Қизиқ одатимиз бор. Деярли ҳар куни эрталаб, ишга отланганда, кун давомида қиладиган ишларимизни ҳисоб-китоб қиламиз. Ишхонага боргандан кейин улар сафига биз кутган ва кутмаган вазифалар юкланади. Ишлаётган ташкилотимиз эришаётган ютуқлар ёки ундаги муаммолар ҳақида ҳам ОАВ турли туман хабарлар тарқатиб турилади.
 
Ана шу хабарлар асосида бизда турли идора ва муассаса ҳақида салбий ёки ижобий тасаввур ҳосил бўлади. Яқинда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг бир маълумотига кўзим тушган эди. 2019 йилнинг биринчи чорагида кенгаш ҳуқуқшуносларининг бевосита амалий ёрдами билан 1296 фермер хўжалигининг тайёрловчи ташкилотлардан ҳақлари ундириб бериш бўйича хўжалик судларига даъво аризаси киритилган экан. Шундан 309 таси қаноатлантирилиб қолганлари эса ҳозирги кунда судларда кўрилмоқда.
 
Шунингдек, фермер хўжаликларининг 960 та бошқа масалалардаги мурожаатлари ҳал этилибди. 2018 йилда эса қарийб 2500 фермер хўжаликларининг тайёрловчи ташкилотлардан ҳақларини ундириб бериш бўйича даъво аризалари киритилган. Шундан 1704 таси қаноатлантирилган, қолганлари эса 2019 йилда кўрилиб муаммолари хал этилган.
 
Сизнинг-ча, бу яхши хабарми ёки?...
 
Албатта, ҳамкор ташкилотдан маблағини ололмай сарсон бўлган фермер учун жуда яхши хабар. Ўз маблағига эга бўлиб, ривожланишда, маҳсулот етиштиришда давом этади. Лекин, фермер билан ишлаётган ташкилотлар ана шундай сарсонгарчиликсиз бу тўловларни амалга ошириши мумкин эди-ку?
 
Шунда қанчадан-қанча инсонларнинг асаблари асралган, ортиқча югур-югурларга сарфлаган вақти фойдали ишларга сарфланган бўлар эди. Минг афсуски, бўлар эди. Аммо, бўлмади.
 
Фермерлик ҳақида сўз очилган экан, айтиш жоизки, мақбуллаштириш жараёнидаги норозилик, тортишув баҳсларни кузатиб, туман ҳокимларининг талабларидан бир оз ҳайратланган эдим. Бу ҳақида кейинроқ кенгаш ҳуқуқшуноси Соҳиб Ҳотамов билан суҳбатлашганимда бир қатор маълумотлар олган эдим.
 
– Фермер хўжаликларининг ер ижара шартномасини бекор қилиш амалиёти ўрганилганда жойларда уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлганлиги аниқланиб, туман ҳокимларининг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида судларга даъво аризалари киритиш йўли билан уларнинг поймол бўлган ҳақ-ҳуқуқлари тиклаб берилди, – дейди Чорихон Қодиров. – Жумладан, Жиззах вилояти Ғалларол туманидаги “Ҳайдар ота” фермер хўжалигининг ер ижара шартномаси туман ҳокимлиги томонидан қонунга хилоф равишда бекор қилинган. Ушбу қарорга нисбатан туман ҳокимининг қарорига қарши киритилган даъво аризаси 2018 йил 23 октябрда қаноатлантирилиб фермер хўжалигининг поймол бўлган манфаати тикланди.
 
Поп туманидаги “Асқарали Ҳуринисо” ва “Поп Баркамол Бахтиёр”фермер хўжаликларини ер ижара шартномасини бекор қилиш ҳақидаги туман ҳокимининг қарори ҳақиқий эмас деб топилди. Бўка туманидаги “Зулайхо Нодирабону” фермер хўжалигининг ер ижара шартномаси бекор қилинганда поймол бўлган қонуний манфаати суднинг қарори орқали тиклаб берилди.
 
Қоракўл туманидаги “Дўрман омад нури” ва “Учқун дўрман замини” номли фермер хўжаликларининг ер майдонларини туман ҳокимлиги томонидан ноқонуний тарзда олиниб бошқа фермер хўжалигига бериб юборилган.
 
Ушбу фермер хўжаликларининг поймол бўлган қонуний манфаатлари ҳам тикланиб ер майдонлари ўзларига олиб берилди ва бугунги кунда улар мамнуният билан ўз фаолиятини юритмоқда дейди ҳуқуқшунос
 
Ҳуқуқшуноснинг қўлида ҳар бир вилоят, ундаги туманлар бўйича тўп-тўп шикоятлар, мурожаатлар бор. Ёрдам сўраган, кўмак берилган хўжаликлар рўйхатини узоқ давом эттириш мумкин.
 
Кенгашларнинг вилоятларда ҳам ҳуқуқшунослари борлиги, улар ҳам фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланаётганини эслатишга ҳожат ҳам йўқ. Улар ҳам тинимсиз фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳақ ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келмоқдалар
 
Ҳайрон бўлганим, ўз манфаати йўлида фермер ёки томорқачини сарсон-саргардон қиладиган ташкилот раҳбарлари, ҳокимлар фаолиятига кўп ҳам эътибор беравермаймиз. Аслида меҳнат қилиб, ердан унумли фойдаланаётган, бозорларимизни озиқ-овқатга тўлдираётган фермер, деҳқонга халақит бераётган бу инсонларни ҳар куни танқид қилиш керак, назаримда. Шунда деҳқончилик ишлари бир қадам олдинга, уч қадам орқага кетмаган бўларми-ди?
 
Бундай бепарво инсонларга деҳқон, фермерларнинг ўзига бас кела олмаслиги эътиборга олингани боис балки, кенгашнинг асосий вазифалари қаторига қуйидагилар киритилган бўлса керак-да.
 
Кенгашлар томонидан фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, шу жумладан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, тайёрлов, таъминот ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари билан муносабатларда, назорат қилувчи органлар томонидан текширишлар ўтказиш жараёнида ҳамда судларда ишларни кўриб чиқишда уларни мунтазам равишда ҳимоясини таъминлаб келинмоқда.
 
Нодавлат нотижорат ташкилоти ҳисобланадиган Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг яна кўпгина вазифалари мавжуд. Фермерликни ривожлантириш, фермер хўжаликларининг моддий ва молиявий базасини мустаҳкамлаш, замонавий ресурстежовчи, илғор агротехнологияларни, муқобил энергия воситаларини, томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш шулар сирасидандир.
 
Аслида юрт ва мамлакат ривожига улкан ҳисса қўшиши мумкин бўлган кенгаш аъзоларининг кўп вақти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун сарфланмоқда, Кези келганда уларни танқид қилиш ўрнига,қойиллатиб қўйган ишлари ҳақида гапиришга қанчалик ҳақлимиз бунга халқ баҳо беради?
 
Кенгашлар томонидан фермерларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш йўлида бажарилаётган ишлар жамиятимиздаги бировларни ҳаққидан қўрқмайдиган ташкилот раҳбарлари ва айрим маҳаллий ҳокимларни тартибга солишга қаратилган саъй ҳаракат эмас-ми?
 

http://uza.uz/oz/society/kengashning-yutu-lari-birovlarning-a-idan-r-maydigan-ra-bar--02-06-2019

ЎзА