Фермер: “Бир пайтлар биттадан қўй ва сигиримиз бўларди. Ҳозирда 4 мингдан ошиқ қўй, 40 бош от, 60 бош туя боқяпман”

Фермер: “Бир пайтлар биттадан қўй ва сигиримиз бўларди. Ҳозирда 4 мингдан ошиқ қўй, 40 бош от, 60 бош туя боқяпман”

Зарафшон шаҳар “Жомарт жер” фермер хўжалиги “Саховат” корхонаси раҳбари Каромат Болтаева қарийб 17 йилдан буён фермер. 

“Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг Навоий вилояти босқичида 13 нафар ташаббускор аёл ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулотлари, фаолиятига оид фото-буклетлари ҳамда видео-лавҳалари, шунингдек, янги бизнес режалари тақдимотини ўтказди.  

Зарафшон шаҳар “Жомарт жер” фермер хўжалиги “Саховат” корхонаси раҳбари Каромат Болтаева қарийб 17 йилдан буён фермер. Шахсий маблағ асосида бошлаган чорвачилигини 2008 йилда 100 миллион сўмлик кредит билан кенгайтирган. 40 дан зиёд мавсумий , 10 та доимий иш ўрни яратган. Чорвачилик, йилқичилик, туячилик, паррандачилик ортидан Зарафшон шаҳрини гўшт, сут ва тухум маҳсулотлари билан таъминлайди. Аҳолига кунига бир тоннадан ошиқ гўшт етказиб бераётган Каромат опа яқин орада қоракўл ва жунни қайта ишлаб, маҳсулот экспорт қилиш, туя жунидан тайёрланадиган гиламлар ишлаб чиқариш, зардўзи ва тўқимачилик маҳсулотларини дунё бозорига тақдим қилиш ниятида асосий ишларни бошлаб юборган: 

photo5192817659790600919.jpg

 – Бир пайтлар биттагина қўйимиз, биттагина сигиримиз бўларди. Шунақа катта ишлар қила оламан, деб сира ўйламаган эдим. Ҳозирги кунда 4 мингдан ошиқ қўй, 40 бош от, 60 бош туя боқяпман. Мол-ҳол, эчки, товуқ, курка – ҳаммасидан бор. Дориворлигини ҳисобга олиб, туя сутини ҳам қадоқлаб, дўконларга чиқаришни ўйлаб турибман.  

Тадбиркорлик кўламининг кенглиги, ташаббускорлиги ва келажакда амалга оширишни мўлжаллаган ишларининг самарадорлиги ҳисобга олиниб, К.Болтаева вилоятнинг энг “Ишбилармон аёл”и сифатида кўрик-танловнинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди. 

Иккинчи ўринни 10 гектар ерга ёғоч саноатида кенг қўлланувчи, ҳар томонлама фойдали ҳисобланган павлония манзарали дарахт кўчатини экиб, ушбу дарахтдан мебель ишлаб чиқаришни режалаштирган “Навбаҳор томорқа-сервис”нинг 23 ёшли раҳбари Дилфуза Ибодуллаева эгаллади. 

– Павлония танасидаги намлик миқдорининг кам бўлишига қарамай ёнувчанлик даражасининг пастлиги билан ҳам жуда ноёб дарахтлар сирасига киради. Унинг кўчатини Тошкентдан келтираётган эдик. Энди ўзимиз уруғини Хитой орқали килоси 10 АҚШ доллардан сотиб оладиган бўлдик. Бу ўсимликдан 3 йилда ёғоч устун, 6 йилда мебель қилса бўлади. Барглари чорва учун яхши емиш, гуллари асаларилар учун зарур ширага ниҳоятда бой, – дейди ёш тадбиркор Дилфуза.  

Миллий қўғирчоқлар йўналишида фаолият олиб бораётган якка тадбиркор Латофат Ҳусанова ҳам Навоий шаҳридаги барча мактабгача таълим муассасаларини миллий қўғирчоқлар билан таъминлаб келади. 15 йилдан буён шу ҳунар ортидан ном қозониб келаётган Латофатнинг қўғирчоқлари бугунги кунда МДҲ мамлакатларига ҳам экспорт қилинмоқда. Унинг ўзи бу ҳақда шундай дейди: 

photo5192817659790600915.jpg

 – Мен ясаган маҳсулотлар Хитойга, Кореяга ҳам кетган. Буни ўйласам хурсанд бўламан. Шаҳримизга ишлагани келган чет элликлар мендан миллий қўғирчоқлар сотиб олишади. Яқинларига совға учун олиб кетади. Ахир фахрланмай бўладими? Самарқанд, Бухоро, Хива каби қадимий шаҳарларимизга минг-минглаб қўғирчоқ етказамиз. Бундан ташқари, Қозоғистон, Қирғисизтон, Тожикистон ва Туркманистондан ҳам доимий харидорларимиз бор. 

Тадбир якунида “Ишбилармон аёл” кўрик танловининг низомига асосан қатнашчилар барча номинациялар бўйича эътироф этилиб, O’zLiDeP Навоий вилояти кенгашининг ташаккурномалари ва махсус совғалари билан тақдирланди. 

М.ПИРНАФАСОВА,

O’zLiDeP Навоий вилояти Кенгаши матбуот котиби 

ЎзА

http://www.uza.uz/oz/society/fermer-bir-paytlar-bittadan-y-va-sigirimiz-b-lardi-ozirda-4–14-06-2019?sphrase_id=4307243

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram