Самарқандлик фермерлар ғалладан бўшаган ерларга такрорий экин экиб, қўшимча даромад олмоқда
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, бир қатор вазирлик ва мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат Республика ишчи гуруҳи Самарқанд вилоятида ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экинлар экиш ишларини ўрганди.
Жумладан, ишчи гуруҳ аъзолари Самарқанд туманида ғалладан бўшаган майдонларни шудгорлаш ва фермерлар ҳамда аҳоли томонидан такрорий экин экиш жараёнлари билан танишди.
Маълумотларга кўра, жорий йилда тумандаги 632 фермер хўжалигининг 274 тасида 3340 гектар майдонда ғалла етиштирилган. Айни пайтда бошоқли дон ҳосили ўриб-йиғиб олинган ерларни сомондан тозалаш, пешма-пеш шудгорлаш ва экин экиш учун тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.
– Ғалладан бўшаган ерларнинг 2884 гектарига такрорий экин экиш режалаштирилган, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Самарқанд тумани кенгаши раиси Усмон Хуррамов. – Жумладан, бу майдонларнинг катта қисмига картошка ва бошқа сабзавот экинлари, 141 гектарга дуккакли экинлар экиш режалаштирилган ва бу ишлар ҳозирда давом этмоқда. Такрорий экинларни экиш учун керакли миқдорда уруғлик, минерал ўғит ва ёнилғи-мойлаш материаллари захираси яратилган.
Тумандаги 1247 хонадон эгалари ғалладан бўшаган ерларда такрорий экин экиш учун фермерлардан ер сўраган ва уларга тегишли тартибда 457 гектар ер майдони ажратиб берилган. Шунингдек, кам таъминланган, эҳтиёжманд 112 оилага деҳқончилик қилиб, даромад олиши учун 361 миллион сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилган.
– Бу йил 3,2 гектар майдонда ғалла етиштириб, 44 центнердан ҳосил олдик, – дейди Самарқанд туманидаги “Жаҳонгир Барноев” фермер хўжалиги бошлиғи Ж.Барноев. – Ҳозирда ғалладан бўшаган 1 гектар ерга карам, 1,5 гектарига бодринг экдик. Қолган ерлар картошка экиш учун тайёрлаб қўйилди.
Тумандаги дуккакли ва полиз экинлари, мева-сабзавотларни қабул қилиш, сақлаш ва экспорт қилиш мақсадида “Аъзам Азамат Агро” кўп тармоқли фермер хўжалигида 500 тонна, “Истиқлол шуъласи” фермер хўжалигида 300 тонна ҳамда “Турсунов Асрорхон боғлари” фермер хўжалигида 200 тонна сиғимга эга музлаткичли омборлар ташкил этилган.
Ишчи гуруҳ Тойлоқ туманида ҳам такрорий экинлар экиш ишлари яхши ташкил этилганига гувоҳ бўлди. Бугунги кунда тумандаги 5275 гектар ердаги бошоқли дон йиғиштириб олиниб, сомондан тозалаш ва шудгорлаш ишлари олиб борилмоқда. Бу майдонларнинг 60 фоизга яқини картошка ва дуккакли экинлар экишга ҳозирланиб, ерга уруғ қадашга киришилган.
– Ғалладан бўшаган ерларни такрорий экин экишга тайёрлаш бўйича туман ҳокимлиги томонидан чора-тадбирлар белгиланган, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Тойлоқ тумани кенгаши раиси Ғайрат Кулиев. – Унга кўра, талаб қилинадиган барча техникалар 19 та отрядга жамланиб, агротехник тадбирлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Ўрганишлар жараёнида ютуқлар билан бир қаторда камчиликлар ҳам борлиги кўзга ташланди. Хусусан, вилоят бўйича ғалладан бўшаган майдонларнинг 13 минг 265 гектарига картошка экиш белгиланган бўлса-да ҳозиргача 4136 гектар ерга (31,2 фоиз) уруғ қадалган. 184 фермер хўжалигида ер сомондан тозаланмаган, 191 фермер хўжалигида эса шудгорлаш ишлари олиб борилмаган. 35 фермер хўжалиги белгиланганидан бошқа экинлар эккан. Булунғур, Жомбой, Тойлоқ ва Ургут туманларида такрорий экинлар экиш ишлари кечикмоқда.
Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан мутасадди ташкилотлар ва секторлар раҳбарларига кўрсатма хатлар юборилди.
Республика ишчи гуруҳининг ўрганишлари давом этади.
http://uzlidep.uz/news-of-party/4697