Давлат дастурининг ижроси таъминланмоқда

Халқимизда тадбиркорлик инсоннинг муҳим фазилати сифатида ҳар доим қадрланиб келган. Шу сабабли мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришга давлат томонидан ҳам алоҳида эътибор бериб келинмоқда. “Ҳар бир оила - тадбиркор” давлат дастурининг қабул қилиниши фикримизнинг исботидир. Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳам мазкур давлат дастурининг амалга оширилишида ўз ҳиссасиин қўшиб келмоқда.

Кенгаш томонидан Сурхондарё вилоятида ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экинларни экишда ушбу давлат дастури талабларидан келиб чиқиб, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган оилалар рўйхати шакллантирилди. Бу оилаларга вилоятдаги ғаллачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари ер майдонидан 17 870 гектар ер майдони ажратиб берилди. Ажратилган ушбу ер майдонларида жами 17 037 та хонадон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиради. Вилоятдаги 2679 та кам таъминланган оила эса 2184 гектар майдонда деҳқончилик билан шуғулланиб, ўзларининг молиявий имкониятини яхшилаш имкониятига эга бўлди.

Бундан ташқари, 14 931 та оиланинг 65 млн. 598 минг сўмлик имтиёзли кредит маблағларига эҳтиёжи борлиги аниқланиб, туман кенгашлари ҳузуридаги “Томорқа хизмати” МЧЖ  ва тегишли банклар томонидан кредитлар ажратиб берилишида амалий ёрдамлар кўрсатилди.