Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 августдаги “2018 йил пахта ҳосили хом ашёсини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, Қашқадарё вилоятида ҳам йиғим-терим мавсуми бошлаб юборилди. Бу ҳақда KUN.UZ’га вилоят ҳокимлигини Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Шу муносабат билан 19 сентябрь куни вилоятнинг Қарши туманида ва Миришкор тумани “Жейнов пахта тозалаш” АЖда дастлабки ҳосил ортилган карвонларни қабул қилишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокимлиги ва қишлоқ хўжалигига алоқадор идора-корхоналар масъуллари, фермер хўжаликлари бошлиқлари,  нуроний оқсоқоллар ҳамда механизаторлар, ҳашарчилар  қатнашди. Тадбир қатнашчиларига дастурхон ёзилиб, ош тортилди.

Мазкур  тадбирларда қатнашган вилоят ҳокими Зафар Рўзиев сўзга чиқиб, жорий 2018 йил ҳосили пахта хом ашёсини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарорига асосан,  пахта хом ашёсининг қўлда терилган 1 килограмми учун биринчи босқичда-контрактация шартномаси 60 фоизгача бажарилгунга қадар 650 сўм, иккинчи босқичда – 60 фоиздан 80 фоизгача 850 сўм, учинчи босқичда – 80 фоиздан ортганда 1000 сўм меҳнат ҳақи тўлаш белгиланганлигини, қолаверса, шу мавсумдан бошлаб пахта йиғим-терими бўйича қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинган шахсларга яратилган имтиёзлар ҳақида маълумот берди. 

Яна бир жиҳатга ҳам эътибор қаратиш жоизки, жорий йилда вилоятнинг Косон, Муборак, Нишон ва Касби туманларида (пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш ташкилотлари фаолият юритаётган ҳудудлардан ташқари) қўлда терилган бир килограмм пахта учун қўшимча 150 сўм, озиқ-овқат маҳсулотлари учун 150 сўм, жами 300 сўм устама ҳақ тўланиши назарда тутилган.

Бу дегани, бошқа туманларда биринчи теримдаги қўлда терилган 1 килограмм пахта учун 650 сўмдан пул берилса, вилоятда етиштириладиган пахтанинг катта қисмини етказиб берадиган Косон, Муборак, Нишон ва Касби туманларида бу миқдор мавсум бошида 950 сўмни, кейинроқ 1150 сўмни, охирги теримларда эса 1300 сўмни ташкил этади.

Шу куни Миришкор тумани “Жейнов пахта тозалаш” АЖда дастлабки ўлчовда 300 тоннадан ортиқ ҳосил ортилган “оқ олтин” карвонлари тарозидан ўтди. Эътиборли жиҳати, туманда барча пахта қабул қилиш масканлари электрон тарози ва замонавий техника воситалари билан жиҳозланган. Еттита тиркама тележкада ортилган ҳосил 21 тонна тош босди. Маълум бўлишича, дастлабки теримдаёқ гектарлар ҳосилдорлиги 40 центнерданни ташкил этиб, ҳар иккала фермер хўжалиги ҳам режа-топшириқни ошириб бажаришга муваффақ бўлишди.

Ҳар иккала туманда меҳнат фахрийлари ва нуронийлар бошчилигида тадбир қатнашчилари мавсум беталафот ўтиши ва ҳосил мўл бўлишини тилаб, дуога қўл очишди.

.kun.uz