Кластерлар учун маҳорат дарслари ўтилади

Эндиликда “Қишлоқ бизнеси учун маслаҳат хизмати” унитар корхонаси фермер ва томорқачилар қаторида кластер раҳбарлари ва ходимларининг ҳам малакасини оширади.

Бунда ўқув курслари тўрт йўналишда олиб борилади. Фермер хўжаликларини комплекс ривожлантириш, деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқасидан самарали фойдаланиш, “Томорқа хизмати” МЧЖ хизматлари, ҳуқуқшунослар, ижро-интизоми ва кадрлар билан ишлаш бўлимлари учун ўқув курслари олиб борилади. Энди ана шу дастурлар қаторига кластерларни ривожлантириш борасида ҳам дарслар қўшилди.

Қайд этиш жоизки, “Қишлоқ бизнеси учун маслаҳат хизмати“ корхонаси соҳа вакиллари учун доимий равишда сайёр ўқув курслари ўтказиб келмоқда. Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ерларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш, ижро интизоми, юрист ва ходимлар билан ишлаш каби йўналишлар шулар сирасидан.

Корхона консалтинг хизматларни кўрсатиб, илм-фаннинг соҳага оид янгиликларини амалиётда татбиқ этишда фаол иштирок этмоқда. Шунингдек, унитар корхонанинг саъй-ҳаракатлари эвазига бир қанча фермер хўжаликлари раҳбарлари қишлоқ хўжалик соҳасидаги етакчи чет эл давлатларида тажриба алмашмоқда ҳамда халқаро қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ярмаркаларида иштирок этмоқда. Жумладан, 2019 йилда 696 нафар, 2020 йилда 424 нафар тизим ходимлари малака оширди.

Ўқув курсларининг илмий савиясини ошириш мақсадида Тошкент давлат аграр университети профессор-ўқитувчилари ҳам жалб этилган. Улар фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисобини юритиш, пахта ва ғалла етиштиришда зараркунандаларга қарши курашиш, мева ва сабзавотларни сақлаш, қайта ишлаш ҳамда ташқи бозорга сотиш мавзуларидаги маърузалари билан иштирок этмоқда.

2020 йилнинг августидан бошлаб, мамлакатимиздаги пандемия ҳолати туфайли малака ошириш курслари масофадан туриб “Zoom” мобиль иловаси ёрдамида амалга оширилмоқда. Ҳозир ушбу мобиль илова ёрдамида 227 нафар тингловчи учун малака ошириш курслари ўтказилди.

Жорий йилда 500 нафардан ортиқ ходимни ўқитиш режалаштирилган. Бунда кластер раҳбарлари ва мутахассисларининг хорижий тажриба асосида малака ошириши ташкиллаштирилмоқда.

https://uza.uz/uz/posts/klasterlar-uchun-mahorat-darslari-otiladi_242884

error

Bizni kuzating

Follow by Email
YouTube
YouTube
Telegram