Қишлоқ хўжалиги вазири — уни судга берган Sulton Tex Group атрофидаги вазият ҳақида

Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев уни ва ҳукуматнинг бошқа аъзоларини судга берган Sulton Tex Group корхонаси атрофидаги вазиятга изоҳ берди. Вазир фермерлар манфаати йирик корхоналар манфаати каби муҳим эканини таъкидлади. Шу билан бирга, ишлаб чиқаришнинг кластер шаклида барча иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб берувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳалигача мавжуд эмаслигини тан олди.

Кеча, 17:05   Иқтисодиёт

16 июль куни Қибрай тумани маъмурий судида судья Аҳрорбек Эралиев раислигида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Ўктам Барноев, қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев ва қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Тешаев устидан Sultan Tex Group шикояти бўйича эшитуви бўлиб ўтди.

Корхонанинг ижрочи директори Нурбек Эргашев суддан юқоридаги ва бошқа мансабдор шахсларнинг баъзи ҳаракатларини ноқонуний деб эълон қилишни сўради. Гап Sulton Tex Group га банк томонидан пахта етиштириш учун кредит сифатида ажратилган 5,6 млрд сўмни ғалла ҳосилини озиқлантириш ва ғалла ўриш комбайнларини таъмирлашга йўналтириш бўйича талаб ва мажбуриятлар қўйилгани ҳақида кетмоқда («Газета.uz» бу ҳақда батафсил ёзган эди).

Бундан ташқари, тадбиркорнинг сўзларига кўра, 8 апрель куни Вазирлар Маҳкамасида бўлиб ўтган йиғилишда келтирилган корхона фаолияти тўғрисида «асоссиз» маълумотларни бериш қонунга зид. Натижада бу Sulton Tex Group`нинг пахта ва тўқимачилик кластерлари рўйхатидан чиқарилиши ва унинг ўрнига кооперация яратилиши (фермерларни кластер билан шартномаларни тўхтатиш ва кооперативга ўтишга мажбур қилиш орқали), шунингдек пахта тозалаш заводи ва бошқа қурилмаларнинг тортиб олинишига олиб келди. Буларнинг барчаси Ўктам Барноев томонидан имзоланган ҳукуматнинг 8 апрелдаги йиғилиш баённомасида кўрсатилган.

Компания аввалроқ Қарши тумани ҳокими Мақсуда Мустафоевани судга бериб, шикоятининг қисман қаноатлантирилишига эришган эди. Бироқ ҳоким раислик қилувчи Халқ депутатлари туман кенгаши қарши чиқди. 10 июль куни Қашқадарё вилоят уди ҳокимият ва кооперациянинг апелляция шикояти ва Қарши туман прокуратураси протести доирасида туман суди қарорини кўриб чиқишни бошлади.

«Sulton Tex Group билан боғлиқ вазият бўйича нашрлар ва жамоатчилик муҳокамаларида асл моҳият қисман бузилишини ҳисобга олиб, айниқса, жамоатчиликнинг кластерлар, кооперациялар мавзуси ва умуман, қишлоқ хўжалиги соҳасидан хабардорлиги юқори эмаслиги сабабли» қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев бир қатор изоҳлар бериб ўтди. «Газета.uz» Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбут хизмати томонидан тақдим этилган изоҳни эълон қилмоқда.

«Йирик корхона манфаатлари алоҳида фермерларнинг манфаатлари каби муҳимдир»

Ҳозирда суд жараёни давом этаётганини эътиборга олиб, мен ҳодиса ва томонларнинг ҳаракатларига баҳо бермайман. Буларнинг барчасини далилларга асосланадиган адолатли судга ҳавола этамиз. Лекин мен баъзи вазиятларга ойдинлик киритишни истардим, чунки шу вақтгача оммавий ахборот воситаларида фақат бир томоннинг — 16 вакилдан иборат ваколатли вазирликлар, муассасалар, давлат ва банклардан ташкил топган ҳукумат комиссиясининг қарорига эътироз билдираётган Қашқадарё вилоятидаги йирик тадбиркорнинг позицияси акс этиб келди.

