Озарбайжон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги делегацияси «Ўзагротехсаноатхолдинг» акциядорлик жамиятида бўлиб, унинг таркибидаги корхоналарда ишлаб чиқарилган замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари билан танишди. Тадбирда Озарбайжон делегацияси билан «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ ўртасида қишлоқ хўжалиги техникаларини етказиб бериш юзасидан музокара ўтказилди. 

Фото: Ўзагротехсаноатхолдинг

2018 йилда «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ томонидан Озарбайжонга 70 дан ортиқ турдаги қишлоқ хўжалиги техникалари экспорт қилинган эди. Жорий йилда Озарбайжонда ўтадиган агрокўргазмаларда юртимизда ишлаб чиқарилган техникалар ҳам намойиш этилади. Бу экспорт ҳажмини янада оширишга туртки беради.

Фото: Ўзагротехсаноатхолдинг

«Учрашувда озарбайжонлик мутахассислар билан ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдик. Ишлаб чиқаришда замонавий хориж тажрибасини татбиқ этиш, чет эллик ҳамкорлар билан музокаралар ўтказиш орқали тизим корхоналарида маҳаллийлаштириш даражасини чуқурлаштириш асосий вазифамиздир. Бу каби музокаралар биз ишлаб чиқараётган қишлоқ хўжалиги техникаларининг ички ва ташқи бозорларда мустаҳкам ўрин эгаллашига замин яратади», - деди «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ бошқаруви раиси Мухтор Каримов.

Фото: Ўзагротехсаноатхолдинг

Шу куни «Ўзагротехсаноатхолдинг»да Япониянинг «Bando Kiko» машинасозлик компанияси бошқаруви раиси ўринбосари Жай Хуанг Санг билан транспорт воситалари учун ойналар ишлаб чиқарувчи қўшма корхона ташкил этиш бўйича музокара ўтказилди. Унда томонлар ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Фото: Ўзагротехсаноатхолдинг

Бугунги кунда «Ўзагротехсаноатхолдинг» акциядорлик жамияти таркибида Тошкент ва Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводи, «Агрегат заводи», «Технолог», «Урганчкормаш» АЖ, «UzCLAASAgro», «Лемкен-Чирчиқ», «ЎзКейсмаш» ва «Амкодор Агротехмаш» каби корхоналар фаолият кўрсатмоқда. 2018 йилда ушбу корхоналар томонидан 11 минг 570 дона қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарилди. 

Фото: Ўзагротехсаноатхолдинг

Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводида 7 турдаги трактор, 2 турдаги пахта териш машинаси, юк ташишга ихтисослашган тиркамалар ишлаб чиқарилмоқда. Завод ўтган йилда 900 миллиард сўмликдан зиёд қишлоқ хўжалиги техникаларини деҳқон ва фермер хўжаликларига етказиб берди. Шунингдек, корхона фаолияти Германия, Италия, Туркия, Жанубий Корея сингари давлатларда ишлаб чиқарилган замонавий технологиялар ҳисобига янада яхшиланди. Ҳозирги кунда жамият тизимидаги корхоналарда ишлаб чиқарилаётган техникаларни 30-40 фоизгача маҳаллийлаштириш бўйича жадал ишлар олиб борилмоқда.

 

https://kun.uz/news/2019/02/06/ozbekiston-qishloq-xojalik-texnikalari-ozarboyjonga-eksport-qilinadi