Shartnoma munosabatlarini takomillashtirish tomonlarning huquqiy manfaatlariga xizmat qiladi

Shartnoma munosabatlarini takomillashtirish tomonlarning huquqiy manfaatlariga xizmat qiladi

Chop etish Yuklab olish (12 Kb)

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи корхоналар, жумладан, фермер ва деҳқон хўжаликларининг ҳар томонлама барқарор ривожланишида шартномавий муносабатларни тўғри йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этади. Чунки, корхоналар ўз фаолиятини амалга оширар экан, ўзига зарур бўлган маҳсулот ёки хизматларни сотиб олади ва ишлаб чиқарган маҳсулотларини бошқа корхона ҳамда ташкилотларга сотади. Бу жараёнлар, албатта, икки томоннинг ўзаро келишуви, яъни шартномалар орқали тартибга солинади. Шартномалар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар, жумладан, фермер ва деҳқон хўжаликлари билан тайёрловчи ва хизмат кўрсатувчилар ўртасидаги иқтисодий муносабатларни тартибга солувчи ҳамда маҳсулот етиштирувчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг асосий омили ҳисобланади. Бу борада томонларнинг фойда ёки зарар кўриши айнан шартноманинг тўғри тузилиши ва ундаги ўз ҳуқуқларини тўғри талаб қилиб олиб, зиммасидаги мажбуриятларни сўзсиз бажаришига боғлиқ.
Бугунги кунда фермер ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлар етиштирувчи хўжаликлар фаолиятида шарт¬номавий муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий ва меъёрий ҳужжатлар хўжаликларнинг манфаатларини тўлалигича ҳимоя қилмоқда. Республикамизда аграр ислоҳотларни чуқурлаштириш, соҳанинг моддий-техник базаси ҳамда молиявий аҳволини мустаҳкамлаш, шунингдек, фермер хўжаликларни рағбатлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 30 июнда қабул қилинган «Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар билан тайёрлов, хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида шартномалар тузиш, уларни рўйхатдан ўтказиш, бажариш, шунингдек, уларнинг бажарилиши мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисида«ги Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қарорига мувофиқ амалдаги Низомга қатор қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Жумладан:
- туман (шаҳар)лар ҳокимликлари ўз ваколатлари доирасида хўжаликлар билан тайёрлов ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида давлат эҳтиёжлари учун шартномалар тузилиши ва бажарилиши бўйича ишларни мувофиқлаштириб бориши;
- давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари харид қилиш юзасидан тузиладиган контрактация шартномаларида харид қилинадиган ҳамда хўжаликлар ихтиёрида қоладиган маҳсулотларнинг сорти ва миқдори ҳамда маҳсулотларнинг сифатига қўйиладиган стандартлар, техник шартлар ва бошқа талабларнинг кўрсатилиши;
- шартнома рўйхатдан ўтказилган тақдирда тайёрлов ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари шартнома рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб икки кун муддатда хўжаликларга рўйхатдан ўтказилган шартноманинг бир нусхасини имзоланган ҳолда беришлари шартлиги;
- тарафларда ҳамда туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимида қоладиган шартнома нусхалари, шу жумладан, унга киритиладиган барча ўзгартириш ва қўшимчалар томонлар шартнома мажбуриятларининг ҳаммасини бажарган вақтдан бошлаб уч йил мобайнида тегишли тарзда сақланиши;
- шартномада назарда тутилган ҳолларда, тайёрлов ташкилотидан уруғлик ва экиш материаллари билан ўз вақтида таъминлашни талаб қилиши;
- уруғлик ҳамда экиш материалларининг нави, сифати ва миқдори туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан белгиланиши;
- агар хўжалик томонидан тайёрловчи ташкилотга шартномада назарда тутилганидан юқорироқ сифат талабларига мос келадиган маҳсулот етказиб берилса, у ҳолда тарафларнинг келишувига кўра бундай маҳсулотга юқори нарх бўйича ҳақ тўланиши;
-хўжалик томонидан сарфланган транспорт харажатларини тўламаганлик учун тайёрлов ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари хўжаликка тўлов муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун белгиланган муддатда тўланмаган сумманинг 0,4 фоизи, бироқ тўлов муддати ўтказиб юборилган сумманинг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда пеня тўлаши;
- келишмовчиликлар ва низоли масалалар келиб чиққан тақдирда томонлар, қоидага кўра, мустақил равишда ёки туман (шаҳар)лар ҳокимликлари ҳузурида ташкил этиладиган енгиб бўлмайдиган куч ҳолатлари (форс-мажор)ни тасдиқлаш бўйича комиссия иштирокида уларни судгача ҳал этиш чора-тадбирларининг кўрилиши;
- енгиб бўлмайдиган куч ҳолатлари (форс-мажор)ни тасдиқлаш бўйича комиссияга туман (шаҳар)лар ҳокимлари раҳбарлик қилиши. Ушбу комиссия таркибига Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси, Сув истеъмолчилари уюшмаси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар вакилларининг киритилиши ва Комиссиянинг таркиби туман (шаҳар)лар ҳокимлари томонидан тасдиқланиши;
