ЯНГИ ТЕХНОЛОГИЯ ШАРОФАТИ.

Қува замини ўзининг деҳқончилиги ва серҳосил боғу-роғлари билан бутун республикамизга донғи кетган. Бу баракали тупроқда етиштирилган сабзавот ва мевалар ўз юртимиздан ташқари қўшни давлатлар, шунингдек, ҳамдўстлик  мамлакатлари бозорларини ҳам тўлдирмоқда.

Бугунги кунда туманда пахта ва ғалла етиштирувчи 244 та, боғдорчиликда
361 та, 14 та сабзавот ва 12 та чорвачилик фермерлари фаолият кўрсатишмоқда. Айтиш мумкинки, туманда деҳқончиликда донг таратган, бутун умр шу соҳада суяги қотган асл миришкорлар кўплаб топилади. 2006 йилда ташкил этилган
«Шахринисо Курбонова» фермер хўжалиги ҳам ана шундай юксак таърифга лойиқ мамлакатимиздаги илғор соҳа вакилларидан. Дастлаб 33 гектар майдонда деҳқончиликни бошлаган хўжалик ўз имкониятларини юксалтириб, юқори ҳосил олишнинг сир-синоатларини етарлича ўрганди.  Айни пайтда хўжаликнинг экин майдонлари  кенгайтирилиб, 41 гектар майдонда пахта, 33 гектар жойда эса ғалла етиштирилмоқда. Муҳим жиҳати шундаки, мазкур фермер хўжалиги аъзолари ташкил этилгандан буён бирор йил қолдирмасдан пахта ва ғалла тайёрлашда режаларни ортиғи билан уддалаб келишмоқда. Хўжалик раҳбари Музаффар Қурбонов аслида ёшлигидан далада юриб катта бўлган, десак муболаға бўлмайди. Ўрта мактабни битиргач, Бухоро давлат технология олийгоҳида беш йил давомида таълим олиб қайтди. Ўқишни битириб келиб, диплом бўйича  бир-икки жойларда ишлади. Лекин барибир, қадрдон дала ўзига чорлайверди. Яъни,  олий  таълимда  эгаллаган билимларини фермерчиликда синаб кўришга аҳд қилди. 

Маълумки, деҳқончиликда энг асосийси – ҳосилдорлик. Бугунги кунда хўжаликда пахтадан олинаётган ҳосилдорлик 35 центнерни ташкил этмоқда. Жорий йилдаги кўзланаётган мақсад эса 40 центнер. Ғалла етиштиришда эса анчайин тажриба ортиб, ижобий натижаларга эришилмоқда. Жумладан, бу йилга деҳқончилик йилида энг сара буғдой нави етиштирилиб, 70 центнердан ғалла ҳосили йиғиб олинди ва белгиланган режа 120 фоизга адо этилди.

Буғдойдан бўшаган экин майдонлар дарҳол ҳайдовдан чиқарилиб, такрорий экин учун аъзоларга бўлиб берилади. Картошка, сабзи, мош, ловия, лавлаги каби зарур озиқ-овқат экинлари экилиб, алоҳида эътибор билан етиштирилмоқда.

Фермер хўжалигида пахта ва ғалладан ташқари, боғдорчиликка ҳам яхши эътибор билан қаралмоқда. Жумладан, 15 гектар майдонда боғ майдони барпо этилган бўлиб, мамлакатимиз аҳолисини  турли туман сара ва мазали мева билан таъминлашда ўзининг муносиб ҳиссасини  қўшаётир.

Етти хазинанинг бири бўлган асаларичилик йўналишини ривожлантиришга ҳам жиддий эътибор билан қаралаётир. Ҳозирда хўжалик ҳудудида 30 қути асаларилар меҳр билан парваришланмоқда. Шунингдек, чорвачилик ва паррандачилик йўналишлари ҳам йилдан – йилга ривож топиб бормоқда.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари  ва томорқа ер эгалари кенгашининг масъул ходими В.Латипов билан суҳбатлашганимда, мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг кўплаб фармон ва қарорлари қабул қилингани тўғрисида гапирган эди. Хусусан, томчилатиб суғоришни жорий этган фермер хўжаликларига ҳар бир гектар майдони учун давлат бюджетидан 8 миллион сўмдан субсидия ажратилиши тўғрисида гапирган эдилар. Фермер хўжалиги раҳбари Музаффар Қурбонов  ҳам бу  имтиёздан фойдаланиб улгурди. Республикамиздаги бир қанча илғор фермерлар билан биргаликда  Туркия  давлатига бориб, пахтани томчилатиб суғориш технологиясини олиб келишга муваффақ бўлди. Технологиянинг муҳим ютуқларидан бўлган усулни ғайратли фермер дарҳол ўзининг пахта даласида синаб кўришга аҳд қилди ва
13 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этди.
Янгилик  фермер кутганидан ҳам яхши натижани тақдим этди. Янги технологиянинг илғор усулида етиштирилган майдонда пахталар бугун кўзни қувонтирар даражада барқ уриб очилган. Йилдан –йилга сув ресурслари камайиб, ундан оқилона ва тежаб-тергаб фойдаланишга эътибор қаратилаётган пайтда бу усулни қўлланаётгани жуда муҳим. Келгуси йилда хўжаликнинг қолган экин майдонларини ҳам шундай илғор технология усулига ўтказиш режалаштирилган.

Бугунги кунда хўжалик  80 нафар аъзога эга. Уларнинг ҳаммасига меҳнат дафтарчаси юритилаётган бўлиб, ойлик маош тўлаб борилади. Хўжалик аъзолари ойлик маошдан ташқари доимий равишда рағбатлантириб  турилади. Ишловчилар ҳам бегона эмас – қўни – қўшни, маҳалладош, шу Ўзбек  қишлоғида яшовчилар.  Улар бир – бирини ҳолидан хабардор бўлиб туришади. Хўжалик ўзининг   шинамгина  дала шийпонига эга бўлиб, самарали ва заҳматли меҳнатдан сўнг  шу ерда  тушлик қилишиб, маъданий  ҳордиқ чиқаришади. Ишловчилар учун бу ерда барча шарт – шароитлар яратилган. Ошхона ва ювиниш хоналари замонавий таъмирдан чиқарилган. Маънавият ва маърифат хонасида эса газета-журнал,  бадиий китоблар мавжуд. Бутун дунёда давом этаётган пандемия кўплаб қийинчиликларни келтириб чиқарди. Аҳамиятли жиҳати шундаки, карантин даврида ишловчиларни ижтимоий ҳимоясига алоҳида эътибор қаратилиб, ҳар томонлама қўллаб –қувватланди. Уларга энг аввало зарур озиқ –овқат маҳсулотлари тарқатилди.

Фермер хўжалиги ҳомийлик ишларида ҳам фаол қатнашиб туради. Қишлоқ кўчаларини асфальтлаш, таъмирлаш ишларида, айниқса, ҳудуддаги 5 ва 6-мактабларни ҳар йили жорий таъмирлашда яқиндан кўмак бериб келади.

Одилжон ЭРГАШЕВ

error

Bizni kuzating

Follow by Email
YouTube
YouTube
Telegram