Гўшт нега қимматлашмоқда?..
Мутахассислар: Озуқа-ем маҳсулотлари таннархининг юқорилиги… Реализация қилишда воситачиларнинг кўплиги… Озуқа-ем етиштириш учун ер майдонларининг етишмаслиги… Жойларда чорвачилик маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш комплексларининг етарлича ривожланмагани…
Хўш, нима қилиш керак?..
Чорвачилик соҳасини 2021 йилгача бўлган муддатда ривожлантириш борасида белгиланган чора-тадбирлар дастури ҳақидаги маълумотга кўра, 2021 йилга бориб йирик шохли қорамоллар 14 миллион 800 минг бошга, майда шохли моллар 23 миллион 127 минг бошга етказилар экан. Бу эса мамлакатимизда гўшт етиштиришни 26,2 фоизга ошириб, аҳоли эҳтиёжларидан ортиқчасини экспорт қилиш имконини беради.
Албатта, қувонарли маълумот. Аммо… нега унда гўштнинг нарх кўтарилиб бормоқда?
Биз одатда оқибат билан курашишга ўрганиб қолганмиз. Тепадан кимдир “Гўшт нархини тушириш керак”, деса, дарров қассобларнинг ёқасидан оламиз. Улар ҳам қалтис вазиятдан қутулиш баҳонасида ноилож қолгач, ёлғондакам бўлса-да, “Гўшт нархи … сўм” деб ёзиб қўяди. Бироқ, харидорга бу нархдан 20-30 фоиз қимматига сотаверади. Якунида сотувчи ва харидор ўртасида норозилик кайфиятидаги баҳс мунозарага гувоҳ бўламиз.
Гўшт нархининг узлуксиз юқорилаб бораётганини мутахассислар бир қанча омиллар билан изоҳламоқда. Озуқа-ем маҳсулотлари таннархининг юқорилиги, реализация қилишда воситачиларнинг кўплиги, озуқа-ем етиштириш учун ер майдонларининг етишмаслиги, жойларда чорвачилик маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш комплексларининг етарлича ривожланмагани шулар сирасидандир.
– Ҳаммамиз кўриб-билиб турибмиз, гўшт анча қимматлашиб кетди. Нега шундай ҳолат юз берди?, – дейди Бухоро вилояти кенгаши деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқа ерларининг экин майдонларидан самарали фойдаланиш бўлими бош мутахассиси Имомали Сувонов. – Аввало, шуни айтиш керакки, 2005 — 2016 йиллар оралиғида озуқа экин майдонлари 40 фоизга камайиб кетди. 1990 йилда экин майдонларининг деярли 25 фоизига озуқа экилган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 9 фоизга ҳам етмайди. Иккинчидан, бизда гўшт ва сутнинг 95 фоизини деҳқон ва шахсий ёрдамчи хўжаликлар етиштиради. Лекин уларни қўллаб-қувватлаш учун шу пайтгача ҳеч нарса қилинмади. Аксинча, Бухоро вилояти миқёсида айтсам аҳоли дала томорқалари ҳеч қандай асоссиз фермер хўжаликларига қўшиб берилган. Томорқасидаги озуқа туфайли уйида 3-4 та қорамол боқиб келаётганлар ҳам ем-хашак қимматлиги туфайли чорвасини сотмоқда. Қассоблар сотиб олиши учун мол қолмаган. Шу туфайли гўшт нархи ошиб кетмоқда.
Биз нега бундан ташвишга тушамиз?
Негаки, азалдан гўшт баҳоси халқимиз орасида ўлчов воситаси бўлган ва ҳозирда ҳам ҳудудларда ана шундай ҳисоб-китобларни кузатиш мумкин. Мисол учун, тўйга тўёна гўшт баҳосига қараб берилади. Тўёна ёзилган дафтарга реал вақтдаги гўштнинг нархи ёзилиб, берилган пулга неча килограмм гўшт келиши белгилаб қўйилади.
Шундан бўлса керак, Ўзбекистоннинг у ёки бу вилоятидаги турмуш даражаси қандайлигини аниқлаш учун, биринчи навбатда, гўштнинг, ундан кейин картошка, гуруч, пиёз ва бошқа маҳсулотларнинг нархи суриштирилади. Қизиғи шундаки, жойларда мардикорларнинг бир кунлик иш ҳақи ҳам гўшт нархига қараб белгиланмоқда.
Аслида кунлик иш ҳақининг ошгани яхши. Лекин, гўшт баҳосининг ортиб бораётгани муаммо. Биз аҳоли жон бошига гўшт истеъмоли борасида анча ортда қолмоқдамиз. Айни вақтда бу кўрсаткич бизда 41 килограммдан ошаётган бўлса, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бир йилда ўртача 55 килограммгача гўшт истеъмол қилишни тавсия этмоқда. Экспертларнинг тахминига кўра, 2025 йилга бориб Ўзбекистонда аҳоли жон бошига гўшт истеъмоли йилига 54,8 килограммни ташкил қилади.
Лекин, бунга ҳали анча бор. Агарда гўштнинг нархи ҳозирги каби ошиб бораверса, кейинги йилларда 150 мингга етиши ҳеч гап бўлмай қолармиш.
Бу борада хитойликларнинг тажрибаси бор экан!
Гўшт нархининг бундай оширилиши табиийки, одамларнинг гўшт маҳсулотини сотиб олиш имкониятини пасайтиради. Бу эса кундалик рационда гўштнинг улуши камайиб, инсон саломатлиги учун муҳим бўлган моддалар етишмовчилигига сабаб бўлади.
Бу борада қандай йўл тутиш кераклиги ҳақидаги саволга юртдошларимиздан бири шундай жавоб берди.
– Гўшт истеъмоли маданиятини ривожлантириш ва тартибга солиш керак, – дейди Соҳибжон Ҳотамов. – Аслида гўшт истеъмолини камайтириш керак, зеро, гўшт қаритади деган нақл бор. Аслида ҳам 90-йиллар одамлари билан бугунги кун одамларини солиштирсангиз бунинг ҳақиқат эканини кўриш мумкин. Ҳозирда аҳоли ёшариб бормоқда. Тўғри, гўштнинг соғлиққа фойдали жиҳатларини ҳам ҳисобга олиш керак. Шунинг учун, биз, катталар гўшт ейишни камайтириб, фарзандларимизга кўпроқ беришимиз керак. Бу борада Хитойнинг тажрибаси бор. Улар нон ва гўштни биздан 10 баравар кам ейди! Қисқаси, тўғри овқатланиш маданиятини тарғиб қилишимиз керак!
Демак, маҳсулот тақчиллиги ёки унинг баҳоси қиммат бўлиши бутун дунё мамлакатларида учрайдиган ҳолат экан-да! Шундай экан, ваҳимага тушмай ўйлаб кўрайлик. Балки, талаб кам бўлса, шунга яраша маҳсулотнинг арзон бўлиш эҳтимоли жуда юқори.Бу ўринда мақсадимиз кимга қанча гўшт ёки ундан тайёрланган таом истеъмол қилишни ўргатиш эмас, балки Ўзбекистонда гўштнинг қимматлашаётганини сабабларини аниқлаш бўлгани учун фикрларни ўрганишда давом этамиз.
Битта қорамолни семиртиришга қанча вақт ва маҳсулот керак?
Самарқандлик тадбиркор Муҳаммад Зуҳуровнинг фикрига кўра, вилоятлар ва туманларда чорвачилик маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш мажмуаларининг етарли даражада ривожланмагани, фермер ва деҳқон хўжаликларининг маҳсулдор чорва моллари билан таъминланмагани ҳамда маҳсулдор чорва молларини етиштириш соҳасидаги илмий изланишларнинг етишмаслиги гўшт ва гўшт маҳсулотлари нархи ошиб кетишига олиб келмоқда.
Албатта, бу фикрларга қўшимча сифатида озуқа-ем маҳсулотларини етиштириш учун ер майдонларининг етишмаслиги, ерларнинг шўрланиши, озуқа-ем маҳсулотлари таннархининг юқорилиги, ўртада “воситачилар”нинг кўплиги ҳам гўшт маҳсулотлари нархининг қимматлашувига сабаб бўлаётганини айтиш мумкин.
Келинг, шу ўринда битта чорва молини семиртириш учун қанча вақт ва маҳсулот сарфланишини ҳисоблаб кўрамиз. Мутахассислар бир ёшга тўлган озғин буқани бўрдоқига боқиш учун камида 3 ойлик меҳнат талаб этилишини таъкидламоқда.
