Қорақалпоғистон Республикасида 2019 йили 20 фоиз кўп балиқ етиштирилади. Бошқача айтганда, жорий йилги 12 минг тонналик кўрсаткич келаси йили 15 минг тоннага етказилади.
 
Жорий йил режасига кўра, 12 минг тонна балиқ етиштириш белгиланган. Айни пайтга қадар хўжаликлар томонидан 8 минг 534 тонна балиқ овланди. Балиқчилик соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилган 29 лойиҳа асосида 138 киши иш билан таъминланди.
 
Балиқчилик хўжаликларига личинка етказиб беришда “Мўйноқ аква саноат” давлат унитар корхонаси, “Нукус балиқ”, “Аму Тўлқин балиғи” масъулияти чекланган жамиятлари ҳамда “Антиқа” фермер хўжалиги инкубация цехлари алоҳида намуна кўрсатаётир.
 
Балиқчиликни ривожлантиришга хитойлик мутахассислар жалб этилмоқда. Яқинда улар Тўрткўл тумани “Супербалиқ” МЧЖнинг инкубация цехида маҳорат дарс¬и ўтказди. Унда карп балиқларидан янги интенсив усулда увилдириқ олиш технологияси бўйича амалий инкубация ташкил этилди. 15 кун давом этган мазкур тадбир давомида чет эллик олимлар томонидан балиқчилик хўжаликлари имкониятлари ўрганиб чиқилди. Карп, оқ ва қора амур, Туркистон мўйловдори балиқ турларини ҳудудларда янгидан ташкил этиладиган репродуктор ҳавзаларда ¬сунъий етиштиришни йўлга қўйиш ва ушбу турларни интенсив етиштириш технологиясини кенг жорий этишга келишиб олинди.
 
Балиқчиликни ривожлантиришга илм-фан ва янги технологиялар кенг жорий қилинмоқда. 2019 йилдан бошлаб ҳар йили ноябрь ойида балиқчиликка оид кўргазма ўтказиш, маҳаллий ҳокимликлар томонидан бозорлар ва аҳоли гавжум жойларда балиқ сотишни ташкил этиш учун аквариумлар ўрнатилиши ва ихтисослашган савдо нуқталари ташкил этилиши бўйича манзилли дастурларни тасдиқлаш белгиланган.
 
Нукус туманида балиқчиликда истиқболли, деб ҳисобланадиган ёпиқ сув айланма тизими ҳавзаларида балиқ етиштиришга қаратилган йирик корхона барпо этилди. “Nukus agro fish“ МЧЖ томонидан ёпиқ сув таъминоти тизими технологияси асосида балиқ етиштиришга мўлжалланган йирик балиқчилик мажмуасида келаси йили 300 тонна балиқ етиштириш назарда тутилган. Шу мақсадда узунлиги 180, эни 12 метрлик ёпиқ ишлаб чиқариш биноси барпо қилинди. Бино ичида катта Африка лаққаларини етиштирадиган 24 дона темир бетонли ҳавза, кичиклари учун 30 дона бетонли ванналар қурилди.
 
– Барча ҳавзалар бир-бири билан ёпиқ сув таъминоти тизимида боғланган, унда сув доим айланиб туради ва сув вақти-вақти билан янгилаб борилади, – дейди “Nukus agro fish“ корхонаси мутахассиси Ансат Илясов. – Сув алмашиш пайтида сув биофильтр орқали тозаланади. Ҳавзадаги сув насос ва вентилятор ёрдамида кислород билан таъминланади. Ёпиқ сув тизими атроф-муҳит таъсиридан холи бўлгани сабабли йил бўйи юқори ҳосилдорликка эришиш имконини беради. Ушбу технология орқали сувни сезиларли иқтисод қилишга ҳам эришилади. 
 
Мазкур мажмуада фақат Африка лаққаси боқилади. Африка лаққаси иссиқсевар балиқ бўлиб, ёзда тез ривожланади, тез кўпаяди. Африка лаққасидан бир куб метр сувда 300 килограммгача маҳсулот етиштириш мумкин. Озуқа танламаслиги сабабли қисқа вақт ичида яхши вазн йиғади. Саккиз ой давомида балиқларнинг энг кам вазни бир килограммга етади. Яна бир афзаллиги шундаки, балиқ танаси фақат гўштдан иборат. “Nukus agro fish“ корхонасида етиштириладиган Африка лаққаси сув ҳарорати пасайгунга қадар очиқ ҳовузларда парвариш қилинади ва кейинчалик ёпиқ сув ҳавзасига кўчирилади. 
 
Қорақалпоғистонда яна бир шундай корхона Хўжайли туманида ташкил этилмоқда.http://uza.uz/oz/society/ora-alpo-istonda-bali-chilikni-rivozhlantirish-uchun-khitoyl-08-12-2018