Бу йил деҳқонларимиз қайси маҳсулотни энг кўп етиштирди?

Амалга оширилган ислоҳотлар туфайли фермер ва деҳқон хўжаликлари фаолиятини ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда уларни етакчи кучга айлантириш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда зарур шарт-шароитлар яратилди.

Натижада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 99 фоизидан ортиғи фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер майдонларида етиштирилишига эришилди.

Давлат статистика қўмитасининг ахборот хизматидан маълум қилишларича, 2020 йилнинг 1 июль ҳолатида кўп миқдорда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилган. Агарда уларнинг ҳажми жиҳатидан кўриб чиқадиган бўлсак, энг катта хирмон донли экинлар ҳисобига барпо этилган бўлиб, 51,6 миллион тоннани ташкил этмоқда. Шунингдек, 3,0 миллион тонна сабзавотлар, 1,5 миллион тонна картошка, 1,0 миллион тонна мева ва резаворлар етиштирилган. Полиз экинлари ҳажми эса 205,1 минг тоннага етди.

Шу ўринда бу маҳсулотлар ўзига хос хусусиятлари туфайли жой танлашига ҳам эътибор қаратишга қарор қилдик. Вилоятларнинг иқлим-шароитига кўра, экинлар ҳосилдорлиги билан фарқланади. Мисол учун, Қашқадарёда энг кўп донли экинлар етиштирилган (619,2 минг тонна маҳсулот). Андижонда эса энг кўп сабзавотлар (544,3 минг тонна), Самарқандда энг кўп картошка етиштирилганига (285,4 минг тонна) гувоҳ бўлиш мумкин.

Шунингдек, мева ва резаворлар етиштиришда 233,4 минг тонна билан Андижон вилояти пешқадамлик қилса, Сурхондарёда энг кўп полиз экинлари -54,9 минг тонна етиштирилган.

http://uza.uz/oz/society/bu-yil-de-onlarimiz-aysi-ma-sulotni-eng-k-p-etishtirdi-23-09-2020

error

Bizni kuzating

Follow by Email
YouTube
YouTube
Telegram