Кеч кузда “Нексия” минганлар

Севимли адибларимиздан бири “Олтиариқликларнинг чақалоғи, эрта баҳорда плёнканинг тагига эмаклаб кириб кетиб, кеч кузда нариги тарафидан “Нексия” миниб чиқади”, деб бежиз лутф қилмаган эди… 

Қишлоқ хонадонларининг кўпчилиги кундалик зарур маҳсулотлар, сут-қатиқ, тухум-сариёғ, мева-сабзавотни деярли бозордан харид қилмайди. Улар кафтдеккина бўлса ҳам томорқа қилиб, ўзи етиштирган маҳсулот билан аввало оиласини боқади, ортиқчасини сотади. 

Бугун юрт кезсангиз, ободлик ва фаровонликнинг гувоҳи бўласиз. Кимдир боғига оро берса, яна биров томорқасига уруғ қадамоқда. Маҳаллаларда ҳам суҳбатнинг авжи экин-тикинга бориб тақалади. Аслида ҳовлини саранжом-саришта қилиб қўйиш, рўзғор учун мевали дарахт-у экинлар экиш, парваришлаш ҳам юртга меҳрнинг бир бўлаги. 

Бугун кексалар учрашуви ҳам кимнидир иссиқхонасида ёки боғида бўлмоқда. Бир-бири билан маслаҳатлашиб, фарзандлари эришган ютуқни яъни ерда ишлаб, унумли меҳнат қилиб яратган ҳосилини кўрсатиб, фахрланишмоқда. 

Иссиқхонасида фарзандлари билан теппа-тенг меҳнат қилиб, баҳорги картошка етиштираётган саксондан ошган Комил бобо гапнинг бўладиганини айтди: “Мустақиллик йилларида ҳамма ерли бўлди. Бу нима дегани? Яхши яшаш, чиройли турмуш кечириш ўзингизга боғлиқ дегани-да. Мустақилликдан олдинги ҳаётимиз қандай қийинчиликларда ўтганини унутганимиз йўқ. Янги уй қуриш, машина сотиб олиш, деҳқончилик қилиш қаерда эди. Бугун дастурхонимиздаги олма-анордан тортиб, лимону мандарингача ўзимиз етиштираяпмиз. Ер бор, сув бор. Фақат унумли меҳнат қилиш керак, халос. 

Маълумотларга кўра, мамлакатимизда 248 минг гектар ер майдони баҳорги экиш ишлари учун тайёрланган. Ундан қанча миқдорда ҳосил олиш мумкин? Олимлар бу борада нима маслаҳат беради. 

– Агар ақл билан меҳнат қилинса бир сотих ерда 350 килограммгача помидор, 250-300 килограмм бодринг, 600-650 килограмм пиёз, 400 килограмм сабзи етиштириш мумкин, – дейди Сабзавот-полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтининг ўсимликларни ҳимоя қилиш лабораторияси мудири, биология фанлари номзоди Мирхалил Холдоров. – Бунда экинлар зич экилади. Масалан, картошка пуштасига редиска, кўкатлар, қовун ва тарвуз пуштасига эса эртаги, тез пишадиган сабзавот экинларини, маккажўхори қаторига жуфт қилиб ловия, мош экилса, йил давомида уч марта ҳосил олиш мумкин. Экинлар орасидаги пушта, ариқ ёқалари ва уватларга ошқовоқ, қовун-тарвуз, бақлажон, булғор қалампири, шолғом, лавлаги каби экинларни экиш ҳам яхши самара беради. 

Кўриниб турибдики, томорқадан фойдаланишнинг ҳам ўз “тартиб-қоидалари” бор. Кўча билан ҳовли ўртасини гулзор қилиш, бир четига нинабаргли дарахт ва қишин-ёзин кўклам бўлиб турадиган ўт экиш мақсадга мувофиқ. Ҳовли саҳнига эса ток экиш, томорқанинг кириш қисмига турли кўкатлар, маккажўхори, помидор, бодринг, бақлажон-у булғор қалампири, эртапишар гилосу, олма, ўрик, хурмо экиш тавсия этилади. Омилкорлик билан бир йилда сабзавот ва бошқа экинлардан уч мартагача ҳосил олиш мумкин. 

Бугун меҳнати самарасидан аввало ўзи баҳраманд бўлаётган томорқачиларимиз сони ортиб бормоқда. Улар йилдан-йилга деҳқончиликка замонавий мезонлар ва илмий асослар бўйича ёндашиш, бозор талаби ва эҳтиёжини ўрганиш, фаолиятига янги-янги усулларни жорий этишнинг ҳадисини олмоқда. Иссиқхоналар ташкил этиш, цитрус мевалари етиштиришни маҳаллий шароитимизга мослаштириш, деҳқончилик бўйича дунёнинг энг илғор тажрибаларини ҳаётга татбиқ этиш борасидаги қувонарли ўзгаришлар шулар жумласидандир. 

