Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аграр секторни қишлоқ хўжалиги техникалари билан ўз вақтида таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарор матнида 2018 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига, биринчи навбатда, фермер хўжаликлари, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришни ташкил этувчилар ва кластерларга 33,7 мингдан ортиқ қишлоқ хўжалиги техникаси етказиб берилгани ва бу аввалги йилга нисбатан 1,5 баробарга кўплиги таъкидланган.

Амалга оширилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, мавжуд қишлоқ хўжалиги техникаларининг 25 фоизидан ортиғи 15 йилдан ортиқ муддат мобайнида эксплуатация қилинмоқда, шу боис қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларини сифатли ва арзон техникалар билан таъминлаш устувор вазифа бўлиб қолмоқда ва давлат томонидан янада қўллаб-қувватлашни тақозо этади.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларини сифатли қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлашни давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларини жорий этиш, шунингдек, ушбу жараёнга тижорат банкларининг молиявий маблағларини жалб этиш мақсадида Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги корхоналарнинг қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинмоқда:

·       маҳаллий ғалла ўриш ва пахта териш техникаларини етказиб беришни молиялаштириш Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасининг Марказий банк қайта молиялаш ставкасининг 50 фоизидан ошмаган фоиз ставкаси бўйича ва қайтарилиш муддати харажатлар қопланиши муддатига қараб 7 йилдан 10 йилгача бўлган қарз маблағлари ҳисобига амалга оширилади ҳамда молиялаштириш ҳажми Жамғарма даромадлари ва харажатларини шакллантиришда белгиланади;

·       қишлоқ хўжалиги соҳасидаги корхоналарнинг ғалла ўриш ва пахта териш техникасидан ташқари, республикада ишлаб чиқарилган барча турдаги тракторлар, ғалла ва пахта сеялкалари, шунингдек, уч ёки ундан ортиқ омоч корпусларини харид қилиш учун кредит ва лизинг шартномалари бўйича фоиз харажатлари тижорат банклари ва лизинг компаниялари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 10 фоизлик пункти миқдорида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади. Бунда фоиз харажатларини қоплашнинг ушбу миқдори Марказий банк қайта молиялаш ставкасининг ўзгаришига қараб Молия вазирлиги томонидан қайта кўриб чиқилиши мумкин.