Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати-Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан ҳамкорлигида жорий йилнинг 6 август куни бир гуруҳ илғор фермер хўжаликлари раҳбарлари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси раҳбари А.Хаитов ҳам иштирок этди. Мазкур учрашув иштирокчилари ЎзЛиДеП томонидан қонунчилик соҳасида мамлакатимиздаги фермер, деҳқон хўжаликлари учун яратилган имкониятлар, имтиёзлар ҳақидаги маълумотларга эга бўлишди. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан шуғулланаётган юридик ва жисмоний шахслар учун ЎзЛиДеП ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан ҳозирги вақтда жойларда ташкил қилинган молиявий, консалтинг хизматлари тўғрисида иштирокчилар хабардор қилинди. 


Қонунчиликдаги янгиликлар, хусусан, «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилгани, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 июлдаги “Фермер хўжаликларида ҳисоб тизимини тубдан яхшилаш ва уларга банк хизматлари кўрсатишни такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган имтиёзлар фермер хўжаликлари раҳбарлари, умуман деҳқонлар томонидан катта мамнуният билан кутиб олингани алоҳида таъкидланди. 
Тадбир давомида фермер хўжаликларига бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича катта имконият берилгани, яъни ҳар 20 та фермер хўжалигига 1 нафар олий маълумотли бухгалтернинг бириктирилиши, улар фермер хўжаликларининг бухгалтерияга оид барча ҳисоб-китобини юритиши ҳамда, бухгалтерлар давлат бюджети томонидан молиялаштирилиши бу тизимдаги ҳисоб-китоб ишларининг кескин яхшиланишига сабаб бўлишига алоҳида урғу беришди.
Шунингдек, йиғилишда иштирок этган фермер хўжалиги раҳбарлари Тадбиркорлар ва ишбилармонлари ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларнинг ўрнатилиши ҳар икки ташкилот, қолаверса бутун аграр тармоқ ривожи учун хизмат қилишини таъкидлашди. 


Шундай мазмундаги учрашувларни ҳудудларда ҳам кенг кўламда ўтказиш барча томонлар манфаатларига мос келишини эътироф этишди.