– Томорқага эътибор хонадонга файз-барака, бахт олиб келганининг гувоҳи бўлиб турибмиз, – дейди Марғилонлик Малик Хўжаев. – Бугун меҳр билан қилган меҳнатимиз туфайли шу мўъжазгина томорқадан яхшигина даромад олиб, уйлар қураяпмиз, тўйлар қилаяпмиз. Баъзида айрим кишиларнинг ишсизман, деганини эшитсам, ўзи қишлоқда яшаб, ошкўкларни сотиб олаётганини кўрсам ҳайрон қоламан, жаҳлим чиқади. Ахир томорқаси бор одам ишсиз бўлиши мумкинми? Шукрки, йилнинг барча фаслида деҳқончилик қилишимизга имконият етарли. Еримиз қут-баракали. Кишида иштиёқ, меҳнатга ҳавас бўлса бас – ўз ҳаётини ўзи фаровон қилиши мумкин. 

Отахон бу сўзларни кимгадир ёқиш учун ёки бекорчиликдан айтаётгани йўқ, албатта. Чунки, Малик отанинг уч ўғли ҳам давлат ишида ишласа-да, ҳар йили ердан қўшимча даромад олади. Бири мевали дарахтларнинг кўпгина турлари ва узумнинг камёб навини етиштирса, бошқаси эртанги помидор, бодринг, кўкат етиштирмоқда. Яна бири тўрт сотих иссиқхонада уч марта ҳосил етиштириб, йилига 25-30 миллион даромад олади. 

Томорқа нафақат қўшимча даромад манбаи, балки унинг фарзандларимиз тарбиясидаги роли ҳам катта, – дейди Термизлик Ойша опа.– Чунки, томорқамизда болаларимиз ҳалол меҳнат қилиб, ўз кучи билан даромад топишни ўрганмоқда. Очиғи, деҳқончилик қилиб кам бўлмадик, оила аъзоларимиз бандлигини таъминладик, уйимизни замонавий кўринишда қайта таъмирладик. Буларнинг барчаси томорқамиздан олаётгани даромадларимиз самарасидир. Баъзи маҳалладошларимга қараб туриб, айтгим келади: Ҳой инсон, бўш ётган ернинг уволи бор, у ҳам кўкариб, яшнаб туриши керак! 

Баъзида томорқаси қуриб ётганларнинг турли баҳоналари бўлади. Эътирозлар орасида “ўтган йили картошка қиммат бўлганига, мен ҳам эккан эдим, бу йилга келиб маҳсулот арзонлашиб, зарар кўрдим. Нима экишни ҳам билмайман, фойда кўрмагандан кейин…” ана шундай эътирозларга чек қўйиш, деҳқонларнинг даромадини ошириш, экинларни мувофиқлаштириш ишлари олиб борилмоқда. 

– Маркетинг ишлари олиб борилмоқда, – дейди Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси вакилли Эркин Ғозиев. – Ҳар қарич ерни илмий ўрганиш, қанча ерга нимани уруғини экиш, қанча ўғит бериш, маҳсулотга талаб ўрганилмоқда. Шунинг учун ҳар бир маҳаллада яшовчи одамларнинг ихтисослашган экин турига қараб, бир маҳалла бир маҳалла тушунчасини ривожлантириш йўлга қўйилмоқда. Бу усул жуда тўғри. Биламизки, ҳар бир ҳудуднинг ўзининг уста деҳқонлари бор. Мисол учун Асака туманида “Ахтачи” қишлоғи бор, аҳоли тўлиқ иссиқхона билан шуғулланади. Олтиариққа борсангиз, ҳар бир уйда, ҳатто йўл четида ҳам узум ишкомлари бор. Қувада гилос, Учқўрғонда қулупнай жуда кўп экилади. Кўриб, кўзингиз қувнайди. 

Яна бир гап. Томорқа эгалари қўшимча даромад олиш билан бир вақтда 2018 йил 1 июлдан бошлаб деҳқон хўжалиги ва 4 сотихдан кам бўлмаган томорқа ерида банд бўлган ёки ушбу участкада қорамол ёхуд 50 бошдан кам бўлмаган парранда парваришлаётган жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига йилига энг кам ойлик иш ҳақининг бир баробари миқдорида суғурта бадали тўланган тақдирда, суғурта бадали тўланган йил меҳнат стажига киритиладиган бўлди. 

Асл омилкор деҳқон ердан қандай фойдаланишни билади. Ердан қор кетиб, қор тушгунча тиним билмайди. Ҳар бир тадбирни рисоладагидек, оби-тобига етказмагунча кўнгли жойига тушмайди. Уруғнинг сарасини танлайди, экиннинг ҳар бир тупига алоҳида эътибор кўрсатади, меҳнатдан қочмайди. Баҳорнинг илк кунларида бошланган тадбирлар эса йил охирига қадар бир неча марта самара беришига ҳамма ишонади. Ишониши керак! 

Сайёра Шоева, ЎзА

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram