Мулкдорлар орасида шов-шув
Айни вақтда фермерлар ва қишлоқ хўжалиги экинлари етиштирувчилар ўртасида Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида жойлаштирилган ҳужжат лойиҳаси кенг муҳокама қилинмоқда.
Зеро, ушбу ҳужжат билан юртимиздаги фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари етиштирган тариқ маҳсулотини ўрнатилган тартибда экспорт қилинишига рухсат берилиши мумкин.
– Агар ушбу фармойиш қабул қилинса, жанубий вилоятларда фаолият юритаётган фермерларни тариқ экишга бўлган қизиқиши ортади, – дейди Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Маркетинг ва экспортга кўмаклашиш бўлими бошлиғи Нажмиддин Мирабдуллаев. – Тариқнинг дони паррандалар учун қимматбаҳо озуқа ҳисобланса, чорва моллари тариқ дони қолдиқлари ва сомонини яхши ейди. Тариқ серҳосил ўсимлик бўлиб, 10 сотих ердан 5-6 центнер дон ёки 12-14 центнер кўк масса олиш мумкин. Ушбу экин тури қурғоқчиликка чидамли, ёруғсевар, қисқа муддатли ўсимлик ҳисобланади. Асосийси экспортбоп.
Азизбек Меҳмонов ўтган йили такрорий экин сифатида 15 гектарда тариқ парваришлаб, 45 тонна ҳосил олди. Жорий йилда эса тариқ етиштириладиган майдон яна кенгайтирилди.
– 2016 йил олимларнинг маслаҳатларига суяниб, буғдойдан бўшаган 15 гектарга такрорий экин сифатида тариқ экиб, 65 кунда ҳосилни йиғиб олдик, – дейди асакалик фермер Азизбек Меҳмонов. – Ҳозирда экин майдонларимиз анча кенгайди. Ҳосилни ёрма тайёрлайдиган ускуна кўмагида қайта ишлаймиз. Қисқа фурсатда бир гектардан уч миллион сўм атрофида даромад олиш мумкин экан. Айниқса, экиш меъёрининг камлиги, тезпишарлиги унинг қимматини оширади. Бу экин қурғоқчиликка, иссиқликка ўта бардошли.
– Афғонистон давлати билан 1000 тонна тариқ етказиб бериш учун, шартнома имзолаганмиз, – дейди бухоролик фермер Баҳодир Розиқов. – Тариқ экспорти учун ҳукумат томонидан рухсат берувчи ҳужжатни бўлиши, ишларимизни янада ривожлантиришда қўл келади.
Қайд этиш жоизки, айни вақтда Бухоро, Навоий, Жиззах вилоятларида такрорий экин сифатида кўп етиштирилади.
Сайёра Шоева, ЎзА