– Бунда ҳар куни унга ўртача 9 килограмм ем, яъни 3 кило шрот, 2 кило кепак, 3 кило шелуха ва 1 кило майдаланган маккажўхори ёки буғдой аралашмаси берилади, – дейди Тошкент вилоятидаги “Прогресс агро бизнес” чорвачилик фермер хўжалиги раҳбари Тўлқин Жўраев. – Бундан ташқари, кунига қўшимча 7-8 килограмм атрофида йўнғичқа ёки дағал хашак бериб бориш керак. Ҳозирги кунда олибсотарлар қўлида бир боғ прессланган йўнғичқа 15-20 минг, сомон 5-8 минг, омихта ем 2400-2700 сўм экани ҳисобга олинса, қорамол боқишнинг харажатлари қанчага тушишини ҳисоблаб чиқиш қийин эмас. Албатта, бу нархлар ҳамма жойда бир-биридан фарқ қилади.Чорвадор фермернинг сўзларидан кўринадики, гўштнинг нархи ем-хашак баҳоси билан боғлиқ. Аммо, масалани қизиқ жойи бор. Ваҳоланки, юртимизда ҳар йили миллион тонналаб пахта ва ғалла етиштирилади. Аммо, чорва озуқаси ишлаб чиқариш ва аҳолига етказиб бериш муаммолигича қолаётир. Бунинг сабаби ишни нотўғри ташкил этишдами ёки ишнинг кўзини билмаслик-да?
Бунда воситачилар айбдорми?…
Юртимиздаги ем маҳсулотлари етказиб берувчи корхоналарнинг фаолияти ўрганилганда, улар ем-озуқага бўлган талабни бор-йўғи 15-20 фоизинигина қондириши ойдинлашди. Бу ҳам тегишли график асосида белгиланган истеъмолчиларга сотилар экан. Аҳолининг қарийб 85 фоизи емни савдогарлар қўлидан олишга мажбур.
– Буғдойни паст навини 300 сўмдан топширамиз ва уни қайта ишланганини 1200 сўмдан харид қиламиз, – дейди Тошкент вилоятидаги “Прогресс агро бизнес” чорвачилик фермер хўжалиги раҳбари Тўлқин Жўраев. – Агарда топширган маҳсулотимиздан чиқадиган шулха-шрот, кунжара ва кепакни ишлаб чиқариш нархини қўйиб, ўзимизга арзонроқ баҳода тўғридан-тўғри шартнома қилиб қайтариб берса, гўштнинг нархи яхшигина тушади. Ароқ ва пиво заводлари ҳам буғдойдан қолган маҳсулотлар чиқиндисини шу тартибда берса, гўшт арзон бўлади. Йўқ, уни албатта биржадан ёки “олибсотардан” қиммат нархда харид қилишга мажбурмиз. Бунга эса ҳамиша ҳам вақтимиз бўлавермайди. Баъзида ололмай қоламиз. Негаки, деҳқонни ҳамиша ҳам биржа савдоларида иштирок этишга вақти бўлмайди. Брокерлар орқали оламиз, бу ҳам қўшимча харажат бўлади.
Юқорида ўртада “воситачилар”нинг кўплиги гўшт маҳсулотлари нархининг қимматлашувига сабаб бўлаётганини айтиб ўтган эдик. Бу фикрни чорвачилик йўналишида фаолият юритаётган мулкдорлар ҳам тасдиқламоқда. Уларнинг айтишига қараганда, кушхоналарда ҳар бир килограмм гўшт учун камида 4-5 минг сўм қўйилади. Мисол учун, 30 минг сўмдан қабул қилинган гўшт кушхонадан 35-37 минг бўлиб чиқар экан. Кейин уни ташувчилар, бозорга олиб борувчилар ва ҳоказолар ўз хизматлари учун нархни ошириб борар экан.
Айни вақтда кўпгина мулкдорлар кушхоналарни фермерлар ихтиёрига берилиши “олибсотарларни синдирган” бўларди, дейишмоқда.
Яна айтиш керакки, гўшт нархининг ўзгариши фермерларга боғлиқ эмас. Чунки, юртимиздаги чорванинг атиги 8 фоизи фермерлар ҳиссасига тўғри келади, холос. Қолган чорва аҳоли қўлида. Улар фермер ерини мавсумда ижарага олиб озуқа етиштириш ҳам бор гап. Емни кўйинг, ҳаттоки, хашакка ҳам харажат қилиб, тайёрланган гўшт таннархи албатта ошади-да.
Хуллас, гўшт нархининг ошишига ва ошиб боришига кўплаб омиллар таъсир қилмоқда. Мазкур масалаларнинг ечимини топмасдан, нарх-навони маъмурий йўл билан чеклаш амалиёти самара бермаслигини эса ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.
Сайёра ШОЕВА, ЎзА