Лекин, аввалбошда таъкидлаб ўтмоқчиманки, қишлоқ хўжалиги соҳасининг раҳбари сифатида мен учун илғор корхоналар — қишлоқ хўжалиги модернизацияси асосидир. Sulton Tex Group`нинг замонавий ишлаб чиқариш занжирини яратишдаги тажрибаси ва муваффақиятлари, шубҳасиз, эътибор ва ҳурматга лойиқ. Аммо, ушбу воқеа-ҳодиса давомида кластер таркибига кирган юзлаб фермер хўжаликларининг ҳам манфаатлари ва ҳақ-ҳуқуқлари бор. Уларни ҳам тинглаш лозим бўлади. Нега деганда, бугунги кунда кўпчилик учун «кластер» тушунчаси — мутлақо янги. Ва, афсуски, ишлаб чиқаришнинг ушбу шаклидаги барча иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳимоя қиладиган ёки чеклайдиган меъёрий-ҳуқуқий база мавжуд эмас. Биз ушбу ва қишлоқ хўжалигидаги бошқа бир қатор ислоҳотлар устида ишламоқдамиз ва мазкур суд иши амалдаги кластерлар, корхоналар ва фермер хўжаликлари учун аниқ муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Энг асосийсини айтсам: йирик пахта-тўқимачилик саноатининг манфаатлари, кластер доирасида унинг шароитларига боғлиқ бўлган алоҳида фермерларнинг, қонуний ҳуқуқлари сингари, манфаатлари билан муҳим аҳамиятга эга.

Кластер — ишлаб чиқаришнинг мураккаб шаклларидан бири. Биз унинг такомиллашган кўринишига келгунимизча анчагина вақт ва изланишлар талаб этади. Бу ҳокимият идораларига ҳам, нафақат уларнинг меҳнатлари, ерлари ва маҳсулотларини арзон ишчи кучи ва мавжуд ресурс сифатида ишлатишгагина эмас, балки фермерлар билан ўзаро муносабатларни йўлга қўйиши зарур бўлган йирик саноат корхоналарининг ўзига ҳам боғлиқ.

Нима учун кластер формати тадбиркор учун муҳим ва фермерлар эса баъзи ҳолатларда ўзлари кооперация уюшмалар тузишни исташади?

Жамоатчилик муҳокамасининг асосий сабабига айланган энг муҳим нарсани тушунтириб ўтмоқчиман: комиссиянинг «пахта тўқимачилик кластери сифатида ишлаб чиқаришни тўхтатиб туриш тўғрисида”ги қарори нимани англатади?

Бу шуни англатадики, илгари «кластер»нинг эксклюзив имкониятларига эга бўлган корхона келгусида эркин бозор шароитида фермер хўжаликлари билан ҳамкорликни тенг ҳуқуқли равишда барпо этиш учун аввалги фаолият шаклига қайтмоқда. Яъни корхона ўз фаолиятини тўхтатиши талаб этилмайди, унинг асбоб-ускуналари ва хусусий ишлаб чиқариш майдони, шунингдек, ижара асосида корхонага тегишли бўлган ер майдони олиб қўйилмайди — Sultan Tex Group`нинг қарийб 2020 гектар майдони бор, шундан 1460 гектарга яқини пахта учун ишлатилади.

Буларнинг барчаси корхонада қолади. Фақат Sultan Tex Group нинг мустақил фермер хўжаликлари билан ўзаро шартномавий мунасабатлари, шунингдек, пахта хомашёсини етиштириш учун корхона томонидан имтиёзли давлат кредитларини олиш шартлари ўзгаради.

Муҳокамалар ортида қолиб кетаётган муҳим жиҳат бор: 2018 йил 19 сентябрдаги 744-сонли қарорда кўзда тутилган Қашқадарё вилояти Қарши туманида 14, 8 минг гектар ер, шу жумладан, 13,5 минг гектар фермерлик ер майдонида ишлаб чиқаришнинг кластерли шакли жорий этилиши, бу барча ерлар ўша пайтда Sultan Tex Group хусусий корхонасига берилганини англатмайди. Sultan Tex Group корхонаси, чиндан ҳам, «кластерли ишлаб чиқариш» форматида юзлаб мустақил фермер хўжаликлари базасида фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини қўлга киритган. Бу давлат билан шахсий ижарага бериш шартномаси шартларига биноан ажратилган қарийб 400 та субъект ва 13,5 минг гектар ер майдони эди. Лекин бу Sultan Tex Group корхонасининг эмас, балки фермерларнинг ерлари ва меҳнатидир.

Шу боис, гап кимдандир ниманидир тортиб олиш ҳақида кетаётгани йўқ, бу фермер хўжаликларини ўзларининг қонуний ҳуқуқларидан ўзлари фойдаланишлари, ким билан ва қандай шароитларда ишлашларини таъминлаш масаласидир.

Менга бугунги кунда тадбиркорлар юридик жиҳатдан пухта билимга эга эканилар, судда ва оммавий ахборот воситаларида ўз позицияларини ҳимоя қилаётганлари ёқади. Янги ислоҳотлар доирасида биз ҳокимият органлари даражасида ҳам, ресурс таъминоти, хизмат кўрсатиш ва қайта ишлаш корхоналари йирик кластерлари дадарасида адолатсизликка дуч келадиган фермерларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун бўйича шундай салоҳиятга эга шароитларни яратамиз.

Пахта ва буғдой кўплаб фермерлар учун — алмашлаб экишни таъминлайдиган ўзаро боғланган экиндир

Қисқача тушунтириб ўтаман, бизнинг мамлакатимиздаги ерлар ўнлаб йиллар давомида фермерларга пахта ва шу билан бирга, буғдой — алмашлаб экишни таъминлайдиган иккита асосий экин учун берилган эди. Фермерлар ушбу экинларни ҳар йили навбати билан экадилар, аммо пахта-тўқимачилик кластери, табиийки, пахтадан бошқа экинларни етиштиришдан манфаатдор эмас. Кредит шартлари ва, эҳтимолки, бизнес қонунлари нуқтаи назаридан, кластерли ишлаб чиқаришнинг ташкилотчиси ҳақ. Аммо, вазиятнинг ривожланиши кўрсатиб турибдики, кластернинг фермерлар билан — ерлари ва меҳнатидан ўз бизнеси учун қулай шарт-шароитда фойдаланадиган одамлар билан муносабатларда мослашувчанлигидек муҳим масала мавжуд.

Юқорида айтиб ўтганимдек, кластер ҳақида гап кетганда, барча кредитлар, имтиёзлар, субсидиялар ушбу кластерлардаги алоҳида фермер хўжаликларига эмас, балки бевосита кластерларга тушади. Sultan Tex Group бу йил 118,2 млрд сўм олди, шундан 11,3 млрд. сўм банк томонидан бевосита кластернинг эҳтиёжлари учун, маблағнинг катта қисми — 106,9 млрд сўм базасида кластер пахта хомашёсига эга бўладиган фермер хўжаликлари эҳтиёжлари учун ажратилди. Шошилинч равишда буғдой етиштириш учун қўшимча ўғитларга эҳтиёж сезган фермерлар кластерга мурожаат қилишди. Узоқ йиллар қишлоқ хўжалиги фаолияти давомида улар ҳар доим пахта ва буғдой ҳосиллари ўртасида маблағларни қайта тақсимлашда мувозанат сақлашган. Айтиш керакки, улар ҳар доим пахтадан юқори даромад олишмайди. Буғдой ҳосилдорлиги юқори бўлган ҳолда, фермерлар сезиларли фойда кўрадилар, пахта бюджетидан сарфланган маблағларни қоплайдилар ва агротехника ишларига, шу жумладан, пахта етиштириш ва теришга жалб этилган ишчиларни молиявий рағбатлантириш учун қўшимча имкониятга эга бўладилар.

Яхши ҳосил олиш учун фермерларга минерал ўғитлар, аниқроғи, улар учун маблағ керак эди. Ўз маблағлари етишмаётгани туфайли фермерлар амалий ёрдам учун кластерга мурожаат қилишди. Пул ҳосилдан фойда келгунига қадар, вақтинчаликка сўралди. Лекин кластер уларга рад жавобини берди. Маҳаллий маъмурият ушбу тумандаги корхоналар фаолиятини, қолаверса, давлат фондидан корхонани қўллаб-қувватлаш учун ажратиладиган имтиёзли кредит маблағларидан фойдаланишини мувофиқлаштирувчи давлатнинг вакили сифатида, шунингдек, фермерларнинг илтимосига биноан кластер билан мулоқотга киришди. Устига устак, кластернинг ўзи фермерлар олдида 7 миллиард сўмдан ортиқ қарздорликка эга. Аммо кластер бефарқ бўлиб қолаверди. Натижада, маҳаллий маъмурият ушбу ҳолатни ўз ҳисоботида кластерга қарши даъволар нуқтаи назаридан бири сифатида акс эттирди ва уни юқорида эслатиб ўтилган пахта-тўқимачилик кластери фаолияти ва салоҳиятини баҳолаш бўйича Республика Ишчи гуруҳининг суд жараёни доирасида кўриб чиқишга тақдим этди.

