Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини тинглар эканман, бошқа йўналишлар қатори қишлоқ хўжалиги соҳасини ҳам янада ривожлантириш орқали унинг салоҳиятини ошириш, қишлоқ одамларининг ўз меҳнати натижасидан манфаатдор бўлишига эришишга давлат томонидан катта эътибор қаратилишини яна бир бор ҳис этдим. 

Фермер хўжалигимиз ташкил этилганига 20 йилдан ошди. Об-ҳаво қандай келишидан қатъи назар, барқарор ривожланишга эришяпмиз. Масалан, жорий йилда давлатга 105 тонна пахта сотиб, шартномавий режани ошириб бажардик. Ҳосилдорлик 31 центнер ўрнига 35 центнерни ташкил этди. Ғалла майдонларида эса бу кўрсаткич 70 центнердан ошди. Етиштирилган доннинг режадан ортиғи, яъни 70 тоннаси жамоамиз ихтиёрида қолди. Ундан ҳар бир ишчимиз меҳнат улушига қараб манфаатдор бўлди. Умуман, 210 миллион сўмдан зиёд соф фойда олдик. 

Бу муваффақиятда жамоамиз ишнинг кўзини билган ҳолда фидокорона меҳнат қилиши ва айни пайтда давлат томонидан қўллаб-қувватланаётганимиз муҳим омил бўлаётир. 2018 йилда пахта ва ғалла етиштиришга сарфлайдиган харажатларимиз учун банк томонидан 200 миллион сўм кредит ажратилди. Молиявий имкониятимиз ошгани боис, бу кредитни муддатидан олдин қайтардик. 

Албатта, бугунги фермер фақат пахта ва ғалла етиштириш билан чекланиб қолмаслиги кераклигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Бизда айни пайтда чорвачилик, балиқчилик тармоқлари ҳам йўлга қўйилган. Такрорий экин сифатида мош экиб, 6 тонна ҳосил олдик. Курка боқиш ҳам режамизда бор. Президентимизнинг кўп тармоқли фермер хўжаликларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш зарурлиги ҳақидаги фикрлари бизни ғоят хурсанд қилди. Агар бизга қўшимча ер ажратилса, боғдорчилик ва чорвачиликни янада ривожлантириш имкониятларимиз кенгаяди. 

Яна бир муҳим жиҳат ҳақида тўхталсам. Ҳозир вилоятимиздаги “Мергантекс” енгил саноат корхонаси кластер ташкил этмоқда. Мазкур МЧЖнинг ишлаб чиқариш эҳтиёжи учун етарли миқдорда пахта хомашёси керак. Шунинг учун саноат корхонаси биз, фермерлар билан ҳамкорликдан манфаатдор. ”Мергантекс”нинг қўллаб-қувватлаши туфайли пахта ҳосилдорлигини янада ошириш имконияти ортади. 

Деҳқончиликда сувдан тежаб-тергаб фойдаланиш долзарб аҳамиятга эга. Бу эса экинларни томчилатиб суғориш технологиясини қўллашни тақозо этади. Фермер хўжалигимиз келаси йилда ғўза майдонларининг бир қисмида тажриба тариқасида ана шу инновацион усулни жорий қилади. 

Аминжон Гуллиев,
 
Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги
 
“Феруза Гуллиева” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари.