Хорижда Ўзбекистон мева-сабзавотига талаб юқори

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 1 гектар сувли майдонда етиштирилган пахта хомашёсига нисбатан узумдан 7 баравар, гилосдан 6 баравар, ёнғоқдан 5 баравар кўп даромад олиш имконияти мавжуд. Агар ушбу маҳсулотлар экспорт қилинадиган бўлса, даромад янада ортади.

Қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланиш, айниқса томорқа  ерларидан икки уч марта ҳосил олиш, иссиқхоналардан самарали фойдаланиш натижасида республикамизда йилига 10 млн. тонна сабзавотлар, 17 млн. тонна мевалар ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилмоқда. Бу йил сайин ўсиб бораётган халқимизни озиқ-овқат маҳсулотлари билан янада тўлароқ қондирилмоқда. 

2020 йилнинг 10 ойида экспорт қилинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 2017 йилга нисбатан икки баробарга кўпайган. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 декабрдаги “Экспортга кўмаклашиш ва уни рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4069-сонли қарорига мувофиқ 2020 йилда жами
1 млрд 553,4 млн. долларлик ёки 1,175 млн. тонна мева-сабзавот
маҳсулотларини экспорт қилиш топшириғи берилган эди. 

Лекин март ойида республикамизга кириб келган коронавирус пандемияси туфайли, хорижий ҳамкор давлатлар чегараларининг ёпилиши ва экспортни амалга ошириш чекланганлиги муносабати билан мева-сабзавотлар экспорти ҳам бир оз камайди. 

Жорий йилнинг 9 ойида 1 млн. 93 минг 842 тонна ёки 698,3 млн. долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан тоннаси бўйича 67 минг тоннага кўп бўлсада, қиймати бўйича 250,8 минг АҚШ долларига камдир. Республикамиздан жорий йил 9 ойида жами 516,5 минг тонна янги узилган, қуритилган ва музлатилган сабзавотлар экспорт қилинган. Бу ўтган йилга нисбатан 12.2 минг тоннага кўп бўлсада, қиймати бўйича 134,7 млн. АҚШ доллари мқдорида камдир. Энг кўп экспорт қилинган сабзавотлардан помидор, бодиринг, сабзи, пиёз, карам, броколли, қуритилган сабзавотлар ва кўкатлар. 

Янги узилган ва қуритилган мевалардан  2020 йил 9 ойида четга 400 минг тоннага яқин ёки 400 млн. 617 минг АҚШ доллари миқдорида экспорт қилинган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 93 минг АҚШ долларига камдир. Лекин экспорт қилинган мевалар тоннаси бўйича ўтган йилга нисбатан 6,5 минг тоннага кўпдир.

Вилоятлар бўйича таҳлил қиладиган бўлсак, мева-сабзавот экспорти бўйича Тошкент, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё ва Фарғона вилоятлари биринчи бешталикни банд қилмоқда. Жорий йилда Самарқанд, Бухоро ва Навоий вилоятларида бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 2-2,5 баробарга камайган. 

Лекин коронавирус пандемиясига қарамасдан Тошкент ва Хоразм вилоятларида мева-сабзавот маҳсулотларини четга экспорт қилиш хажми кўпайган. Масалан, Тошкент вилоятида 2019 йил 9 ойида  246 минг тонна мева-сабзавот экспорт қилинган бўлса, жорий йил бу кўрсаткич 386,2 минг тоннани ташкил этган, ёки 140 тоннага кўпайган. Лекин биргина Тошкент вилояти бўйича экспортга ортилган маҳсулотлар қийматини солиштирадиган бўлсак, бу ўтган йилги кўрсаткичдан 15 млн. АҚШ долларига камдир.

Мева сабзавот маҳсулотлари асосан 55 та мева-сабзавотчиликка ихтисослашган туманлардан экспорт қилинмоқда. Масалан, Жиззах вилоятининг Ғаллаорол, Дўстлик, Фарғона вилоятининг Олтиариқ, Қува, Тошлоқ, Наманган вилоятининг Тўрақўрғон, Янгиқўрғон ва Чортоқ, Тошкент вилоятининг Қибрай, Паркент, Зангиота, Тошкент туманларида, Самарқанд вилоятининг Самарқанд. Тойлоқ, Каттақўрғон Сурхондарё вилоятининг Термиз, Ангор, Олтинсой туманларида кўплаб мева-сабзавотлар экспортга жўнатилган.   

Узум экспорти хақида. Жорий йилнинг 11 ойида республика бўйича четга 100 минг тоннадан зиёд узум экспорт қилинди. 

Республикамизда қуритилган янги узилган узум ва қуритилган узум яъни майиз экспорти ҳам жорий йилда сезиларли кўпайди. Масалан, 2020 йил 10 ойида 31 550 тонна ёки қиймати 42 млн. АҚШ доллари миқдорида майиз экспортга жўнатилди. Унинг 28 фоизи Хитойга, 14 фоизи Қирғизистон ва 10 фоизи Туркияга экспорт қилинган.

