Paxta xom ashyosini yetishtirishda yuqori hosildorlikka erishgan fermer xo‘jaliklarini rag‘batlantirish tartibi to‘g‘risida

Paxta xom ashyosini yetishtirishda yuqori hosildorlikka erishgan fermer xo‘jaliklarini rag‘batlantirish tartibi to‘g‘risida

Chop etish Yuklab olish (12 Kb)

Пахта хом ашёсини етиштиришда юқори ҳосилдорликка эришган фермер хўжаликларини рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги Низом. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 40-41-сон, 433-модда) ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 22 октябрдаги ПФ–4478-сон «Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 43-сон, 493-модда) мувофиқ, пахта хом ашёсини етиштиришда юқори ҳосилдорликка эришган фермер хўжаликларини рағбатлантириш тартибини белгилайди.
I боб. Умумий қоидалар. 1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади: рағбатлантириладиган фермер хўжаликлари — мазкур Низомнинг 8-бандида белгиланган ҳосилдорликка эришган фермер хўжаликлари; комиссия — рағбатлантириш учун тақдим этилган фермер хўжаликларининг ҳужжатларини кўриб чиқиш ҳамда уларга хулоса бериш бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг қарорига асосан ташкил этиладиган доимий комиссия; хулоса — комиссия томонидан бериладиган ва фермер хўжалигининг юқори ҳосилдорликка эришганлигини тасдиқловчи ҳужжат; сертификат — юқори ҳосилдорликка эришган фермер хўжаликларининг унда кўрсатилган имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ва тегишли туман Фермерлари кенгаши томонидан бериладиган бир йил давомида амал қиладиган ҳужжат; имтиёз — бир йил давомида пахта хом ашёсини етиштириш бўйича юқори ҳосилдорликка эришган фермер хўжаликларига фойдаланиш учун тақдим этиладиган бир марталик рағбатлантириш.
2. Рағбатлантириладиган фермер хўжаликларини аниқлаш ва уларга имтиёзларни тақдим этиш мазкур Низомнинг 1-иловасида келтирилган схема асосида амалга оширилади.
II боб. Рағбатлантириладиган фермер хўжаликларининг рўйхатини шакллантириш
3. Рағбатлантириладиган фермер хўжаликлари рўйхати (бундан буён матнда Рўйхат деб юритилади) ҳар йили 5 декабрга қадар пахта тозалаш корхоналари ва туман (шаҳар) статистика бўлимлари томонидан пахта хом ашёсини қабул қилиш варақалари (ПК-17-шакл) ва «Фермер хўжалиги фаолияти тўғрисида»ги давлат статистика ҳисоботи (1-FX shakli) маълумотлари асосида шакллантирилади.
4. Рўйхат шакллантирилгандан сўнг, пахта тозалаш корхонаси томонидан икки иш куни ичида контрактация шартномалари ҳамда имзо ва муҳр билан тасдиқланган пахта хом ашёсини қабул қилиш варақаларининг (ПК-17-шакл) нусхалари Рўйхатга илова қилинган ҳолда комиссияга тақдим этилади.
5. Рўйхатнинг ҳаққонийлиги ва белгиланган муддатда тақдим этилиши учун пахта тозалаш корхонаси ҳамда тегишли туман (шаҳар) статистика бўлими раҳбарлари масъул ҳисобланади.
III боб. Ҳужжатларни кўриб чиқиш ҳамда сертификат бериш
6. Комиссияга келишув асосида туман Фермерлари кенгаши раиси раҳбарлик қилади ҳамда комиссия таркибига, қоида тариқасида, туман қишлоқ ва сув хўжалиги, ер ресурслари ва давлат кадастри, туман (шаҳар) статистика бўлимлари, тижорат банклари ва пахта тозалаш корхоналари раҳбарлари киритилади.
7. Юқори ҳосилдорликка эришган фермер хўжаликлари тўғрисидаги ҳужжатлар (туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими томонидан берилган фермер хўжалигининг пахта экин майдонлари ҳажми тўғрисидаги маълумотнома ва тегишли пахта тозалаш корхонаси томонидан берилган далолатнома) уч иш куни ичида комиссия томонидан ўрганиб чиқилади.
8. Ҳисобот йилида пахта хом ашёсини етиштиришда камида 20 гектар майдонда 40 ц/га. дан ҳосилдорликка эришган фермер хўжаликлари юқори ҳосилдорликка эришган фермер хўжаликлари ҳисобланади.
