Фермернинг кўз ёшларига ишониш керак…ми?

Фермернинг кўз ёшларига ишониш керак...ми?

Шу кунларда Фарғона вилояти Ёзёвон туманидаги айрим фермер хўжалиги раҳбарларининг уларга тегишли бўлган экин ер майдонларини маҳаллий ҳокимият томонидан асоссиз тарзда олиб қўйилиб, сўнг бошқа фермер хўжаликларига бирлаштириб берилаётганлигидан норози бўлган мурожаатлари турли оммавий ахборот воситаларида тарқалмокда. 

Хўш, туманда шундай воқеалар бўляптими? Туман ҳокимлиги томонидан фермерларнинг ери ноқонуний тортиб олиняптими? Биз бу ҳолатни ўрганиб чиқдик. 

Жорий йил 9 январда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг “Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида туманда ҳам бир қатор ишлар олиб борилди. 302 та фермер хўжалиги мақбуллаштирилиб, 138 та фермер хўжалиги ташкил этилди. Фермер хўжаликлари учун ер участкалари очиқ танлов якунига кўра, ер участкаларини бериш масалаларини кўриб чиқувчи туман комиссияси ҳамда туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг хулосасига биноан халқ депутатлари туман Кенгашининг қарори асосида қабул қилинган туман ҳокимининг қарори бўйича берилди. Фермер хўжаликларининг ер участкалари майдонларини мақбуллаштиришда уларнинг охирги уч йиллик фаолияти тўлиқ таҳлил қилинди. 

Албатта, еридан айрилган айрим фермер хўжалиги раҳбарларига бу ишлар ёқмаётгани аниқ. 

ижтимоий тармоқларда Ёзёвон тумани “Гулистон” ММТП ҳудудида жойлашган пахта-ғаллачиликка ихтисослашган “Биллур майсагул” фермер хўжалиги раҳбари Хадича Комилованинг 30,4 гектар экин ер майдони туман ҳокимлиги томонидан асоссиз тарзда “Араббойлар дурдонаси” фермер хўжалигига бирлаштириб берилгани тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти номига видеомурожаати эълон қилинди. 

Маълум бўлишича, “Биллур майсагул” фермер хўжалиги 2015 йил декабрь ойида фаолиятини бошлаган бўлиб, дастлаб унга 53,4 гектар экин ер майдони бириктириб берилган. 2016 йил ноябрь ойида Х. Комилова фермер хўжалиги ҳисобидаги ерларни қисман захирага олинишини сўраб, туман ҳокимлигига мурожаат қилган ва шунга асосан мазкур фермер хўжалигига бириктириб берилган ер майдонларидан 23 гектар қисми туман захирасига қайтарилиб, фермер хўжалиги ҳисобида 30,4 гектар ер майдони қолдирилган. 

Шунингдек, Ёзёвон тумани ҳокимининг 2018 йил 27 августда “Биллур майсагул” фермер хўжалигининг қолган 30,4 гектар экин майдонини ҳам туман захирасига қайтариш тўғрисидаги қарори қабул қилинган. 

Ер майдонларининг туман захирасига қайтарилишига асос сифатида, фермер хўжалиги томонидан бир неча йилдан буён давлатга пахта-ғалла сотиш режасини бажарилмаганлиги, моддий техник базаси яратилмаганлиги ҳамда хизмат кўрсатувчи ташкилотлардан қарздорлиги ортиб кетганлиги кўрсатилган. 

Ўз навбатида, Вазирлар Маҳкамасининг қарори ижроси доирасида туман ҳокимининг захирадаги 30,4 гектар экин ер майдонини “Араббойлар дурдонаси” фермер хўжалигига бирлаштириб бериш тўғрисидаги қарори қабул қилинган. 

Х.Комилованинг ижтимоий тармоқдаги мурожаатида кўрсатилган эътироз ва важларининг қай даражада асосли эканлиги алоқадор мутасаддилар ҳамда прокуратура идоралари ходимлари билан ҳамкорликда ўрганиб чиқилди. Жумладан, фермер хўжалигининг сўнгги уч йилда давлатга пахта-ғалла сотиш режаси таҳлил қилинганда, фермер хўжалиги 2016 йилда пахта режасини 18,7 %, ғалла режасини 57,4%, 2017 йилда мос равишда 24,4 % – 46,1% бажарганлиги аниқланди. 

2018 йилда эса Ёзёвон тумани ҳокимлиги томонидан фермер хўжалиги 2016-2017 йилларда пахта режаси бажарилмаганлиги сабабли, фермер хўжалигига амалий ёрдам бериш мақсадида чигит экиш режаси бекор қилиниб, тўлиқ майдонга дон экиш учун рухсат берилган. Натижада, фермер хўжалиги томонидан 2018 йилда давлатга ғалла сотиш режаси 100 % га бажарилган. 

Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, фермер хўжалиги фаолият юритган 2016-2018 йилларда фақат мутасадди ташкилотларнинг амалий ёрдамлари билан пахта-ғалла етиштириб келган бўлиб, фермер хўжалиги томонидан агротехник тадбирлар ўз вақтида ва сифатли бажарилмаганлиги сабабли 3 йиллик ўртача кўрсатгич ғаллачиликда 72 % ни, пахтачиликда 22 % ни ташкил қилиб, фермер хўжалиги зарар билан ишлаб келган. Бундан ташқари, фермер хўжалиги томонидан ички суғориш ариқлари бир неча йиллар давомида тозаланмаган, оқибатда ариқлар кўмилиш даражасига етиб, бегона ўтлар ва қамиш билан қопланган. Шу даврда бирорта қишлоқ хўжалиги техникалари сотиб олинмаган, тупроқ унумдорлигини ошириш ва фермер хўжалиги аъзоларига қулай меҳнат шароити яратиш бўйича чора-тадбирлар кўрилмаган, натижада ер майдонларининг мелиоратив ҳолати ёмонлашувига олиб келган. 

Шу билан бирга, фермер хўжалигининг фаолият юритган даврида пахта имтиёзли кредитидан 4,6 миллион сўм, солиқлардан 26,5 миллион сўм, техника хизматидан 4 миллион сўм қарздорлиги мавжуд бўлгани ҳолда, шу кунга қадар мазкур қарзлар тўлаб берилмаган. 

Рақамлардан ҳам кўриниб турибдики, фермер хўжалиги раҳбари берилган имкониятдан фойдалана олмаган. Ахир, ҳукуматимизнинг экин ер майдонларини мақбуллаштириш ва улардан самарали фойдаланиш ҳақидаги қарори шу сингари фермер хўжаликларига алоқадор эмасми? Хўш, фермернинг асл муддаоси нима ўзи? 

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram