Иллюстратив фото

ЎЗБЕКИСТОН ФЕРМЕР, ДЕҲҚОН ХЎЖАЛИКЛАРИ ВА ТОМОРҚА ЕР ЭГАЛАРИ КЕНГАШИНИНГ МУРОЖААТИ

Азиз фермерлар, миришкор деҳқонлар!

Йил давомида пахта етиштириш бўйича қилган машаққатли ва шарафли меҳнатингиз ҳисобига далаларимизда мўл ҳосил яратилди. Бугун пахтазорларга боқар эканмиз, ғўза майдонларининг яшил тусдан оқликка бурканиб, гўёки товланиб, ўз жозибаси билан ҳаммамизни далага чорлаётганига гувоҳ бўламиз.

Президентимизнинг “Пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштиришни молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори сиз, миришкор фермерларнинг ишга бўлган муносабатингизни тубдан ўзгартирди. Хусусан, пахта харид нархлари ўтган йиллардагига нисбатан қарийб икки баробар оширилиши, ушбу маҳсулотларни етиштирувчи фермер хўжаликларининг хизмат кўрсатувчи ташкилотлар, бюджет ва давлат мақсадли жамғармалари олдидаги қарзларини тўлаш муддати ҳисобланган пеня ва жарималар ҳисобдан чиқарилгани ҳолда, 3 йил муддатга узайтирилиши иқтисодий манфаатдорликни янада юксалтиради.

Давлатимиз раҳбарининг биз, фермерларга беқиёс ғамхўрлиги, камтарона меҳнатимизга юксак эътибори қалбимизга олам-олам қувонч бағишлаши билан бирга, зиммамизга улкан масъулият ҳам юклашини унутмаслигимиз лозим!

Сизу бизнинг вазифамиз эса ана шу тиғиз мавсумда бутун меҳримизни даламизга бериб, ҳар бир чаноқдаги пахтани нест-нобуд қилмасдан териб олишдир. Бунинг учун қуйидагиларга жиддий эътибор қаратиш зарур:

биринчидан, яратилган ҳосилни увол қилмасдан, ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан териб олиш олиш учун уюшқоқлик билан барча ишчиларингизни пахта теримига тўлиқ сафарбар қилинг;

иккинчидан, теримчилар ва ҳашарчиларга далада пахта териши учун барча шарт-шароитни яратиб беринг;

учинчидан, теримчиларнинг пахтани тоза ҳамда бир чаноқ қилмасдан теришига эътибор қаратиб, бунинг натижасида ҳосилдорликни 5 — 7 центнерга оширишга эришинг; 

тўртинчидан, 18 ёшга тўлмаган ёшларни теримга жалб қилманг, мажбурий меҳнатга йўл қўйманг;

бешинчидан, теримчиларнинг терим пули ўз вақтида берилишини ташкил этинг.

Ҳиммати баланд миришкор фермерлар!

Зиммамизга олган мажбуриятни бажаришимиз шарт эканини доимо ёдда сақланг. Хирмонга тўкиладиган ҳар мисқол пахта ушбу эзгу мақсад йўлида ташланган муҳим қадамдир.

Бу йил шартномадан ортиқча топширган ҳар бир килограмм пахта учун қўшимча 15 фоиз устама ҳақ олишингизни унутманг!

2019 йилдан бошлаб Ўзбекистоннинг пахтаси, ўзбек диёрида тўлиқ қайта ишланиши давлатимиз иқтисодиётида, халқимиз фаровонлигида қанчалик ўрин тутишини юракдан ҳис этайлик. Зеро, шу муқаддасзаминда туғилиб, ўзини шу юрт фуқароси деб билгувчи ҳар бир инсон давлати, халқи, уни не-не умидлар билан тарбиялаб, вояга етказган жамият олдидаги фарзандлик бурчини адо этиши керак.

Ҳурматли юртдошлар!

18 ёшга тўлганмисиз? Вақтинча ишсизмисиз? Ёки асосий иш вақтингиздан ташқари бўш вақтингиз борми? Унда қўшимча даромад олиш учун айни фурсатни қўлдан бой берманг. Бугун минглаб кўнгилли фуқароларимиз каби сиз ҳам пахта йиғим-теримида қатнашиш учун ўзингиз истиқомат қилаётган ҳудуддаги Бандликка кўмаклашиш марказлари ҳамда туман фермер, деҳқон хўжаликлари кенгашига мурожаат қилиб, ташкил этилган отрядларга қўшилинг!

Бу йилги пахта йиғим-терими мавсумида қатнашиш истагидаги юртдошларимизнинг сони соат сайин кўпаймоқда. Сиз ҳам улар сафида бўлинг.

Қадрли юртдошлар!

Президентимиз ташаббусига кўра, бу йил теримчилар билан пахта майдонининг ўзида кунлик ёки ҳар беш кунлик ҳисоб-китоб қилиниши дала меҳнаткашлари учун яратиб берилган қулайликлардан биридир.

Пахта хом ашёсининг кўлда терилган бир килограмми учун биринчи босқич — контрактация шартномаси мажбурияти 60 фоизгача бажарилгунга қадар 650 сўм, иккинчи босқич — 60 фоиздан 80 фоизгача 850 сўм, учинчи босқич — 80 фоиздан ортганда 1000 сўмдан ҳақ тўланади. Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг яқинда қабул қилинган тегишли қарорида аниқ вазифалар белгилаб берилган.

Теримга жалб қилинадиган сиздек ҳашарчилар учун шийпонлар ва ётоқхоналар ҳозирланиб, уларда зарур шарт-шароитлар яратилди. Чунки бу йил бир кунлик ҳашарчиларни далама-дала олиб бориб келишга йўл қўйилмайди. Улар белгиланган ётоқхоналарда ётиб, теримда иштирок этадилар.

Жорий йилги пахта йиғим-терим мавсумида янги тизим яратилди. Уюшмаган, вақтинча банд бўлмаган ва ўз хоҳиши билан пахта теришга чоғланган, меҳнатга лаёқатли маҳалладош ва қишлоқдошларимизнинг 80 — 100 нафарини бирлаштириб, отряд шаклида теримни ташкил этган фаол фуқаролар меҳнати муносиб рағбатлантирилади. 

Жорий йилги отрядларни шакллантириш тизими ҳам мавсумни муваффақиятли тугаллаш имкониятини беради, деган умиддамиз.

Мавсум давомида туман Бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан 80 тонна пахта терган отряд раҳбарларига 1 миллион сўмдан, 80 тоннадан ошган ҳар бир тоннасига 50 минг сўмдан меҳнат ҳақи тўланиб,туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ўртасидаги шартнома асосида вақтинча бандлиги таъминланади.

Отряд раҳбарларини танлашда фидойи, тажрибали, қишлоқ хўжалиги соҳасини яхши тушунадиган, виждонли ҳамда ортидан одамларни эргаштира оладиган фаол фуқаролар таркибини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Азиз нуронийлар, фахрийлар, маҳалла фаоллари!

Халқимизда кексаларни ҳурмат қилиш, ўгитларига амал қилиш, улар бошлаган ишни давом эттириш қон-қонимизга сингиб, миллий қадриятга айланган. Шундай экан, бугун сизларнинг ҳар бир ҳаракатингиз, қимматли маслаҳатингиз, дуоларингиз, ташаббускорлигингиз бизга куч-қувват бағишлайди. Чунки ўзбек халқи азалдан меҳр-оқибатлилиги, меҳнаткашлиги, бунёдкорлиги, ориятли ва фидойилиги билан танилган.

Етиштирилган пахтани қисқа муддатларда йиғиштириб олишдек масъулиятли мавсумда билагида кучи, белида қуввати бор, вақтинча ишсиз ҳар бир фуқаро фаол қатнашишини тарғиб қиламиз.

Азиз маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва фаоллари!

Юртбошимиз қишлоқ ва маҳаллаларни обод қилишга, уларнинг обрў-эътибори ҳамда нуфузини оширишга алоҳида аҳамият қаратмоқда. Мамлакатимизда 2018 йилнинг ўзида 200 дан зиёд қишлоқлар “Обод қишлоқ” дастурига киритилган, уларнинг обод ва кўркам қиёфа касб этиши учун қанча маблағ зарур бўлса, давлатимиз томонидан шунчаажратилмоқда.

Юртбошимизнинг ғамхўрлигига жавобан, сизлар меҳнатга лаёқатли маҳалла аҳлининг теримда уюшқоқлигини таъминлашда алоҳида жонбозлик кўрсатишингизга ишонамиз.

Қишлоқда фермерлар мулкчиликнинг янги шакли сифатида мустаҳкам ўрин эгаллаётир. Бугун улар билан ҳамнафас, ҳамқадам деҳқончиликка бош-қош бўлишингизнинг аҳамияти жуда каттадир.

Ушбу мурожаатноманинг моҳияти ва аҳамиятини тушунтиришда сизнинг бой ҳаётий тажриба ва ташкилотчилик қобилиятингиз борлигини яхши биламиз. Шунинг учун ҳам сизлар ана шу салоҳиятингизни ишга солиб, ўзгарувчан об-ҳаво шароитида теримчиларни, айниқса, ихтиёрий теримчиларни йиғим-теримга жалб этишда барчамизга ҳамкор, ҳамфикр ва елкадош бўласиз, деган умиддамиз.

Қадрли юртдошлар!

Пахта йиғим-терими мавсумида шундай ишчан ва кўтаринки кайфият уйғота олайликки, токи ҳар бир юртдошимиз астойдил, чин дилдан жонбозлик кўрсатсин. Пахтакор фермерлар зиммасидаги юкни кўтаришга камарбаста бўлиш, уларнинг машаққатли меҳнати эвазига яратилган муҳим саноат хом ашёсини сифатли йиғиштириб олиш орқали деҳқоннинг зафаридан фахрланиш, ғурурланиш ҳисси юрагингизда жўш урсин!

Барчангизни мавсумда фаол иштирок этиб, иқтисодиётимизни юксалтириш, она юртимизнинг янада кўркам ва ободлиги учун муносиб ҳисса қўшиш, пахта йиғим-теримида жасорат кўрсатишга даъват этамиз!

ЎЗБЕКИСТОНФЕРМЕР, ДЕҲҚОН ХЎЖАЛИКЛАРИ ВА ТОМОРҚА ЕР ЭГАЛАРИ КЕНГАШИ.