Хоразмнинг “ўсиш нуқталари” белгиланди

Президентимиз ҳудудлар ривожи, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида жорий йилнинг 12 март куни Хоразм вилоятига борган эди. Ташриф жараёнида кўплаб ислоҳотлар билан танишиб, воҳада йирик лойиҳаларни амалга ошириш, ташаббусларни рўёбга чиқариш, аҳоли турмуши фаровонлигини таъминлаш бўйича масъуллар олдига аниқ вазифалар қўйганди.

Бу ташриф ҳақиқатан халқнинг узоқ кутилган орзу-умидларини рўёбга чиқариш, янгиланишлар остонасига қадам қўйишига замин яратди. Ўтган қисқа вақт ичида мамлакатимизнинг бошқа вилоятларида бўлгани сингари Хоразм воҳасида ҳам улкан янгиланиш ва ўзгаришлар рўй берди. Ҳудудда ишга туширилган йигирмага яқин йирик лойиҳалар бошланган ишларнинг бир қисми холос. Бир пайтлар фақат аграр соҳага ихтисослашган воҳа бугун саноатлашган ҳудудга айлангани айни ҳақиқат.

Давлатимиз раҳбари ислоҳотларнинг маҳаллабай тизимда қандай йўлга қўйилгани, одамлар ҳаётидаги ўзгаришларни кўриш, навбатдаги режаларни белгилаш ҳамда халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 12-13 декабрь кунлари яна Хоразм вилоятида бўлди. Бу мамлакатимиз раҳбарининг шу йилнинг ўзида Хоразм вилоятига иккинчи ташрифи эди. Шу боис, сафар чоғида жойлардаги учрашувлар, самимий мулоқотлар, янги лойиҳалар тақдимотларида билдирилган фикрларни юртдошларимиз катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кузатиб борди.

«Бешинчи авлод» технологиясига эга иссиқхона

Президентимиз бундан уч йил аввал кескин континентал иқлимга эга воҳа шароитида йирик ҳажмли иссиқхоналар қуриш ғоясини илгари сургани ёдимизда. Бу ташаббусдан сўнг 7 гектар майдонда 205 миллиард сўмлик миқдордаги хориж ва миллий банкларнинг имтиёзли кредитлари эвазига бешинчи авлод инновацион технологияларига асосланган иссиқхона қуриб, фойдаланишга топширилди. Энг муҳими, ўтган тўққиз ойда бу ерда минг тоннадан ортиқ бодринг, беш юз тоннага яқин помидор етиштирилиб, ички ва ташқи бозорга чиқарилди.

Хоразм вилоятига ташриф айнан Хонқа туманидаги инновацион иссиқхонадан бошлагани бежиз эмас. Чунки бундай «бешинчи авлод» технологиясига эга иссиқхоналар дунёда 200 гектар атрофида. Шундан 7 гектари бизнинг мамлакатимизда. Шу жиҳатдан, давлатимиз раҳбари бундай иссиқхоналар кўпайиши учун бошқа тадбиркорларни ҳам ўргатиб, ҳар томонлама ёрдам бериш кераклигини айтди. Ушбу мажмуани ўзига хос мактаб сифатида белгилаб, тадбиркорларни ўқитиш зарурлигини билдирди.

Биз ҳам «Аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишнинг янги тизими» бўйича тақдимот қилдик. Биринчи навбатда бу ерда шоличиликни ривожлантириш масалалари, айниқса, «темир дафтар»даги эҳтиёжманд оилаларга очиқ ва шаффоф қилиб ерларни тақсимлаб бериш бўйича аниқ топшириқлар берилди. Айни пайтда вилоятда иккита томорқа кластери ташкил қилинаётган бўлса, уларнинг сони келгуси йили яна бештага кўпайтирилади.

Тақдимотда Янгибозор туманини томорқадан йилига икки-уч маротаба ҳосил оладиган энг намунали туманга айлантириш бўйича 8 та йўналишда аниқ режаларни белгилаб олдик. Биринчиси, 1-3 сотихли ихчам иссиқхоналарни кўпайтириш. Иккинчи йўналиш – узумчиликни ривожлантириш. Учинчидан экспортбоп анор экишга маҳаллаларни ихтисослаштириш бўйича ҳам топшириқлар берилди. Албатта, бу лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида вилоятнинг экспорт салоҳияти, ҳажми кескин ошиб, минглаб янги иш ўринлари яратилади.

Яна бир муҳим жиҳат, ҳозирги пайтда чорва ҳайвонлари ва паррандаларнинг еми бўлган соя экиш ва ундан юқори даромад олиш бўйича тажрибани оммалаштириш энг асосий масала ҳисобланади. Зеро, бунинг натижасида ҳам ернинг ҳосилдорлиги ортади, ҳам деҳқонларимизга қўшимча даромад бўлади. Энг муҳими, соя экилса, битта майдондан икки баробардан зиёд даромад олиш, яна кўпроқ одамларни иш билан таъминлаш мумкин. Шундан келиб чиқиб, бу борада ҳам муҳим вазифаларни белгилаб олдик.

