Чекка қишлоқдаги оддий аёл ҳаётида ҳам ўзгаришлар бўлмоқда
Яқинда мамлакатимиз мустақиллигининг 28-йиллигига бағишлаб, “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг Республика босқичи Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамкорликда бўлиб ўтди.
Танловда вилоят босқичларида ғолибликни қўлга киритган 14 нафар ишбилармон, тадбиркор, фермер хотин-қизлар иштирок этди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзоларидан иборат бўлган ҳакамлар ҳайъати сафида мен ҳам бор эдим. Адолатли баҳолаш жарёнида қашқадарёлик Шоира Хайдарова, навоийлик
Каромат Болтаева ва наманганлик Юлдузой Каримова 3-ўринга, андижонлик Махфуза Ахмедова, бухоролик Инобат Каримова ва жиззахлик Фарида Рахмонова 2-ўринга ҳамда сирдарёлик Гулчехра Файзуллаева, фарғоналик Мунира Акбарова ҳамда қорақалпоғистонлик Зияда Утеназаровалар 1-ўринга лойиқ деб топилди.
Шунингдек, кўрик-танловда “Замонавий ташаббускор аёл”, “Йилнинг мурувватли ишбилармон аёли”, “Қишлоқни ижтимоий ривожлантиришда фаоллик кўрсатган фермер аёл”, “Инвестицияларни жалб қилишда ташаббус кўрсатган аёл”, “Энг ёш, фаол тадбиркор аёл” каби номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.
“Жомарт жер” фермер хўжалиги раҳбари, танловнинг 3-ўрин соҳиби, Каромат Болтаева, шундай дейди – очиғи, меҳнатим бунчалик юксак қадрланади, деб ўйламаган эдим. Бунинг учун ташкилотчиларга, айниқса, партия вакилларига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Зеро, бундай рағбатдан сўнг жуда руҳландик, янги режалар туза бошладик.
Мамлакатимизда хотин-қизларга қаратилган эътибор ҳеч бир мамлакатда биздаги каби юқори даражада эмас. Бу эътибор узоқ қишлоқдаги чекка бир уйда ўтирган оддий аёл ҳаётида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Берилаётган бу каби рағбат ҳам бунинг амалий натижасидир.
Азиза Сайфиддинова
кадрлар бўлими мутахассиси