А.Хаитов: «Барча ҳаракатларимиз аҳолини бой қилишга қаратилган»

Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги арафасида бир гуруҳ юртдошларимиз Президентимиз фармонига кўра мамлакатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланган эди.

Куни кеча Кўксаройда ўтказилган давлат мукофотларини топшириш маросимида Президентимиз Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, мукофотни ўз эгаларига топширди. Давлатимиз раҳбари тадбирда иштирок этаётганларни бугунги куннинг қаҳрамонлари, мардона халқнинг буюк вакиллари дея эътироф этди.

Президентимиз тақдирлаган юртдошларимиз орасида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари А.Хаитов ҳам бор эди. Давлатимиз раҳбари А.Хаитовни кўксига «Меҳнат шуҳрат» орденини тақди.

–Бундай эътирофдан тўлқинланиб кетдим, – дейди А.Хаитов. –Қилган меҳнатларингиз эътирофини мана шундай чиройли тарзда қабул қилиш ва Президентимиз қўлидан давлат мукофоти олиш кун сайин ўзгараётган, тараққий топаётган, мамлакатимиз ривожига яна кўпроқ ҳисса қўшишига чорлайди. Албатта, Янги Ўзбекистоннинг ютуқларига, тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшаш – олий саодат.

Қайд этиш керакки, юртимизда етиштирилаётган маҳсулотлар ички бозорларни таъминлаш билан бирга хорижга ҳам экспорт қилинди. Сўнгги уч йилда мамлакатимизда сабзавот, полиз экинлари, боғ ва токзор майдонлари кенгайтирилди. Ушбу тармоқларда ишни тўғри ташкил қилиш орқали унинг самарадорлигини ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратилди.  Оддий айтганда, соҳада манфаатдорликни ошириш, деҳқон ва фермерни бой қилиш учун барча масалалар ҳал қилиб берилди.

Албатта, жойларда ҳар қарич ердан унумли фойдаланиш, тадбиркорликни ривожлантириш учун маҳаллаларда уйма-уй юриш, айниқса Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастурини аҳоли орасига тарғиботини олиб бориш зарур. Бунда ўз томорқаларидан самарасиз фойдаланаётган хонадонларни аниқлаб, чорвачилик, паррандачилик, иссиқхоналар қуриш бўйича яқиндан кўмаклашиш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Кенгаш ҳузуридаги жамғарма томорқачиларни моддий қўллаб-қувватламоқда. Чорва моллари, қўй, эчки, қуён, товуқ, курка боқишни ёки иссиқхона ташкил қилишни мақсад қилган хонадон эгаларига ҳеч қандай қийинчиликларсиз ушбу жамғарма ҳисобидан имтиёзли ва паст фоизли кредитлар ажратиб берилмоқда.

Бу йил қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаси вакиллари учун синовли йил бўлди, пандемия ва карантин қанча вақт давом этишидан қатъий назар, аҳолининг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжи ўзгармайди ва бу талабни тўлдириш бизнинг вазифамиз. Албатта, бундай шароитда ҳар бир раҳбар томорқачилар ва фермерларни ҳимоя қилиш, уларга шароит яратиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга интилди. Пандемия шароитида баҳорда қилган меҳнатларимиз эвазига уруғликлар таъминотида узилишлар бўлмади. Бозорларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари мўллиги ва арзонлиги таъминланди.

Дарҳақиқат, бозорлар арзонлиги ўз-ўзидан таъминланиб қолгани йўқ. Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бу борада турли ташкилотлар билан ҳамкорликда бир неча марта мурожаатнома ишлаб чиқди. Шунга кўра, баҳордаёқ барча юртдошларимиздан ўз ҳовлисини, томорқаларини тартибга келтиришни, бирон қарич ерни ҳам бўш қолдирмасдан экин экиши сўралди.

