Томорқачилик сердаромад соҳа

Бухоро вилояти Бухоро туманида мевали боғ ташкил қилиш бўйича амалий семинар бўлиб ўтди. Унда туман ҳокимлиги, сектор раҳбарлари, соҳа мутахассислари, ташаббускорлар қатнашди.

Семинарда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси раҳбари Актам Ҳаитов иштирок этди.

Туманда янги ўзлаштириладиган 1000 гектарга яқин ерлардан фермерлар, томорқа ер эгалари, тадбиркорларга ер майдони ажратиб берилади. Мазкур ерларда олхўри, ўрик, шафтоли, олма, анор, узум каби экспортбоп мевали кўчатлар экилади. Шу орқали аҳолига даромад келтирадиган мевали боғ ва токзорлар ташкил этилиши кўзда тутилмоқда.  

Соҳа мутахассислари томонидан семинар иштирокчиларига мевали кўчат экиш, қиш мавсумида анор кўчатларини кўмиш тартиби батафсил тушунтирилди. Семинар ташкилотчилари томонидан аҳоли хонадонларида узум ва мевали дарахтлар кўчатларини кўпроқ ўтқазиш ташаббуси илгари сурилди.

Туманнинг Сўфикоргар маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 1 минг 406 та деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари мавжуд. Улар ихтиёрида 183,2 гектар экин майдони бор. Унда асосан сабзавот экинлари экилади. Ушбу маҳалла катта салоҳиятга эга бўлиб 321 та иссиқхонадаги 5,8 гектар экин ерларида лимон, помидор, бодиринг, кўкатлар ва тўқсонбости сабзавот экинлари етиштирилмоқда. 860 тадан ортиқ хонадон бир йилда икки-уч мартадан ҳосил олади. Маҳалла “Бир маҳалла бир маҳсулот” тамойили асосида сабзавотчиликка ихтисослашган.

Туманнинг Сўфикоргар маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи томорқа ер эгаси Рўзи Шеров ҳамда Нурилло Жумаев хонадонида кўргазмали семинар ташкил этилди. Унда томорқа ер эгалари иштирокида тўқсонбости экинларини экиш ва уларни парваришлаш агротехнологиялари, иссиқхонада бир вақтда картошка ва редиска экини экиб ердан янада самарали фойдаланган ҳолда даромад олиш тўғрисида батафсил маълумот берилди.

– 6 сотих томорқа ер майдоним мавжуд, – дейди Рўзи Шеров. – Шундан 5,7 сотих иссиқхона, 2,5 сотих саримсоқпиёз қолган майдонда картошка экилган. Меҳнат қилсанг албатта натижасини кўрасан. Оиламиз билан бандлигимиз таъминланган. Бундан ташқари 4 бош қўй, 2 бош қорамол, 15 та товуқ парваришлаяпмиз.  

– Томорқа кони фойда, – дейди Нурилло Жумаев. – 5 сотих томорқа ер майдонимиз бор. Оиламиз билан шу ерда меҳнат қиламиз. Шундан 3 сотих иссиқхонада булғор қалампири етиштиряпмиз. Хонадонимизда 5 бош қўй, 3 бош қорамол, 15 та товуқ ҳам парваришлаяпмиз.  

Семинарда кооперациядаги етиштирилаётган аччиқ қалампир, булғор қалампири, бақлажон, кўчатлар, сутни қайта ишлаш цехи, хориждан олиб келинган зотдор эчкилар, товуқлар, великан қуёнларни боқишнинг сир-асрорлари бўйича маълумот берилди.

– Вилоят бўйича 11 та туманда бошқа вилоятлардан фарқли равишда 11 та иссиқхоначилик ишлаб чиқариш кооперативлари ташкил этилган, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O’zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Ҳаитов. – Уларга 15,2 гектар ер майдони ажратиб берилди. Кооперативларга 395 нафар ишсиз фуқаролар бириктирилди. Уларнинг ҳар бирига ўртача 1,5-2,2 сотихдан иссиқхона майдони ажратилган. Мазкур ишлаб чиқариш кооперативларида 1,2 минг тоннадан ортиқ маҳсулот етиштириш кўзда тутилган. Айни кунларда етиштирилган маҳсулотлар йиғиштириб олинмоқда.  

Кооперативларга бандликка кўмаклашлашиш маркази 932 миллион сўм субсидия ва 7,7 миллиард сўм банк кредит маблағлари ҳамда 5,5 миллиард сўм Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Жамғарма ресурс маблағлари ажратилган. Бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.  

Зариф КОМИЛОВ,  ЎзА

https://uza.uz/uz/posts/tomorqachilik-serdaromad-soha_193193

error

Bizni kuzating

Follow by Email
YouTube
YouTube
Telegram