Мебель ёки уяли телефон хариди учун кредит берилмайди

 
Жорий йилнинг май ҳолатида қарийб икки ярим минг нафар томорқа эгасига етти фоизли кредитлар берилди. Агарда кейинги бир йилнинг ҳисобласак, уларга қарийб 150 миллиард сўм миқдорида сармоялар берилди.
 
Қизиғи, биз айтаётган маблағлар молия муассасаларига тегишли маълумотлар эмас. Балки, Ўтган Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг фаолиятидан бир лавҳа, халос.
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 апрелдаги қарорига асосан Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузурида Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилган эди.Мазкур жамғарма ушбу маблағларни қандай мақсадларда, қанча миқдор ва фоизларда беради? Бу саволга жамғарма юрисконсульти, юридик фанлар номзоди (PHD)Марс Мамаюсупов жавоб берди.
 
– Жамғармадан кредит ва ресурс ажратишнинг энг паст ва энг юқори миқдорлари белгиланмаган, –дейди М.Мамаюсупов.– Кредитлар хўжаликнинг бизнес режаси, ер майдони, унинг қайтарилиш кафолатлари каби факторларга кўра берилади. Бунда жамғарманинг Васийлик кенгаши прогноз параметрларини белгилаб бериши мумкин.Фоизларга келадиган бўлсак, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига 3 йил муддатга, жумладан, 1 йилгача имтиёзли давр билан 2 фоизлик банк маржасини ҳисобга олган ҳолда йиллик 7 фоиз ставкада берилади. Бунда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси (ҳозир 16 фоиз) бўйича 2 фоиз банк маржасини ҳисобга олган ҳолда йиллик 16 фоиз миқдорида тақдим этилади.
 
Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига берилаётган бу кредитлар 3 йил муддатга берилади ва унинг биринчи йили имтиёзли даврдан иборат. Албатта, маблағлар асосан фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини ривожлантириш, уларнинг инновацион фаолиятини қўллаб-қувватлаш, айланма маблағларга муҳтож “Томорқа хизмати” МЧЖларнинг устав фондини шакллантиришга йўналтирилади. Шунингдек,қишлоқ хўжалиги соҳасидаги бошқа ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, тайёрлаш, таъминлаш, савдо ташкилотлари ҳамда лизинг компанияларига моддий-техник базани мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалиги техникаси ва транспорт сотиб олиш, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг иссиқхоналарини қуриш учун материаллар ва бутловчи қисмлар харид қилишга ҳам кредитлар берилади.
 
Шу ўринда мутахассис жамғарма кредитлари қандай мақсадлар учун берилмаслигини ҳам маълум қилди. Унга кўра, қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ бўлмаган фаолият турларига, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш, савдо-воситачиликни амалга ошириш, ишлаб чиқариш мақсадлари учун ишлатилмайдиган шахсий мулкни сотиб олиш, маъмурий харажатларни тўлаш, жумладан хизмат автомобиллари таъминоти, мебель, уяли телефон сотиб олиш, шунингдек алоқа хизматларига тўлов мақсадлари учун ажратилмас экан.
 

http://uza.uz/oz/business/mebel-yeki-uyali-telefon-kharidi-uchun-kredit-berilmaydi-08-05-2019

Сайёра Шоева, ЎзА