“Маҳалла раиси  ислоҳотчи” тамойили асосида

Маҳалла тизими жамиятимизнинг энг муҳим ва таянч бўғини ҳисобланади. Боиси, биздаги каби маҳалла институти дунёнинг бошқа ҳеч бир давлатида учрамайди. Шу жиҳатдан, ушбу институтнинг Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришда аҳолининг кенг қатламлари манфаатларини ифода этишдаги роли тобора ортиб бораётир.

Бинобарин, бугун маҳаллалар аввалгидек мурожаатлар билан чекланиб қолмай, одамлар ичига кириб, уларнинг дарду ташвишларини тинглаб, мавжуд муаммоларга тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ечим топмоқда. Қувонарлиси, улар аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича оилавий ва хусусий тадбиркорликнинг энг яқин кўмакчисига айланган. Табиийки, агар қайси маҳаллада иш тўғри ташкил этилса, фуқаролар билан яқин ҳамкорлик ўрнатилган бўлса, ўша ерда ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳити ҳукм суради.

Давлатимиз раҳбарининг воҳага ташрифи давомида Хоразм вилоятини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, маҳаллабай ишлаш бўйича янги тизимни йўлга қўйиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Бу борадаги вазифаларни аниқлаш учун вазирлик ва тармоқлар, банклар вакилларидан иборат Республика ишчи гуруҳи вилоятдаги 519 маҳалланинг муаммоларини ўрганди. Уларда яшовчи аҳолининг имкониятлари, уларнинг даромадини ошириш, қайси йўналишлар бўйича иш олиб бориш кераклигидан келиб чиқиб, ўсиш нуқталари белгиланди. Энди маҳалла раислари хонадонларга йирик тадбиркорларни касаначилик тизимида ишлаш учун бириктириб беради. Шу орқали оилаларга даромад топиш учун кўмаклашилади.

Тан олиш керак, ҳозирга қадар ислоҳотларни энг қуйи бўғинга етказишда маҳалланинг вазифалари нимадан иборат эканини маҳалла раислари ҳам, ҳаттоки, туман ҳокимлари ҳам яхши тушунмас эди. Шу сабабдан давлатимиз раҳбарининг шаҳар ва туманларда солиқ, молия, бандлик, инвестиция, тадбиркорлик ва бошқа масалаларга масъул раҳбарларни маҳаллаларга бириктириш тўғрисидаги таклифи жуда ўринли бўлди. Бундан буён маҳалла раислари ўз ҳудудидаги муаммолар бўйича уларга талаб қўйиш имконига эга бўлади, аҳолини қийнаб келаётган масалаларни биргаликда ҳал этиш чораларини кўради. Бу орқали кўп йиллардан буён энг қуйи тизимларда тўпланиб қолган муаммоларга ўз вақтида барҳам берилади, одамларнинг маҳалла институтига бўлган муносабати ўзгаради.

«Ўсиш нуқталари» белгиланди

Урганч шаҳрида вилоят фаоллари ва тармоқлар мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш ва хизматларни ривожлантириш, иш ўринлари яратиш, кам таъминланганларни камбағалликдан чиқариш, маҳаллалардаги ижтимоий шароитларни яхшилаш каби долзарб ижтимоий-иқтисодий масалалар муҳокама қилиниб, ҳар бир шаҳар ва туман, маҳаллаларда мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб, «ўсиш нуқталари» белгиланди.

Эндиликда Урганч шаҳрида тўқимачилик ва туризм, Хива шаҳрида туризм ва қурилиш материаллари, Гурлан туманида тўқимачилик ва иссиқхона хўжалиги, Янгибозор туманида иссиқхона ва мева-сабзавотни қайта ишлаш, Тупроққалъа туманида машинасозлик ва электр техникаси каби йўналишлар ривожлантирилади. Бу йўналишларда ишлаб чиқилган лойиҳаларни амалга ошириш учун ҳар бир ҳудудга вазирлик ва банклар раҳбарлари бириктирилди.

Бу борада 2021 йилда воҳада оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, ёшлар ва аёллар бандлигини ошириш мақсадларига 500 миллиард сўм кредит ресурси ажратилиши ҳам муҳим воқелик бўлди.

Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг Хоразм вилоятига ташрифи том маънода тарихий воқеа бўлди. Ҳудуд аҳлининг кайфиятини кўтарди, эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлади. Ҳар бир ёшга, тадбиркорга беқиёс куч-қувват бағишлади, янги лойиҳаларга илҳомлантирди. Демак, энди белгилаб берилган топшириқлар ижросини сифатли ва юқори савияда таъминлашда барчамиз, хусусан, биз депутатлар ҳам фаол ва ташаббускор бўлишимиз лозим.

Актам ҲАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари,
ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари

http://xs.uz/uzkr/post/khorazmning-yangilanayotgan-tarikhida-yangi-sahifa-ochgan-tashrif

error

Bizni kuzating

Follow by Email
YouTube
YouTube
Telegram