- комиссия низони кўриб чиқишда иштирок этиш пайтида ваколатли давлат органларининг маълумотлари ва ахбороти асосида маҳсулотнинг сифати пасайтирилиши ёки бузилиши ҳоллари юзасидан хулоса, шунингдек, енгиб бўлмайдиган куч ҳолатлари (форс-мажор) оқибатида ёхуд тайёрловчининг айби билан шартномалар бўйича мажбуриятлар бажарилмаганлиги учун хўжаликларни жавобгарликдан озод қилиш юзасидан хулоса беришлари мумкинлиги;
- форс-мажор ҳолатларини аниқлашда шартнома тарафларининг қатнашиши шартлиги белгилаб қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 22 октябрда қабул қилинган «Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисда»ги Фармони ижросини таъминлаш юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 29 декабрдаги тегишли қарори билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 сентябрдаги тегишли қарори билан тасдиқланган Низомга:
- фермер хўжаликлари томонидан тайёрлов ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари билан контрактация шартномалари ҳамда моддий-техника ресурслари етказиб бериш ва хизматлар кўрсатиш (ишларни бажариш) юзасидан шартномалар тузиш туман фермерлари кенгашининг фермер хўжаликлари шартномавий-ҳуқуқий муносабатлари бўйича бош мутахассиси иштирокида амалга оширилиши;
- хўжаликда шартнома лойиҳаси шартлари бўйича эътирозлар пайдо бўлган тақдирда хўжалик юқорида кўрсатилган муддатларда келишмовчиликлар тўғрисида протокол тузади ва уни тайёрлов ёки хизмат кўрсатиш ташкилотига жўнатади, бу тўғрида туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимини ҳамда туман фермерлари кенгашини хабардор қилиши;
- туман фермерлари кенгашининг фермер хўжаликлари шартномавий-ҳуқуқий муносабатлари бўйича бош мутахассиси контрактация шартномаларини, шунингдек, моддий-техника ресурслари етказиб бериш ва хизматлар кўрсатиш (ишларни бажариш) юзасидан шартномаларни тузиш тадбирларида ва уларни бажариш жараёнида пайдо бўлган баҳсларни ҳал этишда қатнашиши;
-тайёрлов ва хизмат кўрсатиш ташкилоти келишмовчиликлар тўғрисидаги протокол олинган вақтдан бошлаб 7 кун мобайнида уни (зарурат бўлганда туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими вакили ҳамда туман фермерлари кенгашининг фермер хўжаликлари шартномавий-ҳуқуқий муносабатлари бўйича бош мутахассиси билан биргаликда) кўриб чиқиши ва кўриб чиқиш натижалари бўйича таклифларни шартнома лойиҳасига киритиши ёхуд ҳал этилмаган келишмовчиликларни худди шу муддатларда кўриб чиқиш учун тегишли хўжалик судига берилиши шартлиги юзасидан ўзгартиришлар киритилди.
Шунингдек, мазкур қарор билан Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 30 октябрдаги «2004-2006 йилларда фермер хўжаликларини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг тегишли бандлари ўзгартирилди. Хусусан:
- туман ҳокимининг ер участкалари бериш (сотиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича Комиссия таркибига ер ресурслари ва давлат кадастри, қишлоқ ва сув хўжалиги, табиатни муҳофаза қилиш, архитектура ва қурилиш идоралари, санитария-эпидемиология хизмати, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари вакиллари, шунингдек, туман фермерлар кенгаши раиси ва бош¬қа шахсларнинг киритилиши;
-туман фермерлар кенгашининг фермер хўжаликларининг шартномавий-ҳуқуқий муносабатлари бўйича бош мутахассисини контрактация, моддий-техника ресурслари етказиб бериш ва хизмат кўрсатиш (ишларни бажариш) юзасидан тузиладиган шартномаларда иштирокини таъминланиши белгилаб қўйилди.
Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида шартномавий муносабатларни тартибга солувчи меъёрий ҳужжатлар мунтазам равишда такомиллаштириб борилмоқда. Шартнома муносабатларига киришаётган фермер ва деҳқонлар барча янгилик ва ўзгаришлардан хабардор бўлиб боришлари ҳамда шартномавий муносабатларни тартибга солувчи меъёрий ҳужжатларни яхши билиши ва ўзининг шартномавий ҳуқуқлари бузилганда тегишли ташкилотларга мурожаат қилишлари лозим. Бу уларнинг шартномавий муносабатларда иқтисодий зарар кўришини, йил якуни бўйича ўз шартнома мажбуриятларини бажармаганлиги учун бошқа ташкилотлар олдида жавобгар бўлишининг олдини олади.


Ko'rildi: 12

Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидаги “Фарадис хирмони” фермер хўжалигида ёш тадбиркор ва фермерларнинг муаммолари, таклиф ва истакларини ўрганишга бағишланган очиқ мулоқот ўтказилди.

O‘zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2013 yil 20 noyabrdagi “2014 yilda meva-sabzavot mahsulotlari, kartoshka, poliz va uzum ishlab chiqarish hamda ulardan foydalanishning istiqbol ko‘rsatkichlari to‘g‘risida”gi 311-sonli qaroriga asosan

Bu yil dehqonu fermerlarimiz mamlakatimiz qishloq xo‘jaligi tarixida ilk bor 7 million 610 ming tonnadan ziyod g‘alla xirmoni uyishdi.