Аммо параллел равишда, ушбу вақтда улар учун муҳим даврда кластер томонидан қўллаб-қувватланмаган фермерлар келгусида корхонадан маблағ сўрашга мажбур бўлмасликлари учун биргаликда кетишга ва кооперацияга бирлашишга қарор қилдилар ҳамда катта хатарлар билан боғлиқ ўзларининг қишлоқ хўжалиги фаолияти барқарорлигини таъминлаб, кредит, имтиёз олиш имкониятига эга бўлдилар.

Бу кластер фаолияти тўхтатилишининг сабабларидан бири бўлди. Чунки бу кластер фермерлар ва уларнинг ерларини жалб қилмасдан режалаштирилган миқёсда ва суръатда билан ривожлана олмайди.

Нега баъзи фермерлар кооперация ташкил этиш орқали кластердан ажралиб чиқишни хоҳлашади?

Кооперация яратиш ҳолатида фермерлар қайта ишлаш корхонаси билан эркин бозор муносабатларини ўрнатиши мумкин. Фермерлар охир-оқибат товарлари таннархини белгилайдиган ўз харажатларини назорат қилишади. Нархлар бир томонлама равишда фақат йирик корхона томонидан эмас, эркин бозор шароитида шакллантирилади. Шунда фермерлар айнан ўз фермер хўжаликлари учун катта фойда билан маҳсулотларини сотиш имкониятига эга бўладилар.

Давлат томонидан ажратиладиган имтиёзли маблағларни ушбу фермер хўжаликлари кооператиялар таркибига кирган ҳолда ўз ҳисобларига олиб, мустақил равишда сарфлашлари мумкин.

Шунингдек, кооперация таркибида фермерлар ўз маҳсулотларини биржа орқали бозор нархларида сотиш, соф фойдани эса ўзаро тақсимлаш имкониятларини кўришади.

Энг асосийси, ишлаб чиқаришни ташкил этишнинг кооператив шакли ушбу туманда фаолият юритувчи хўжаликларнинг ихтиёрий бирлашмаси асосида жорий этилади. Ўзбекистон Республикасининг «Фермер хўжаликлари тўғрисида”ги Қонуннинг 25-моддасига биноан, Фермер хўжаликлари ихтиёрийлик асосида бирлашиши, маҳсулот етиштириш, харид қилиш, уни қайта ишлаш ва сотиш, моддий-техника таъминоти, қурилиш, техникавий, сув хўжалиги, ветеринария, агрокимё, маслаҳат бериш йўсинидаги ва бошқа хил хизматлар кўрсатиш бўйича уюшмалар ҳамда бошқа бирлашмаларга кириши мумкин.

Нега тадбиркор учун кластер сифатида фаолият юритиш манфаатли?

Кластер шакли йирик корхонага бир неча минг гектар фермерлик ер майдонлари кўламида корхона учун имтиёзли шартларда фаолият юритиш имконини беради.

Давлат томонидан бериладиган имтиёзли кредитлар тўғридан-тўғри пахта етиштирадиган фермерлар томонидан эмас, балки бевосита кластер томонидан ҳам олинади, кластер кейинчалик ушбу маблағларни моддий-техник ресурсларни сотиб олишга йўналтириши, шунингдек, маблағларни ўз ихтиёрига кўра, фермер хўжаликлари ўртасида тақсимлаши мумкин.

Корхонанинг ўзи фермерларга ресурслар ва хизматлар нархини белгилайди. Бундай вазиятдан ҳамма фермер хўжаликлари ҳам қониқмайди. Фермерларнинг сўзларига кўра, гарчи фермерларнинг ўз техникалари ёки нархлари анча қулай бўлган бошқа таклифлари бўлса ҳам, улар кўпинча йиғим-терим учун кластернинг қишлоқ хўжалик техникаларини ижарага олишга ва фойдаланишга мажбур бўладилар. Бундан келиб чиқадики, кластер фермернинг еридан, меҳнатидан фойдаланади ва шу билан бирга, фермер ўз маҳсулотини кластерга белгиланган нархда сотишга, ҳар доим ҳам зарур бўлмаган асбоб-ускуналар ижараси учун тўлов қилишга ва ресурсларни сотиб олаётганда бошқа ортиқча тўловларни амалга оширишга мажбур бўлади.

Бундай ҳолларда, фермер бирор нарсани ўзгартиришга, кластернинг комфорт зонасини тарк этишга ва биринчи навбатда ўзи учун манфаатли шароитларни топишга қарор қилганда, мувозанат бузилади.

