Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қишлоқ хўжалигида қўшилган қиймат солиғининг татбиқ этилиши муносабати билан пахта хом ашёсининг 2019 йил ҳосили учун янги харид нархларини тасдиқлаши кутилмоқда, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири. 

Ўзбекистон Президентининг «Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» фармони лойиҳасига кўра, пахта хом ашёсини ишлаб чиқарувчилар 2019 йил ҳосилидан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтиши назарда тутилган. 

Бунда, уларга 2019 йилдаги пахта хом ашёсини етиштириш учун ишлатилган ва 2018 йилнинг 1 октябридан кейин ҳақиқатда олинган товарлар (иш, хизматлар) учун тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқи берилади.  

Айни пайтда фармон жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган. Агар у ўзгаришларсиз қабул қилинса, ҳукумат пахта хариди учун янги нархни белгилаши лозим бўлади. 

2018 йил якунлари бўйича пахта толасининг умумий экспорт ҳажмидаги улуши (1,6%) ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли даражада камайганди. Хом-ашё асосан маҳаллий ишлаб чиқариш учун юборилган ва пахта экин майдонлари қисқартирилган. 

Шунингдек, ҳукумат пахта харид нархини кескин ошириш ҳисобига далаларда мажбурий меҳнатдан фойдаланишга қарши кураш эълон қилганди.

https://kun.uz/29483509