Қуйичирчиқлик фермер иши: Фермерлар кенгаши юристи судга босим ўтказган ҳокимлар ҳақида гапирди
Қуйичирчиқлик фермер Акмалхўжа Турсунхоновга тегишли “Гулистон агро файз” фермер хўжалигининг кўпгектарли ери Қуйичирчиқ туман ҳокими томонидан ноқонуний тортиб олингани ва бу бўйича Олий суд қарори чиқарилгани ҳақида маълум қилган эдик.
Олий суд қарори бўлишига қарамай, туман ҳокими ҳамон фермер билан шартнома муносабатларини тикламагани ҳақида фермернинг ўзи ёзғдирган эди.
Биз ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳуқуқшуноси Чорихон Қодиров билан масала юзасидан суҳбатлашдик.
— Чорихон ака, таҳририятимиз томонидан бир неча бор материаллар эълон қилдик. Фермер Қуйичирчиқ туманидаги “Гулистон агро файз” фермер хўжалигига тегишли ер масаласида Олий суд қарори чиққани, бироқ туман ҳокими томонидан ижрога киритилмаганини айтмоқда. Бу масалада сизнинг фикрингиз қандай?
— “Гулистон агро файз” фермер хўжалигига оид ишни биринчи кунлардан эшитганман. Бу ҳақда маълумотларга тўлиқ эгаман. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрида 974-сонли қарори қабул қилинган. Шу қарордан келиб чиқиб, “Toshkent cotton Textile cluster” МЧЖга Қуйичирчиқ туманидан 39 минг гектар ер майдони ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинган. Шу қарорнинг ижросини таъминлаш жараёнида туман ҳокимиятидаги мутасаддиларимиз томонидан биринчи қадам нотўғри ташланган. Улар мансаб ваколатидан фойдаланиб, фермерлар манфаатларига путур етказадиган даражадаги ишлар билан шуғуллана бошлаган.
Мутасаддилар Ер кодексининг тегишли нормаларига риоя қилишмаган. Фермерлар ерларини ноқонуний тарзда кластерга бериш пайига тушган. Фермер еридан ихтиёрий тарзда воз кечган эмас. Ҳукумат қарорида қонун доирасида амалга оширилиши белгиланган. Ер кодексининг 6-моддаси, 36-моддаси бўйича амалга оширилган айтиб қўйилган, бироқ туман ҳокими бундан четга чиққан. Фермер ўз ихтиёри билан воз кечмаган. Бундай ҳолатда ер ижара шартномасини бекор қилиш мумкин бўлмайди. Ердан самарасиз фойдалангани ёки бошқа мақсадда фойдаланган ҳолатлар топилганида судга даъво киритиши лозим эди. Кейин кластерга бериши керак эди.
— Олий суд қарори чиқди. Оқни оқ, қорани қора деб ажратилди. Бироқ Олий суд қарори туман даражасидаги ижро ҳокимияти вакиллари томонидан ижро этилмаслигини қандай баҳолайсиз?
— 2019 йил 8 ноябрида Олий суднинг маъмурий ҳайъатидан адолатли қарор қабул қилинди. Аҳадова деган судья қонуний тўхтамга келиб қарор чиқариб берди. Олий суднинг бу қарорини ижро қилиш учун қуйи тизимда кўп қаршиликлар бўлмоқда. Туман ҳокимлигининг ўзи биринчи навбатда тўсқинлик қилмоқда. Ҳаттоки, туман прокурори ҳам қишлоқ хўжалигидаги қонунлар назоратини таъминлаши лозим бўлса ҳам, ўзининг вазифасини бажармаяпти. Туман прокурорининг ҳам ваъда берган жойи бор. Олий суднинг қарорини олиб келса, даласига тегмаслигини айтган.
Туман прокурори ҳаммасини кўра-била туриб қўл қовуштириб турибди. Бунинг устига фермер манфаатини ҳимоя қилиш позициясида тургани йўқ. Олий суднинг қарорини таъминлашни ҳам амалга оширгани йўқ. Аслида, прокурор суд қарорини ижро қилмаган шахсларга маъмурий иш қўзғатиши керак эди. Агар ўз вақтида прокурор назорати қўлланганда эди, шу кунгача бўлган муаммолар юз бермасди. Суд қарори бажарилган бўларди. Туман прокурори ваколати доирасидаги вазифани бажармаяпти.
— Бу ишнинг тарихини кўрсак, биринчи ва апелляция суди инстанцияларида бу фермерга қарши қарор чиқарилган. Олий судга келиб адолат таъминланибди. Қуйи судлар ўз ваколати доирасида ишлай олмаяпти ёки уларга қандайдир босимлар борми?
— Биз бу фермернинг манфаатини туман судидан бошлаб ҳимоя қилиб келяпмиз. Туман судида ҳаттоки далда ҳам бериб кўрдим. “Ҳурматли раислик қилувчи, сиз етарлича саволлар бермаяпсиз. Ишни мустаҳкамлаб олишга, қонуний баҳо беришга ҳаракат қилмаяпсиз”, деганимда туман ҳокимидан ҳадиксираётганини сездириб қўйди. Сўзининг охирида ҳаттоки туман ҳокимининг маъмурий судга босим ўтказганини сездирди. Бундан анча кўнглимиз чўкди. Биз туман ҳокимлари судьяларга босим ўтказаётгани ҳақида маълумотга эга бўлдик. Қонунбузарлик очиқдан-очиқ кўриниб турганда ҳам маъмурий судларимиз ҳокимдан ҳадиксиради.
Бундай ҳолатларда қонунчилик механизми яхши ишламаяпти. Аввало қонунларни ижро қилишни назорат қилувчи прокурор қўлини қовуштириб ўтирибди. Энг катта гап прокурорда… Олий суд қарори қабул қилинади-ку, бироқ ижро қилинмаса чора кўриш прокурорда-ку, ахир. Фермер прокурорга мурожаат қилиб турибди. Прокурор кўриб туриб, ён босиб ўтирибди. Кластерга прокурор ҳам ён босмоқда. Хизмат вазифасига бепарволик билан қарамоқда. Агар мен ўша прокурор ўрнида бўлганимда эди… Ўзимнинг ваколатим доирасида туман ҳокимига огоҳлантириш хати киритган бўлардим. “Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси тўғрисида”ги қонунга кўра, ёзма равишда огоҳлантириш беришга прокурорда ваколат бор. “Олий суд қарорига ноқонуний равишда монелик қиляпсиз. Агар бундай ноқонуний тартибда давом этаверсангиз, сизга нисбатан қонуний чора кўрамиз” деган мазмунда ҳаракат қилардим. Ҳозир, аксинча, прокурор қонунбузарлар тарафига ўтиб олган. Қонунбузар ким? Ҳоким. Ҳоким тарафига ўтиб олган. Прокурор шундай вақтда қўлини қовуштириб ўтирадиган бўлса, туманда қонун таъминланадими?!
https://qalampir.uz/news/-481-14440