Негаки, карантин шароитда томорқа ерларига сабзавот, полиз экинлари  ва бошқа озуқа экинларини экиш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдек олижаноб ишга ўз ҳиссамизни қўшишимиз шарт эди. Демак, ҳар биримиз томорқа қўшимча даромад манбаи эканини доимо ёдда сақлаган ҳолда, ундан йилига икки уч маротаба ҳосил олиш борасида тарғибот ишларини олиб бордик. Тажрибали деҳқонларнинг маслаҳатларига амал қилиб, бир ёқадан бош чиқариб, жойларда маҳорат дарслари ўтказдик. Бундай уринишларимиз албатта, самара берди. Жорий йилда юртимизда олти ярим миллион тоннага яқин ғалла, 3 миллион тоннадан зиёд пахта, 21 минг тонна пилла, 22 миллион тонна мева-сабзавот, икки ярим миллионлари етиштирилди.

Биргина фермерлик соҳасининг ривожига эътибор қаратадиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган даврида 11 мингга яқин, яъни 90 фоиз фермер хўжаликлари кўп тармоқли хўжаликларга айлантирилди. Натижада қарийб 37 минг аҳоли иш билан таъминланди. Ишлаб чиқариш ҳажми ва тури ҳам кўпайди.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши саъий-ҳаракати туфайли аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланиш бўйича қатор қарорлар қабул қилинди. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, унинг ҳудудий органлари, маҳалла фуқаролар йиғинларида томорқа хўжаликлари бўйича алоҳида ўринбосар лавозими жорий этилди. Шахсий томорқа хўжаликлари самарадорлигини оширишга қаратилаётган ана шундай чора-тадбирлар натижасида бу йил тўрт ярим миллион аҳолига тегишли 432 минг гектар томорқа майдонларида экинлар тўлиқ экилди.  10 миллион тоннадан зиёд маҳсулот етиштирилди.

Яна бир йўналиш – ўзлаштирилган ернинг ижара ҳуқуқи муайян озиқ-овқат турини етиштириш шарти билан 5-10 йилга сотиладиган бўлди. Бундан тушган маблағ эса янги ерларни ўзлаштиришга сарфланади. Бу ҳам албатта кенгаш раисининг янги ташаббусларидан бири эди.

Ҳар сафар айтишдан чарчамайман серқуёш юртимизда апрель ойининг иккинчи ярмида кўкат, помидор, бодринг, май ойида эса гилос ва ўрик пишади. Экспортнинг 60-70 фоизи ҳам ушбу маҳсулотлар ҳиссасига тўғри келади. Айни вақтда 4,5 миллиондан ортиқ деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгаси 435 минг гектар унумдор экин майдонида меҳнат қилмоқда. Жойларда «Дала дўконлари»ни ишга тушуриш, артезина қудуқлар қазиш борасида ҳам лойиҳаларни амалга оширмоқдамиз.

Етиштирилган сархил маҳсулотни ўз вақтида арзон ва сифатли тарзда аҳолига етказиб беришни ҳам унутмаслигимиз керакда. Бунда эса ҳар бир туманда ташкил этилаётган «Дала дўконлар» жуда қўл келади. Зеро, серҳосил еримиз, даромад олишга томорқалар бор экан, доимо ундан унумли фойдаланиш, хонадонлар обод бўлиши учун ҳаракат қилишимиз керак. Ана шунда юртдошларимиз орасида камбағал яшаётганлар бўлмайди.    

А. Хаитов раҳбарлик қилаётган жамоа келгусида ҳам фермер ва томорқачиларни оёққа туриши учун кўмаклашиш, аҳоли бандлигини ошириш ва даромадларини кўпайтиришда фаол иштирок этади. Бунинг учун эса ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадонга кириб бориш, уларнинг муаммоларини ечиш, хизматлар кўрсатиш борасида янгидан-янги лойҳалар тайёрланмоқда.

ЎзА мухбири Сайёра ШОЕВА ёзиб олди.

https://uza.uz/uz/posts/ahaitov-barcha-harakatlarimiz-aholini-boy-qilishga-qaratilgan_198869

error

Bizni kuzating

Follow by Email
YouTube
YouTube
Telegram