Қува тажрибаси: иссиқхонада олма ҳосилга кирди
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг яқинда қабул қилинган“Ўзбекистон Республикасида боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, боғлар ва иссиқхоналардан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш кўзда тутилган.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакили Элмурод Мамараҳимов юртимизда боғлар ва иссиқхоналарнинг сони аниқлиги, аммо таҳлил қилинганда уларнинг анча қисми эскириб қолгани ҳақида маълум қилди. Айни вақтда мевалар экспортини оширишни истасак, дунё миқёсида харидоргир бўлган мева ва сабзавотларни етиштириш шарт. Бунинг учун эса жорий йилнинг 1 августига қадар ҳатловларни якунлаб, иқтисодий самарадор янги боғлар ва иссиқхона хўжаликларини барпо этиш юмушлари бошлаб юборилди.Ана шунда сифатли кўчатлар, уруғлик етиштириб бериш ва томчилатиб суғоришни йўлга қўйиш орқали юқори ҳосил олиш имконияти тармоқда кенг жорий этилади.
– Эски боғлар ўрнига интенсив яъни юқори ҳосил берадиган боғлар барпо этилади, –дейди Элмурод Мамараҳимов.–Бунда тупроқнинг ҳолати, ҳудуднинг иқлими ҳисобга олиниб, кўчатлар жойлаштирилади. Мисол учун, Бахмалнинг олмаси машҳур бўлса, Олтиариқнинг иссиқхонада етиштирилган помидор, бодрингини ҳамма билади. Биз иссиқхонада помидор, бодринг, лимон етиштиришга, иссиқхоналардан уч марталаб юқори ҳосил олишга ўргандик. Энди уларда пакана дарахт кўчатларини парваришлашни бошламоқчимиз.Мисол учун, иссиқхонада тувакда олма кўчати етиштириш Қува туманида тажрибадан ўтказилди.Пастак дарахтдан мўл ва сифатли ҳосил олинди. Энди уни юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий этмоқчимиз. Бу усулнинг афзаллиги кўчатлар кам жой олади ва мўл ҳосил беради. Меваларнинг сифати ҳам юқори.
Қарор асосида жорий йилнинг 1 сентябрга қадар ишлаб чиқарувчи, ер участкаси, боғларнинг ҳолати, навлар, барпо қилинган вақти ва бошқа кўрсаткичларни ўз ичига олган боғ плантациялари ва иссиқхона хўжаликларининг ягона электрон реестри шакллантирилади.
Энг муҳими эса 2020 йил 1 январга қадар муддатда ўзлаштирилмаган ерларда ер ости сув ресурсларининг мавжудлиги ва уларнинг қишлоқ хўжалигида фойдаланишга яроқлилигига ҳисобга олиниб, мавжуд ер ости сув ресурсларининг миқдори ва сифати тўғрисидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда ер ости сувлари хариталарини ишлаб чиқилади.
Бу эса минтақаларда сизот сувларни ерга яқин, узоқлиги аниқлашда қўл келади. Ваҳоланки, баъзи ҳудудларда сув мўл бўлса, бошқа минтақада сув танқислик мавжуд.Мисол учун, юртимизнинг жанубий ҳудудлари – Сурхондарё, Қашқадарёда сув танқислиги бор. Келгусида ана шундай ҳолатни бартараф этиш ва сувдан оқилона фойдаланишда эса хариталар муҳим аҳамиятга эга.
Сайёра Шоева, ЎзА