Андижон вилоят ҳокимлигида “Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни” муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.
 
Вилоятда жорий йилда қишлоқ хўжалиги соҳасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Хусусан, ғалла етиштириш режаси 103,1 фоизга, пилла тайёрлаш режаси 100 фоизга бажарилди. Бундан ташқари, боғдорчилик, сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва бошқа қатор йўналишларда ҳам ижобий натижаларга эришилди.
 
Соҳа ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтган тадбирда Президентимиз фармони билан қишлоқ хўжалигида эришган улкан ютуқлари, қишлоқ хўжалиги масҳулотлари етиштиришдаги самарали фаолияти ҳамда соҳани ривожлантиришга қўшган салмоқли ҳиссаси учун бир гуруҳ юртдошларимизга Ўзбекистон Республикаси “Қишлоқ хўжалиги фидойиси”, “Илғор фермер”, “Меҳнаткаш деҳқон” ва “Намунали томорқачи” кўкрак нишонлари, вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
 
– Ҳовлимизда узум, олма, анор, бехи, ўрик, қўйинки, кўплаб мева дарахтларини парваришлайман. Кўчат ораларида эса сабзавот маҳсулотлари етиштираман, қўй, товуқ, кичкинагина ҳовузда балиқ ҳам боқаман. Хонадонимнинг кўча томони гулзор, кўрган кишининг дили яйрайди. Томорқамизнинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланишга ҳаракат қиламан, – дейди Марҳамат туманидаги “Алитепа” маҳалласида яшовчи, меҳнат фахрийси, “Намунали томорқачи” кўкрак нишони совриндори Қодиржон Тошболтаев.
 
Кўкрак нишонларини вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов тантанали равишда топшириб, мукофот соҳибларини, барча қишлоқ хўжалиги ходимларини касб байрамлари билан муборакбод этди.