9. Ўрганиш натижалари асосида комиссия томонидан юқори ҳосилдорликка эришган ҳар бир фермер хўжалиги бўйича мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклда хулоса тайёрланиб, имзоланади.
10. Туман Фермерлари кенгаши томонидан уч иш куни ичида комиссия хулосасига асосан мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ шаклда сертификат расмийлаштирилади. Сертификат фермер хўжалиги бошлиғи ёки у вакил қилган шахсга сертификатни олганлиги тўғрисида имзо қўйдирган ҳолда берилади.
11. Берилган хулоса ва сертификатлар фермерлар кенгашлари томонидан алоҳида китобга қайд этиб борилади. Мазкур китоб рақамланган, ип ўтказиб тикилган ва муҳрланган ҳолда туман Фермерлари кенгашида сақланади.
12. Сертификат мазкур Низомнинг 13-бандида назарда тутилган ҳар бир имтиёздан бир мартадан фойдаланиш ҳуқуқини беради.
13. Юқори ҳосилдорликка эришган фермер хўжаликлари бир йил давомида қуйидаги имтиёзлардан фойдаланиши мумкин:
а) фермер хўжалигининг пахта экиладиган жами ер майдонининг камида 5 фоизига қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги экинларини экиш.  Мазкур имтиёзнинг тақдим этилиши учун тегишли туман (шаҳар) ҳокимлиги, қишлоқ ва сув хўжалиги ҳамда ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимлари масъул ҳисобланади;
б) қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги экинларини экиш учун ажратилган ер майдонларида агротехник тадбирларни амалга ошириш учун таъминотчи ташкилотлар билан тўғридан-тўғри шартнома тузиш орқали мазкур ер майдонининг ҳар бир гектарига экилган экин тури учун амалдаги технологик карталарда тавсия этилган меъёрлар бўйича дизель ёнилғиси ва минерал ўғитларни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан декларация қилинган нархларда (таъминотчи устамаси билан) олдиндан 100 фоиз тўловни амалга оширган ҳолда тегишли шохобчалар орқали харид қилиш.
Мазкур имтиёзнинг тақдим этилиши учун «Ўзнефтмаҳсулот» АК тизимидаги нефть унитар корхоналари ҳамда «Ўзкимёсаноат» компанияси тизимидаги «Қишлоқхўжаликкимё» ҳудудий акциядорлик жамиятларининг туман ва туманлараро филиаллари масъул ҳисобланади;
в) туман (шаҳар) ҳокимлиги захирасидаги ер майдонлари бўйича ўтказиладиган танловларда фермер хўжалигига 10 баллгача тақдим этиш. Бунда фермер хўжалиги томонидан ҳисобот даврида камида 20 гектар бўлган майдонда юқори ҳосилдорликка эришилганда 2 балл, юқори ҳосилдорликка эришилган майдон ҳар 10 гектарга кўпайганда қўшимча 1 баллдан, 100 гектар ва ундан ортиқ майдонда юқори ҳосилдорликка эришилганда 10 балл тақдим этилади. Мазкур имтиёзнинг тақдим этилиши учун ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи доимий туман (шаҳар) комиссияси масъул ҳисобланади;
г) қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилиш учун тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар бериш;
д) фермер хўжалигига Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган енгил автотранспорт воситаларидан («Женерал Моторс Ўзбекистон» ЁАЖ маҳсулоти) хоҳлаган битта моделини фермер хўжалигининг асосий талаб қилиб олгунча депозит ҳисобварағидан пул маблағларини ўтказиш йўли билан навбатсиз харид қилиш. Бунда фермер хўжаликлари томонидан тегишли сертификатга асосан «Ўзавтосаноат» АК тизимидаги корхоналарга мурожаат этилгандан кейин бир ой муддатда шартномалар тузишни якунлаш ҳамда «Ўзпахтасаноат» уюшмаси тизимидаги корхоналар томонидан фермер хўжаликларининг пахта якуний ҳисоб-китоб маблағларидан тўлиқ тўлаб берилади. Мазкур имтиёзнинг тақдим этилиши учун «Ўзпахтасаноат» уюшмаси ва «Ўзавтосаноат» АК тизимидаги корхоналар масъул ҳисобланади;
е) қишлоқ жойларида қурилаётган намунавий уй-жойлардан бирини навбатсиз харид қилиш. Мазкур имтиёзнинг тақдим этилиши учун туман (шаҳар) ҳокимлиги ва «Қишлоқ қурилиш банк» ОАТБ масъул ҳисобланади; ж) суперэлита, элита ва кейинги авлодларга мансуб уруғлик пахта етказиб бериш ҳуқуқига эга бўлиш учун хўжаликлар ўртасида ўтказиладиган танловда барча шартлар бўйича тенг балл тўпланган ҳолларда юқори ҳосилдорликка эришган фермер хўжаликлари имтиёзга эга бўладилар. Мазкур имтиёзнинг тақдим этилиши учун суперэлита, элита ва кейинги авлодларга мансуб уруғлик етказиб бериш ҳуқуқига эга бўлиш учун хўжаликлар ўртасида тендер ўтказувчи тегишли комиссиялар масъул ҳисобланадилар.
14. Фермер хўжалиги сертификат олган кундан бошлаб бир йил давомида имтиёзларни олиш учун масъул бўлган ташкилот ва идораларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Имтиёзларни тақдим этилиши учун масъул бўлган ташкилот ва идоралар фермер хўжаликлари уларга мурожаат этган кундан бошлаб уч ой давомида имтиёзларни тақдим этадилар. Имтиёзлар учун тўловлар фермер хўжалигининг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. IV боб. Имтиёзлар тақдим этилишини назорат қилиш
15. Туман Фермерлари кенгаши томонидан ҳар йили 20 декабрга қадар Рўйхат ҳамда берилган хулоса ва сертификатлар тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси ва ҳудудий Фермерлар кенгашига ҳисобот тақдим қилинади.
16. Қорақалпоғистон Республикаси ва ҳудудий Фермерлар кенгаши томонидан ҳисоботлар фермер хўжаликлари кесимида умумлаштирилиб, ҳар йили 25 декабрга қадар Ўзбекистон Фермерлари кенгашига тегишли ахборот тақдим қилинади.
17. Тақдим этилган ҳисоботлар Ўзбекистон Фермерлари кенгаши томонидан умумлаштирилиб, тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда тасдиқлаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилади.
18. Ўзбекистон Фермерлари кенгаши тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда юқори ҳосилдорликка эришган фермер хўжаликларини рағбатлантириш тўғрисида тизимли мониторинг юритади ва амалга оширилган ишлар юзасидан ҳар ойнинг 5-санасигача Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритади.
19. Имтиёзларнинг тақдим қилиниши ҳолати тегишли фермерлар кенгашлари томонидан доимий равишда ўрганиб борилади. Имтиёзларни тақдим этишда белгиланган тартибнинг бузилганлиги ҳолатлари аниқланган тақдирда, тегишли фермерлар кенгашлари томонидан Ўзбекистон Фермерлари кенгашига тезкор маълумот тақдим қилинади.
Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ҳам, ўз навбатида, имтиёзларни тақдим этишда белгиланган тартибнинг бузилганлиги ҳолатлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритади.
20. Мазкур Низомда белгиланган имтиёзларнинг тақдим этилиши ва ижроси аҳволи адлия органлари томонидан мунтазам равишда ўрганиб борилади.
V боб. Якуний қоидалар 21. Имтиёзларнинг ўз вақтида тақдим этилиши ва уларнинг ижроси учун тегишли ташкилот ва идоралар раҳбарлари жавобгар ҳисобланади.
22. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
23. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси, Марказий банк, «Ўзнефтмаҳсулот» АК, «Ўзпахтасаноат» уюшмаси, «Ўзкимёсаноат» ДАК, «Ўзавтосаноат» АК, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши билан келишилган.
Ахборот хизмати


Ko'rildi: 12

Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидаги “Фарадис хирмони” фермер хўжалигида ёш тадбиркор ва фермерларнинг муаммолари, таклиф ва истакларини ўрганишга бағишланган очиқ мулоқот ўтказилди.

O‘zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2013 yil 20 noyabrdagi “2014 yilda meva-sabzavot mahsulotlari, kartoshka, poliz va uzum ishlab chiqarish hamda ulardan foydalanishning istiqbol ko‘rsatkichlari to‘g‘risida”gi 311-sonli qaroriga asosan

Bu yil dehqonu fermerlarimiz mamlakatimiz qishloq xo‘jaligi tarixida ilk bor 7 million 610 ming tonnadan ziyod g‘alla xirmoni uyishdi.