қандай юмушларни бажариш зарурлигини жуда яхши билади. Табиат инжиқликлари билан курашларда тобланган тажрибали деҳқонларимиз вужудга келган вазиятни тўғри қабул қилган ҳолда, ҳар бир дақиқадан унумли фойдаланишларига ишонамиз.
Ҳозирги синовли даврда ерга экин экмаслик, қаровсиз қолдириш она заминимизга нисбатан хиёнат деб баҳоланади.
Ҳурматли томорқа ер эгалари, миришкор деҳқонлар!
Биринчидан, айни дамларда ўз ҳовлимиз, томорқаларимизни тартибга келтиришимиз жуда муҳим.
Мевали дарахтларга, экинларга зиён етказадиган турли зараркунандаларга қарши ишлов беришни ўз вақтида бажариш лозим;
иккинчидан, апрель ойининг қулай об-ҳавосида қисқа муддатларда бир қарич ҳам еримизни бўш қолдирмай, сабзавот, полиз ва дуккакли экинлар уруғини қадашимиз лозим;
учинчидан, ҳозирги мураккаб шароитда томорқадан олинадиган ҳосилни икки марта кўпайтириш учун муносиб меҳнат қилайлик, тўқсонбости экинлардан бўшайдиган томорқа ерларига май-июнь ойларида такрорий савзавот, полиз, картошка ва бошқа озуқа экинларини экайлик. Ўз эҳтиёжимиздан ортган қисмини халқимиз дастурхонига ва экспортга етказиб берайлик. Бу ишимиз билан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдек олижаноб ишга ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз;
тўртинчидан, томорқа қўшимча даромад манбаи эканини доимо ёдда сақлаган ҳолда, ундан уч марта ҳосил олишга интилайлик, бунинг учун ҳар бир хонадонда ихчам иссиқхона қуриб, намунали томорқачи ва илғор деҳқонлар тажриба мактабини ўзлаштирайлик. Жойлардаги кенгашлар ҳузуридаги жамғармадан имтиёзли кредитлар ҳам ажратиш кўзда тутилган.
Унумдор еримиз ва серқуёш юртимизда ўз томорқасига эга бўлган юртдошларимизнинг камбағал яшаши халқимизнинг меҳнатсеварлик ва ишбилармонлик фазилатига мутлақо ярашмайди.
Ҳурматли маҳалладошлар ва ҳамқишлоқлар, “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойилига амал қилиб, маҳаллаларимизни муайян турдаги маҳсулот етиштиришга ихтисослаштирсак, қилган меҳнатимиздан юқори даромад олишга замин яратилади.
Чунки, маҳаллада бир хил маҳсулотнинг етиштирилиши унинг йирик бозорларга чиқарилишида логистика нуқтаи назаридан қулайликлар яратишини эсдан чиқармаслигимиз лозим.
Шундай экан, маҳалла оқсоқоллари ва устоз деҳқонларнинг маслаҳатларига амал қилиб, бир ёқадан бош чиқариб, бу жараёнда фаол иштирок этайлик. Маҳаллада кам таъминланган оилаларнинг ўз томорқаларида деҳқончилик билан шуғулланиб, ўзларини тиклаб олишига баҳоли қудрат ёрдам кўрсатайлик.
Қадрли миришкор деҳқонлар ва томорқа ер эгалари!
Мамлакатимизда “Илғор фермер”, “Меҳнаткаш деҳқон” ва “Намунали томорқачи” каби кўкрак нишонларининг таъсис этилиши ҳам Сизнинг меҳнатингизга берилаётган юксак эътиборнинг ёрқин далилидир. Бу – халқимизнинг дастурхонини обод, турмушини фаровон қилиш билан шуғулланаётган, яратувчанликка умрини, меҳрини бағишлаган азамат деҳқонларимиз учун муносиб эътирофдир.
Ҳар бир туманда ташкил этилган “Томорқа хизмати” МЧЖлар ҳудуддаги томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, бунда, тупроқ-иқлим шароити ва сув билан таъминланганлик ҳолатидан келиб чиқиб қайси турдаги экинларни экиш, парваришлаш, маҳсулотни йиғиб олиш ва уни сотиш бўйича амалий ёрдамлар кўрсатади.
Шунингдек, енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш, уруғлик, кўчат ва суғориш воситалари харид қилиш учун “Томорқа хизмати” МЧЖ, аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳамда томорқа ер эгалари ўртасида тузилган уч томонлама шартнома асосида энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баробаридан 10 баробаригача бўлган миқдорда субсидиялар берилади.
Қишлоқ жойларда заҳирадаги ер майдонларни фойдаланишга киритиб, кооперативлар ташкил этилмоқда. Бу кооперативларнинг ҳар бир аъзосига аҳолининг жойлашувидан келиб чиқиб, 20 сотихдан 50 сотихгача экин майдони ва субсидиялар ажратилиб, улар керакли миқдорда уруғлик ва ўғитлар билан таъминланмоқда. Энг муҳими, кооператив аъзолари томонидан етиштирилган маҳсулот бозор нархларида сотиб олинади. Бу тадбирлар ёрдамида, биринчи навбатда, қишлоқ ҳудудларда ишсизликнинг камайишига эришилади, қолаверса, камбағалликни бартараф этиш йўлида муҳим қадам ташланади. Сурхондарё, Андижон, Наманган, Фарғона каби бошқа вилоятларда ушбу ишларнинг бошлангани фикримизнинг яққол исботидир.
Ҳурматли фермерлар!
Сизларни томорқангизда маҳсулот етиштириш билан бирга, маҳаллангиздаги кам таъминланган оилаларга ўз томорқасида деҳқончилик қилишлари учун кўмак беришга чақирамиз!
Бу борада кўрсатган моддий ва маънавий ғамхўрлигингиз, савобли ишларингиз уларнинг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшади.
Унутманг, маҳалладошларингизга кўрсатган бундай эътибор ва ғамхўрлигингиз Сизлар кузда оладиган мўл ҳосилнинг баракали бўлишини таъминлайди.
Мана шундай эзгу ва олийжаноб ишларда барчангизга муваффақият ва омадлар ёр бўлсин!
Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги,Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши
http://uza.uz/oz/society/zbekiston-respublikasi-ma-alla-va-oilani-llab-uvvatlash-vazi-09-04-2020