“Мажбурий аъзолик” иборасига ҳуқуқшунос ойдинлик киритди

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги” қонун билан ер кодексининг 36-,84- моддаларига, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонуннинг 25-,32-моддаларига ва “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонуннинг 22-,25-моддаларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
 
Хусусан, Ер кодексининг 36-моддасига ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг бекор қилинишига оид бир қанча ўзгартиришлар киритилди.
Бунда қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун берилган ер участкасидан бир йил мобайнида ва қишлоқ хўжалигига тааллуқли бўлмаган эҳтиёжлар учун берилган ер участкасидан икки йил мобайнида фойдаланилмаганда, унга бўлган ҳуқуқ бекор қилинади. 
Илгари бу давр 3 йил эди. (Мазкур норма уч ойдан сўнг кучга киради.)
 
Уй-жой кодексига киритилган қўшимчаларга кўра, турар-жой мулкдори фарзандларининг эр-хотини ҳам унинг оила аъзолари қаторига киритилди.
 
– “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонуннинг 25-моддаси “Фермер хўжаликларининг Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига аъзолиги мажбурийдир” сўзлари билан тўлдирилди. Бунга сабаб Ер кодексининг меъёрларига кўра, ер давлат мулки ҳисобланиб, у халқнинг умуммиллий бойлигидир, – дейди Ўзбекистон деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши юридик бўлими бошлиғи Соҳибжон Ҳотамов. – Шундай экан, фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгасига берилган ер участкаси мақсадли эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқи билан узоқ муддатли ер ижара шартномасига мувофиқ тасарруф этиш ҳуқуқисиз берилади. Бунда улар гаровга қўйиш (қонунчиликда белгиланган ҳолатлар бундан мустасно), иккиламчи ижарага бериш, ҳадя ва совға қилиш, айирабошлашга ҳақли эмас. 
 
Аслида қишлоқ хўжалигида асосий таъминотчи – уруғ етказиб бериш, ёнилғи, электр-энергия, минерал ўғит таъминоти аксарият қисмини давлат ташкилотлари амалга оширади. 
 
Мисол учун, пахта ва ғаллани оладиган бўлсак, маҳсулотнинг 60-фоизи учун давлатимиз банклар орқали олдиндан имтиёзли кредит билан молиялаштиради. Фермер эса соҳибкор сифатида ердан фойдаланиб, оиласини боқади, ички ва ташқи бозорга маҳсулот етказиб беради.
 
Кейинги кунларда амалга оширилган мақбуллаштиришдан сўнг кенгаш аъзолари сони 77 минг бўлди. Бу мавжуд фермер хўжаликларининг сони. 
 
Мажбурий аъзолик томорқа эгаларига тегишли эмас
 
Шундай бўлса-да, биз қишлоқ фуқаролар йиғинлари вакиллари билан уйларни айланиб чиқиш орқали деҳқон хўжаликларининг ердан ҳамда томорқадан самарали фойдаланилишини мониторинг қилиш, жамоатчилик назоратини амалга ошириш, фермер, деҳқон хўжаликларига ҳамда томорқа эгаларига ердан самарали фойдаланиш зарурлиги тўғрисида кўрсатма беришга ҳақлимиз. 
 
Бу ўз навбатида оилаларнинг даромадига даромад қўшади. Бозордаги талаб ва таклифни ўрганиш орқали, маҳсулот етиштиришда қўл келади.
 
Фермерларга бир йиллик аъзолик бадали пахта-ғалла харид нархининг 0,8 фоизи миқдорида белгиланган. 
 
Мева-сабзавот, чорвачилик йўналишидаги бошқа фермер хўжаликлари эса сотган маҳсулотининг 0,5 фоизи миқдорида аъзолик бадали тўлайди. 
 
Аъзолик тугатилганда...
 
Аъзолик тугатилганда ер участкасига бўлган ҳуқуқ ҳам бекор қилинади. 
 
Деҳқон хўжаликларига енгиллик яратиш мақсадида сувли ерларда энг кам иш ҳақининг икки баробари, лалми майдонларга бир баравари миқдорида бадал белгиланган. 
 
Томорқа эгалари ихтиёрий равишда энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида тўловни амалга ошириши мумкин. Ўзаро келишув асосида уларга кенгаш қошидаги ташкилотлар турли хизматлар кўрсатади.
 

 

Сайёра Шоева, ЎзА