Кенгаш уставини нима учун ўзгартирди?

 
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг III конференцияси видео мулоқот тарзида бўлиб ўтди.
 
Унда бир қатор масалалар билан бир қаторда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг Уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида ҳам сўз юритилди.
 
Хўш бу масала нега кун тартибига олиб чиқилди? Бу хусусида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бўлим бошлиғи Соҳибжон Ҳотамов шундай изоҳ берди.
 
– Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожида муҳим тармоқларимиздан бири бўлган қишлоқ хўжалиги, хусусан фермерлик ҳаракати ўзининг янги ривожланиш босқичига ўтди, – дейди С.Ҳотамов.
 
a2a5ed52-2d21-486a-942f-1b8306049126.jpg
 
– Бу давр шаклланиш, тикланиш муддати бўлиб, давлатимиз бош ислоҳотчи сифатида бизни кўллаб-қувватлаб келди. Қишлоқ хўжалиги ерлари ўз эгасини топди.
 
Айни пайтда мамлакатимизнинг энг серҳосил ерларининг қарийб 700 минг гектарини деҳқон ва томорқа ер эгаллари тасарруф этмоқда. Агар уларда банд бўлган оилалар тўрт ярим миллиондан зиёдлигини ҳисобга олсак, ушбу соҳанинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётимиздаги аҳамиятини сезиш мумкин.
 
Бу эса бугунга келиб, ердан фойдаланишни ва фойдаланувчиларни яхлит бир бутун, ҳамкорликда ривожлантиришни тақозо этмоқда. Ўтган икки йилда биз қонунчилик борасида ўндан ортиқ қонун лойиҳасини ишлаб чиқдик. Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини кенгашга мажбурий аъзо бўлиши, экин ерларидан самарали фойдаланиш ёки томорқа эгаларига янги технологияларни олиб киришда кўмак бериш, экспорт масаласида кўмак бериш кабилар ҳозирда бизнинг асосий вазифаларимиздан ҳисобланади.
 
Шу боис Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2019 йил 28 февралдаги қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-бандига асосан Республика кенгашининг Уставига ўзгартириш киритиш белгиланган.
 
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг III конференцияси иштирокчиларининг кўпчилик овози билан Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг янги таркибдаги Раёсат аъзолари тасдиқланди.
 

http://uza.uz/oz/society/kengash-ustavini-nima-uchun-zgartirdi-25-05-2019

Сайёра Шоева, ЎзА