Бугун 7 август куни Миллий матбуот марказида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолияти” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. 

Анжуманнинг кириш қисмини Кенгашнинг инновация, инвестиция ва экспортни қуллаб қувватлаш масалалари бўйича раис ўринбосари Фахриддин Неъматуллаевич Кушанов очиб берди: Халқимиз деҳқончилик борасида ердан унумли фойдаланишга, бир қаричини ҳам увол қилмасликка ҳаракат қилиши билан дунёдаги энг меҳнатсевар халқ, деб тан олинади. Лекин, томорқадаги деҳқончилик ҳам маълум маънода таваккалчиликка асосланади. Демак, ўзининг томорқасида халқимиз дастурхонига ноз-неъмат, маҳсулот етиштириб бераётган деҳқонлар ҳам давлат томонидан қўллаб-қувватланса, уларнинг ўз меҳнатига бўлган иштиёқи ошади, натижада халқимиз дастурхони янада обод бўлади. 
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида давлат томонидан ишлаб чиқарувчиларга ҳар томонлама имтиёз ва кўмаклар бериб келинмоқда. Хусусан, фермер хўжаликларини молиялаштириш ва кредитлаш бўйича бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 апрелдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3680-сонли қарорига асосан Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузурида “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси” ни ташкил этиш соҳа миришкорларига берилган яна бир қулайликдан далолатдир. 
Сўзни Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ижрочи директори

 Тулқин Абдулҳалилович Саттаров давом эттирди: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 
7 июндаги “Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори айнан шу мақсад, яъни деҳқонларнинг меҳнатини рағбатлантириш, уларга иқтисодий кўмак беришга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир. 
Мазкур қарордан келиб чиқиб Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузурида ташкил этилган Жамғарма юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди ва ўзининг тўлақонли фаолиятини бошлади. 
Хозирги кунда Жамғарманинг марказий аппарати ходимлари ва вилоятдаги вакиллигини шакллантириш ишлари олиб борилмоқда, шу билан бирга республикамизнинг қишлоқ хўжалиги туманларида 161 та “Томорқа хизмати” МЧЖлар ташкил этилди. 
Жамғарманинг асосий фаолияти Томорқа ер эгаларига агротехника ва ветеринария билан боғлиқ комплекс хизмат кўрсатиш тизимни йўлга қўйиш, хонадонларда томорқа маданиятини шакллантириш орқали томорқани ривожлантириш ҳамда олинаётган даромадни 2 баробарга ошириш каби мақсадларга йўналтирилган. 
Ҳозирги кунга қадар Жамғарма ҳисобига 200 миллиард сўм маблағ жалб этилди. Мамлакатимиздаги бир қатор тижорат банклари билан ҳамкорлик йўлга қўйилди ва бу бунинг натижасида деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари ўз хўжаликларини ривожлантириш ҳамда томорқадан самарали фойдаланиш мақсадида кам фоизли кредитлар олиш имконига эга бўлдилар. 

Бугунги кунгача Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг тавсиясига кўра айланма маблағларга муҳтож ва самарали фаолият кўрсатаётган 40 та, жумладан Бухоро ва Самарқанд вилоятида 5 тадан, Навоий, Наманган, Фарғона вилоятида 4 тадан, Андижон, Қашқадарё, Тошкент ва Сурхондарё вилоятларида 3 тадан, Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикада 2 тадан “Томорқа хизмати” МЧЖлари устав фондида Жамғарма маблағлари ҳисобидан камида 25 фоиз улуш билан иштирок этиш бўйича барча зарур ҳужжатлар расмийлаштирилди.Сурхондарё, Тошкент ва Хоразм вилоятларидаги 3 та Томорқа хизмати корхоналарига Жамғарма маблағлари ҳисобидан 1,8 млрд.сўм миқдоридаги кредит ажратилди. Бу саъйи ҳаракатларнинг барчаси халқимизнинг дастурхонини тўкин, ҳаётини фаровон қилишга қаратилгани билан янада долзарб аҳамият касб этади.

 

 

 

 

.facebook.com