Дунёдаги майиз экспорт қилувчи давлатлар орасида Ўзбекистон
8 чи ўринга кўтарилди. Шу алоҳида таъкидлаш лозимки, майиз экспорти Нидерландияга 7,4 баробарга, Мўғилистонга 4,2 баробарга ва Грецияга 1,5 баробарга ортган.

Майизнинг асосан қора кишмиш, қўнғир ва сариқ тиллоранг навлари кўплаб экспорт қилинмоқда.

Бу йил илк бор майиз маҳсулотимиз Канада, Франция, Италия, Греция, Покистон ва Мўғилистонга экспорт қилинди. 

Мева-сабзавотлардан ташқари республикамиздан дуккакли маҳсулотлар ва полиз маҳсулотлари ҳам четга экспорт қилинмоқда.

Ўтган 9 ойда четга жами 78 минг тоннадан зиёд ёки 85 млн. АҚШ долларлик дуккакли ва 101,5 минг тонна ёки 32,1 млн. АҚШ доллари миқдорида полиз маҳсулотлари (Қовун, тарвуз ва қовоқ ) экспортга жўнатилган. Экспорт хажмининг камайишига короновирус пандемияси ўзининг салбий таъсирини кўрсатди.

Мош экспорти бу йил 28,6 минг тоннани ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,3 минг тонна ёки 10,2 млн. АҚШ долларга кўпдир. 

Муҳтарам Президентимизнинг бир қатор қарорлари билан экспортер корхоналарга бир қатор имтиёзлар ва қулайликлар яратилмоқда. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги
ПҚ-5969-сонли қарорига асосан 2020 йилнинг 1 октябридан мамлакатимиздан мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилаётган экспортерларга имтиёзлар бериш мақсадида уларни ташиш харажатларининг 50 фоизини Ўзбекистон Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш Жамғармаси ҳисобидан қоплаб бериш йўлга қўйилди. Бу енгиллик ўз навбатида экспорт хажми ва географиясини ортишига сабаб бўлди.  

Экспорт географияси. Бугунги кунда Республикамизнинг фермер, деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларидан етиштирилган  80 хилдан ортиқ мева-сабзавот маҳсулотлари 70 дан ортиқ давлатларга экспорт қилинмоқда. Улар ичида АҚШ, Канада, Хитой, Малайзия, Индонезия, Сингапур, Марокаш, Кипр, Туркия, Саудия Арабистони, БАА, Германия, Франция, Испания, Нидерландия, Хорватия, Польша, Болгария, Болтиқ бўйи давлатлари, Жазоир, Корея, Япония, Бразилия, Исроил, Австрия, Россия, МДҲ давлатлари ва бошқа кўпгина давлатларни мисол келтириш мумкин.

Аҳоли томорқаларида етиштирилаётган маҳсулотларни бир қатор «Томорқа хизмати» корхоналаримиз ҳам экспортга ҳам чиқаришни бошлади. Жумладан, Тошкент вилояти Оҳангарон «Томорқа хизмати» МЧЖ корхонаси 92 минг долларлик олма ва пиёз маҳсулотларини, «Хатирчи томорқа хизмати» корхонаси 2,2 миллион доллар миқдорида аҳоли томорқаларида етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини Қозоғистон, Грузия, Туркия, Эрон, Ироқ ва Озарбайжон давлатларига экспорт қилди.

Бир қатор давлатлар Ўзбекистоннинг экологик тоза ва ўта мазали мева-сабзавот маҳсулотлари импортини кўпайтириш мақсадида бизнинг экспортер корхоналаримизга бир мунча имтиёзлар бермоқда. Масалан, Россия Федерацияси Ҳукуматининг 2019 йил 31 декабрдаги 1952-сонли “Россия Федерацияси Ҳукуматининг 2004 йил 31 декабрдаги 908-сон қарорига ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қарорига асосан 2020 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистондан Россия ҳудудига олиб кириладиган мева-сабзавот маҳсулотлари рўйхати кенгайтирилди. Ўзбекистоннинг асосий хўл мева маҳсулотлари ҳисобланадиган тарвуз, қовун, узум, анжир, олма, нок, бехи,ўрик, гилос, олча, шафтоли (шу жумладан нектарин), олхўри ва лимонга нисбатан аввал амал қилган 20 фоизли ҚҚС ўрнига 10 фоизли ставка жорий этилди. Ушбу имтиёз Ўзбекистон Россияга экспорт қилинадиган қуруқ меваларга нисбатан жорий этилмайди. Бу категория бўйича 20 фоизли ҚҚС сақланиб қолади.  

Россия қонунчилигига киритилган ушбу ўзгаришлар Ўзбекистондан Россия бозорига мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти хажмини сезиларли даражада оширди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2023 йилга бориб  Ўзбекистондан четга мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилиш хажмини
5 млрд. АҚШ долларига етказиш топшириғи берилган. 

Мева-сабзавотчилик ва узумчилик тармоғида фермер хўжаликлари билан бир қаторда кластерлар тизимини ривожлантириш юртбошимизнинг ушбу катта топшириғини бажариш ва Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини янада ошириш имкониятини яратади.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликларива томорқа ер эгалари кенгашининг бош мутахассиси, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Ҳ.Ғиёсов

error

Bizni kuzating

Follow by Email
YouTube
YouTube
Telegram