22 март – Бутунжаҳон сув куни

Сув – бу ҳаёт, уни асрайлик 

Таҳлилчиларнинг фикрича, сайёрамизда истиқомат қилаётган тўрт миллиарддан ортиқ киши бир ойда бир марта бўлса-да ичимлик суви муаммоси билан тўқнаш келади. 

Бу ер юзи аҳолисининг ярмидан кўпини англатади. (Айни дамда сайёрамиз аҳолиси 7,5 миллиарддан ошиб кетган). Бир ярим миллиард аҳоли эса йил давомида сув танқислигидан азият чекади. Эълон қилинган тадқиқот натижалари аҳолини сув билан таъминлаш билан боғлиқ муаммога янгича кўз билан қарашни тақозо қилади. Тадқиқотчилар Месфин Меконнен ва Арьен Хоекстр ер шарининг турли минтақаларида аҳолини сув билан таъминлаш борасидаги вазиятни ўрганиб чиқишган. Уларнинг хулосасига кўра, ер юзи аҳолисини чучук сув билан таъминлаш муаммосига жиддий қараш керак. 

photo5233358581947017895.jpg

 Сўнгги тадқиқотлар аввалги қарашларни бутунлай ўзгартириб юборди. Маълумки, авваллари ер юзида 1 миллиард 700 миллиондан 3 миллиард 100 миллионгача бўлган одамлар сув муаммоси билан тўқнаш келаётгани айтиб келинарди. Таҳлилчилар эндиликда инсоният чучук сувнинг экотизимдаги муҳим ролини эсдан чиқариш керак эмаслигини таъкидламоқда. 

Шунингдек, тадқиқотларда ер юзидаги чучук сув тақсимоти адолатсиз экани айтилади. Сайёрамиз аҳолисининг 70 фоизи яшайдиган Европа ва Осиё ҳиссасига дарё сувларининг 39 фоизи тўғри келади. 

БМТ маълумотларига кўра, 2000 йиллардан бошлаб 1,2 миллиард аҳоли мунтазам равишда чучук сув муаммоси кузатиладиган минтақаларда истиқомат қилиб келади. 

photo5235727604303112859.jpg

 Таҳлилчиларнинг сўзларига қараганда, XXI асрнинг учинчи ўн йиллиги ўрталарига бориб, ичимлик суви билан боғлиқ муаммо янада глобаллашади. Бу ўз навбатида жаҳон иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатади. Жаҳон бозорида сув маҳсулотларига талаб ортиб бораверади. 

Шу ўринда сув қадимдан инсониятнинг асосий муаммоси бўлиб келганини эслатиб ўтиш керак. Айнан сув турли можаро ва ижтимоий фожиаларга сабаб бўлган, қуролли тўқнашувлар сабабчисига айланган. Сув инқирози бутун бошли цивилизацияларнинг йўқ бўлиб кетишига, давлатлар ўртасида уруш келиб чиқишига сабаб бўлган. 

Ер юзидаги чучук сувнинг 10 фоизи хонадонларда истеъмол учун, кир ювишда, чиқиндиларни тозалашда ишлатилади. Қолган қисмидан эса қишлоқ хўжалиги ва саноатда фойдаланилади. Бироқ аҳоли сонининг ошиб бораётгани боис истеъмол сувлари миқдори ҳам ошиб бормоқда. Кирларни автомат машиналарда ювиш хам ортиб борар экан, бу чучук сувдан фойдаланиш эҳтиёжининг ортишига олиб келди. Кирларни қўлда ювгандан кўра, машинада ювишда икки баробар кўп сув ишлатилар экан. 

photo5235873358313269749.jpg

 Сув ер юзидаги барча жонзот, ҳайвонот ва ўсимликларнинг мавжудлиги учун асосий ресурсдир. Бугунги кунда чучук сувларнинг ифлосланиб бораётгани ҳам асосий муаммолардан бири сифатида кўрилмоқда. Сув сифатининг бузилиши эса турли касалликларни келтириб чиқариши ҳам ҳеч кимга сир эмас. 

Мутахассисларнинг фикрича, тоза ичимлик сув захиралари чексиз эмас. 2025 йилга бориб ер юзидаги давлатларнинг ярмидан кўпи сув етишмовчилигини сеза бошлайди. XXI аср ўрталарида эса сайёрамиз аҳолисининг тўртдан уч қисми ичимлик суви етишмовчилиги билан тўқнаш келади. Ҳисоб-китобларга кўра, 2030 йилда сайёрамиз аҳолисининг 47 фоизи сув тақчиллиги билан боғлиқ таҳдидлар билан рўбарў келади. 

Сув танқислигига биринчи бўлиб Африка, Жанубий Осиё, Яқин Шарқ мамлакатлари дуч келади. Иқлим ўзгаришлари туфайли биргина Африкада 2020 йилда 75 миллиондан 250 миллионгача одам сув муаммоси асирига айланади. Саҳро ва чўл минтақаларида сув танқислиги сабаб 700 миллионга яқин аҳоли киндик қони тўкилган масканларидан бош олиб кетишга мажбур бўлиши мумкин. 

Сув танқислиги иқтисодий тараққий этган АҚШда ҳам кузатилмоқда. Айни дамда 80та мамлакат бу муаммо билан тўқнаш келган. Бу муаммо кун сайин долзарб тус олмоқда. Биргина Хитойда 300дан ортиқ шаҳар сув муаммосини бошдан кечирмоқда. 

Ривожланиш йўлидаги мамлакатларда кузатилаётган касалликларнинг 80 фоизига сув етишмовчилиги сабаб бўлаётир. Бу касалликлар оқибатида ҳар йили 3 миллионга яқин киши вафот этади. Биргина ич кетишидан бир кунда 5 мингга яқин бола бу ёруғ дунё билан хайрлашмоқда. Бу ҳар сонияда бир боланинг вафот этаётганини англатади. Агар сув таъминоти яхшиланадиган бўлса, касалликларнинг 10 фоизини даволаш мумкин, дейилади тадқиқотларда. 

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram