Фермерларимиз ҳамма соҳага, жумладан туризмга ҳам дахлдор
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига Мурожаатномасини интернет тармоқларида ва телевидениеда тўғридан-тўғри эфирда кўрдик, газеталарда ўқидик.
Мурожаатда биз қишлоқ хўжалиги ходимларига ва деҳқон фермерларимизга катта вазифа ҳамда масъулият юклатилди. Шунингдек, эришган натижаларимиз тарихга айланиб, олдимизда янги-янги ўзгаришларни амалга ошириш бўйича улкан имкониятлар пайдо бўлаётгани, 2020 йил ҳамда келгуси беш йилда ривожлантириш бўйича устувор йўналиш ва вазифалар белгилаб берилди.
Мурожаатда қишлоқ хўжалигида фермер ва деҳқонларнинг манфаатдорлигини ошириш борасидаги ўрганиш, изланишларни давом эттириш ҳамда соҳага илғор технологиялар ва кластер тизими жорий этишни янада қўллаб- қувватлаш қайд этилди.
Албатта, бу ютуқлар яхши.
Янги имкониятлар эшиги очилмоқда. Фермерларимиз маҳсулот етиштириш билан бир
вақтда мактабгача таълимни ривожлантиришда ҳам ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.
Мисол учун, жорий йилда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш ва
ташкил этиш дастурида 43 та фермер хўжалиги
3500 ўринли мактабгача таълим муассаси қуришни режалаштирмоқда. Бу
мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини ривожлантириш бўйича бўлаётган
ислоҳотларни мулкдорлар ҳам
қўллаб-қувватлашдан далолатдир.
Амалга оширилаётган
ислоҳотлар жаҳон ҳамжамияти томонидан муносиб баҳоланаётгани, хусусан, дунёдаги нуфузли нашрлардан бири –
“Экономист” журнали Ўзбекистонни 2019 йилда ислоҳотларни энг жадал амалга
оширган давлат –
“Йил мамлакати” деб эътироф этганини Президентимиз мурожаатда алоҳида таъкидладилар.
Виртуал ва Халқ қабулхоналарига йилига 1 миллиондан зиёд мурожаат келиб тушаётгани халқ билан мулоқотни янги босқичга олиб чиқишни талаб этади. Бундай мурожаатлар бизнинг ташкилотимизга ҳам келиб турибди. Мурожаатлардаги масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш учун жойларда фермерлар билан семинарлар ташкил этилиб, вазифалар ва мажбуриятлар тушунтирилмоқда. Фермер, деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқа ер эгалари кенгашларга тўғридан- тўғри мурожаат қилиш тизими йўлга қўйилди.
Яна бир яхши янгилик. Ўтган йилдан бошлаб, ўрта махсус маълумотга эга фермер хўжаликлари раҳбарларини Кенгашнинг тавсия хати билан олий таълим муассаларига ўқишга қабул қилиш йўлга қўйилди.
Бу йилдан экспортёрларга кафиллик берадиган ва харажатларнинг бир қисмини қоплайдиган – Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда экспортни олдиндан молиялаштириш учун – Экспорт-кредит агентлиги ташкил этилади. Шунингдек, экспорт қилишда замонавий суғурта хизматлари йўлга қўйилади, автомобиль ва ҳаво транспорти харажатларини қисман давлат томонидан қоплаб бериш механизми жорий қилинади. Бу эса фермерларнинг етиштирган маҳсулотларини экспорт қилишида қўл келади.
Мурожаатда иқтисодиётимиз ривожини, аҳоли бандлиги ва даромадлари ўсишини таъминлайдиган энг муҳим соҳалардан бири бўлган қишлоқ хўжалигини стратегик ёндашувлар асосида тараққий эттириш зарурлиги алоҳида қайд этилди. Шу боис, пахта ва ғалла етиштиришга давлат буюртмасини бекор қилиб, ушбу маҳсулотларни бозор тамойиллари асосида харид қилиш тизимига босқичма-босқич ўтиш белгиланди.
Агарда вазифаларни кузатадиган бўлсак, унинг ҳар бир бандида фермерлар учун тегишли вазифалар борлигини кўриш мумкин. Мисол учун туризмни олайлик. 2020 йилда фермер хўжаликларида агротуризмни ривожлантириш бўйича Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорлик дастури ишлаб чиқилмоқда. Унга кўра, агротуризмни ташкил эта оладиган салоҳиятли фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари рўйхати шакллантирилади. Мамлакатимизга ташриф буюрган хорижий сайёҳларни халқимизнинг юксак деҳқончилик маданияти билан яқиндан таништириш имконияти пайдо бўлади. Жумладан, Китоб туманида “Варганза” қишлоғида ана шундай лойиҳалардан бирини амалга ошириш режалаштирилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар агротуризмни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Мурожаатда қайд этилган масалаларнинг ижросини таъминлаш бўйича куни кеча Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожланиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган вазифаларни 2020 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Унга кўра, жорий йилнинг 1 октябридан аҳолини дон маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ва нархларни кескин ўзгаришининг олдини олиш мақсадида интервенцион харидлар тизими босқичма-босқич жорий этилиши белгиланди.
Шунингдек, 2021 йил ҳосилидан бошлаб дон учун давлат буюртмаси ҳажмлари босқичма-босқич камайтирилади. Бошоқли дон харид қилиш ва сотишда эркин рақобатни таъминлайдиган бозор механизмлари жорий этилади.
1 октябрга қадар 2021 йил ҳосилидан бошлаб бозор конъюнктураси таҳлили ва агротехника тадбирларини ўтказиш харажатларнинг прогноз ҳисоб-китоби асосида пахта-тўқимачилик кластерлари учун фермер хўжаликлари етиширган пахта хомашёсини етказиб бериш бўйича шартномаларнинг шартларини аниқлашда минимал нархларни белгилаш йўли билан пахта хомашёси нархларини шакллантириш, харид қилиш ва сотишнинг бозор тамойилларига ўтилади.
2020 йилнинг 1 апрелидан Тошкент вилоятининг Қибрай ва Тошкент туманлари, Фарғона вилоятининг Фарғона ва Олтиариқ туманлари ҳамда Қашқадарё вилоятининг Китоб ва Нишон туманларида жисмоний ва юридик шахсларга ер участкаларини қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун шаффоф ва очиқ танлов ўтказиш орқали ажратиш механизми жорий этилади.
Кўриб турганимиздек, Президентимиз мурожаат қабул қилганига 10 кун бўлмасдан, қишлоқ хўжалиги соҳасига оид қарор билан ислоҳотларнинг янги босқичи бошланди.
Олимжон
Алимарданов
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раисининг
биринчи ўринбосари