Вазият кластерлар ичида фермерларга адолатли муносабат қанчалик муҳимлигини кўрсатди?

Sultan Tex Group кластеридаги юзага келган ҳолат кўплаб бошқа корхоналарга, биринчи навбатда, ўз кластерлари ичида фермерлар билан адолатли бозор муносабатларини ўрнатиш зарурлигини кўрсатмоқда. Энди фермерлар учун танлов, муқобил бор. Йирик корхоналар фермер хўжаликларининг манфаатини ҳисобга олиши ва қўллаб-қувватлаши, уларга арзон нархларда агротехника хизматларини таклиф қилиши керак. Шундагина, бошқа минтақалар мисолида кўриш мумкин бўлгандек, кластерлар фермерлар учун чиндан ҳам кўнгилдагидек ҳамкорлик шакли бўлади. Ва фермерларда уларнинг таркибидан чиқиш истаги пайдо бўлмайди.

Sultan Tex Group ишини кўриш фонида пайдо бўлган муаммолар — асосли. Бир неча ўн йиллар давомида давлат, корхоналар ва фермер хўжаликлари ер ва ҳосилдан фойдаланиш бўйича аниқ вазифалар ва қарашларга эга эди. Қайта қуриш ҳамма учун ҳам осон эмас. Ҳатто ҳаммага Sultan Tex Group`га босим ўтказиш сифатида тақдим этилаётган 5,6 миллиард сўмга оид масалани, агар унга қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг ўзига хос жиҳатлари нуқтаи назаридан қаралса, бошқача тарзда кўрилиши ва тушунилиши мумкин. Батафсил тушунтириб ўтаман.

Фаолияти корхоналар ва фермерлар ўртасида имтиёзларни адолатли тақсимлаш тамойилларига асосланган кластерлар, шунингдек, давлатнинг аниқ қўллаб-қувватловчи роли — қишлоқ хўжалигимизнинг келажагидир.

Sultan Tex Group кооперация таркибида ривожланиш салоҳиятига эга, бироқ фермерлар билан тенгҳуқуқли асосда

Кластерни чиқариб ташлаш билан боғлиқ вазият бугунги кунда 90 дан ортиқ пахтачилик кластерлари фаолият юритаётган қишлоқ хўжалиги тармоғи учун катта йўқотиш ҳисобланади. Бизни, аввало, ҳудудда мана шундай йирик замонавий кластерни фаолият юритиши қизиқтиради. Лекин биз фермерларни мажбурлаб ушлаб қололмаймиз. Бу уларнинг танлови ва «ишлаб чиқариш занжиридан» чиқиш ва кооперацияга бирлашиш ҳуқуқидир.

Аммо буларнинг барчаси Sultan Tex Group учун барча йўллар ва иқтиқболлар ёпиқ дегани эмас. Тадбиркор фермерлар билан тенгҳуқуқли равишда кооперация таркибида ривожланиш учун катта имкоинятга эга. Яъни фермерлар учун манфаатли ва маъқул келадиган нархларда пахта толаси ва чигитни сотиб олиши ва улар билан эркин бозор муносабатларини ўрнатиши мумкин. Бу пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришида йигирув, трикотаж, тикув фабрика ва бошқа заводларини келгусида муваффақиятли ривожланишини таъминлайди.

Фермерлар эса ўз навбатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 мартдаги ПҚ-4633-сон «Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида кўзда тутилган ҳуқуқ ва имкониятлардан тўлиқ фойдаланиши мумкин.

Шунингдек, худди шу бозор шароитларида Sulton Tex Group пахтани чуқур қайта ишлашни янада ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни давом эттириши ва фермерларга шартнома асосида агротехника хизматларини кўрсатиши мумкин.

Сўзимнинг якунида айтмоқчиманки, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги доимо фермер хўжаликлари ва йирик тадбиркорларга тенг шароитларда амалий ёрдам кўрсатишга тайёр.

Ҳукуматимиз томонидан норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича доимий иш олиб бормоқда. Ҳозирги кунда Қишлоқ хўжалиги вазирлигида барча кластерларнинг ишини шаффоф баҳолаш тизими бўйича иш олиб борилмоқда ва кластер билан фермер хўжаликлари ўртасидаги ушбу вазият бир қатор муҳим омилларни ҳисобга олиш имконини беради.

https://www.gazeta.uz/uz/2020/07/20/sulton-tex-group/

error

Bizni kuzating

Follow by Email
YouTube
YouTube
Telegram