Ёшлар учун катта имконият

Фермер хўжаликлари ихтиёридаги ерлардан 10 фоизи ёшларга, ҳар бирига 10 сотихдан 1 гектаргача ажратиб берилаётгани ёшлар ва уларнинг оила аъзолари бандлигини таъминлашга хизмат қилади.

Энг муҳими, ёшларга ажратилган ерлар иккиламчи ижара шартномаси асосида расмийлаштирилади. Чунки, кейинчалик бир контурдаги ёшлар ихтиёрий кооперативга бирлашишлари мумкин. Бу борада катта муаммо – ер олиш истагида бўлган кўплаб ишсиз ёшларнинг деҳқончилик соҳасида етарли билим ва тажрибага эга эмаслиги. Шу боис жойларда ер ажратилган ёшларга кўмак бериш учун тажрибали деҳқонлар, фермерлар ихтиёрий бириктирилмоқда, дала шароитида кўргазмали семинарлар ташкил этилаяпти.

Ҳозирги вақтда ёшларга ер ажратиш жараёни ўтган йили амалиётга киритилган Ер кодексидаги ерни иккиламчи ижарага бериш борасида қонунга киритилган ўзгаришлар, Ҳукумат тасдиқлаган вақтинчалик тартиб ва бошқа меъёрий ҳужжатлар билан тартибга солинмоқда.

Кооператив аъзолари муносабатларини тартибга солиш учун “Қишлоқ хўжалиги кооперативлари” тўғрисидаги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилди. Шу йил 3 март куни қизғин муҳокамалар асосида мазкур Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал маъқулланди. Эндиликда қуйи палатанинг депутатлари иккинчи ўқишда қабул қилишга тайёрлашади.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ёшларга ер ажратиш жараёнида ҳуқуқий маслаҳат бериш масаласида ёрдам кўрсатмоқда.

Ер олган ёшлар кооперативга бирлашиб, маҳсулот етиштириш жараёнида ҳамкорликда ишни ташкил қилади, қонунларимизда белгиланган тартибда ишсиз ёш сифатида белгиланган тартибда субсидия маблағини олиш ҳуқуқига эгадир. Шунингдек, маҳсулот етиштириш, экинларни парваришлаш билан боғлиқ харажатларни биргаликда амалга оширади, белгиланган тартибда солиқ тўлайди, олинган даромад ҳам кооператив уставига мувофиқ тасарруф этилади.

Энг муҳими, иккиламчи ижара ҳуқуқи асосида ер олиб, кооперативга бирлашган ёшларга уларнинг ҳуқуқлари бузилган тақдирда жойлардаги фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари ҳуқуқшунос мутахассислари амалий ёрдам кўрсатяпти.

Яна бир гап, ёшларга ажратилаётган ерлар аксарият ҳудудларда фермерлар томонидан экишга тайёрлаб берилаётгани, ёшларнинг яшаш жойига яқин, сув таъминоти ва унумдорлиги яхши ерлардан ажратилаётганидан уларнинг ота-оналари ҳам мамнун.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан бошланган мазкур амалиёт юртимиздаги бир миллионга яқин ёшлар учун иш жойи ва яхшигина даромад манбаи бўлишига шубҳа йўқ.

А.Хаитов,

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси.

https://uza.uz/uz/posts/yoshlar-uchun-katta-imkoniyat_246645

error

Bizni kuzating

Follow by Email
YouTube
YouTube
Telegram