Касби тумани фермерларига ўтказилган зуғум юзасидан ахборот берилди

 
Ижтимоий тармоқларда Касби тумани фермерлари семинарга деб дала майдонига йиғилгани, кейин уларнинг орасидаги 10 дан ортиқ киши ИИБ автобусига солиб олиб кетилгани ҳақидаги хабарлар тарқатилди.
 
Бу ҳолатда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши фермерга (мулкдорга) ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилишда ёрдам кўрсатиши, юқори ташкилотларга мурожаат қилиш, жамоатчилик назорати ўрнатиш ва масалага ойдинлик киритиш ваколатига эга. Амалдаги қонун ҳужжатларини бузган мансабдор шахсларга нисбатан чора кўриш учун уларнинг юқори ташкилотларига мурожаат этишга Кенгаш ҳақли.
 
Кенгаш фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, шу жумладан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, тайёрлов, таъминот ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари билан муносабатларда, назорат қилувчи органлар томонидан текширишлар ўтказиш жараёнида ҳамда судларда ишларни кўриб чиқишда уларни мунтазам равишда ҳимоясини таъминлаб келинмоқда.
 
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши жорий йилнинг ярим йиллигида қарздор ташкилотларга 4316 та талабнома ва иқтисодий судга 2614 даъво аризаси киритди. Уларнинг асосий қисми ижобий ҳал этилиб, мулкдорга бир миллиард эллик беш миллион сўмдан ортиқ маблағ ундириб берилди.
 
Масалага қайтиб айтиш мумкинки, кенгашнинг вилоятларда ҳам ҳуқуқшунослари фаолият юритмоқда. Улар фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланаётганини эслатишга ҳожат ҳам йўқ. Кенгаш ҳуқуқшунослари тинимсиз фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳақ- ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келмоқдалар.
 
Бироқ жойлардаги айрим ҳокимият амалдорлари фермерларни ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини эскича қараш билан тадбиркор йўлига тўсиқ бўлиб қўпол равишда уларнинг ҳуқуқларини бузаётган ҳолатлар мавжуд. Мазкур масалаларда кенгаш муросасиз позицияда бўлиб ўтган ярим йилликда 30 дан ортиқ ҳоким қарорлари суд орқали бекор қилинди. Мансабдор шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига нисбатан судлар тегишли тартибда чоралар кўрди.
 
Юқоридаги вазифаларимиз ва ваколатимиз доирасида биз ҳам қуйи ташкилотларга муаммони ўрганиш борасида топшириқ бердик. Жамоатчилик асосида ўрганилгандан кейин бу масала юзасидан батафсил ахборот берилади.
 
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

 

ЎзА

http://uza.uz/oz/society/kasbi-tumani-fermerlariga-tkazilgan-zu-um-yuzasidan-akhborot-25-07-2019